Коронавирус ва ёшлар ҳуқуқлари

Ҳар йили июль ойининг 15-кунида Жаҳон ёшларининг кўникмалари куни кенг нишонланади. Ушбу сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2014 йил декабрида таъсис этилган бўлиб, бунда аввало ёшлар кўникмаларини ривожлантириш учун инвестиция йўналтиришнинг қанчалик муҳимлиги тўғрисида хабардорликни ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу халқаро сана ишсизлик ва нотўлиқ бандлик шароитида ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш муаммосига эътиборни қаратади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими Нонна Сафарованинг "Правда Востока" газетасининг 2020 йил 15 июль сонида эълон қилинган "Ҳеч нарсага ўргатиб бўлмайди, ҳамма нарсани ўрганишгина мумкин" ("Ничему нельзч научить - всему можно только научиться") сарлавҳали мақоласида шу ҳақда сўз боради.

Бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб 20 фоизини ёшлар ташкил қилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади.
Ёшлар халқимиз, давлатимизнинг бебаҳо бойлиги. Улар учун барча шарт-шароит яратилган, имкониятлар эшиги кенг очилган.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ташкилий ва ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, ўтган йиллар давомида Асосий қонунимиз ва кодекслардан ташқари ёшлар сиёсатига оид 20 дан ортиқ қонун, юзга яқин фармон ва қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ратификация қилган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригида таъкидлаганидек, ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.

Буни кейинги икки йилда шу соҳага оид 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ўнлаб фармонлари, қарор ва фармойишлари қабул қилингани ҳамда шу асосда улкан ишлар амалга оширилгани ҳам яққол тасдиқлайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва «Ёшлар клуби» иш бошлади.

Йигит-қизларимизнинг бизнес лойиҳалари учун «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси томонидан бугунги кунга қадар 692 миллиард 400 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилгани, республикамиз бўйича 125 та «Ёшлар меҳнат гузари», 19 та «Ёш тадбиркорлар» коворкинг маркази фойдаланишга топширилгани айниқса эътиборлидир.

Юртимизда ташкил этилаётган янги-янги боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртлари, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари, маданият ва спорт иншоотлари, «Темурбеклар мактаби», «Президент мактаблари», «Ижод мактаблари» деб ном олган мутлақо янги намунадаги таълим масканлари бугунги глобаллашув шароитида рақобатга қодир бўлган  етук кадрларнинг янги авлодини тарбиялашга хизмат қилмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилгани жаҳолатга қарши – маърифат тамойили асосида олиб бораётган кенг кўламли ишларимизнинг узвий бир қисми бўлди. Бу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ер юзидаги икки миллиарддан зиёд ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, "Биз Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишга маҳкам бел боғлаган эканмиз, бу улуғ ишни эртага эмас, бугун бошлашимиз, бунинг учун аввало навқирон ёшларимизга зарур шароитларни айнан бугун яратиб беришимиз керак".

Марказ ходимининг мақоласида бу борадаги янги ташаббусларнинг моҳияти ва аҳамияти атрофлича талқин этилган. Бугунги нотинч ва таҳликали замонда, айниқса, коронавирус пандемияси туфайли карантин эълон қилинган мураккаб даврда ёшларнинг орзу-интилишлари, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш мақсадида юртимизда бошланган ишлар наинки давом эттирилаётгани, балки янги, янада юксак босқичга кўтарилаётгани амалий мисолларда кўрсатиб берилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech