Коррупция бутун дунёда давлат ва жамият ривожланиши, барча ҳаётий муҳим соҳаларнинг тараққиёти йўлида жиддий хавфлардан бири бўлиб қолмоқда. У фуқароларнинг давлат тузилмаларига бўлган ишончига таъсир қилиб, иқтисодий ўсишни секинлаштиради ва ижтимоий тенгсизликни кучайтиради.
Айнан шу нуқтаи назардан жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор вазифалар кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортмоқда.
Йиғилишда жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, ўз нутқида давлат раҳбари илгари бу мавзу журналистлар учун мутлақо ёпиқ бўлганини, ҳозирги вақтда мавжуд ҳолат очиқлик ва шаффофлик томонга бутунлай ўзгарганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, очиқлик сиёсати ва сўз эркинлиги ғояларини ҳаётга татбиқ этишда қатъий чоралар кўрилишининг давом этишига урғу берди.
Шунингдек, йиғилишда бу йўналишдаги ишлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига ижобий таъсир қилаётгани ҳақида ҳам сўз борди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Очиқлик бўйича халқаро рейтингдаги ўрни охирги йилларда 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи ва дунёда 30-ўринга кўтарилгани бунинг яққол ифодаси бўлади. Албатта, бу шунчаки рақам эмас, балки катта ўзгаришлар натижаси.
Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашишда очиқлик ва ошкоралик принципларини таъминлаш, бунда жамоатчилик, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири беқиёсдир.
Биринчидан, ОАВ коррупция ҳолатларини аниқлаш ва оммага ошкор қилиш имкониятига эга бўлиб, мазкур иллатнинг ривожланиши учун қулай шароитларни йўқ қилади ва тегишли давлат органлари хабардорлигини таъминлайди.
Жумладан, ўтган йили биргина Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ОАВда коррупция ҳолатларига йўл қўйилаётгани юзасидан эълон қилинган 55 та хабар ўрганилиб, қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилган.
Иккинчидан, масс-медиа жамиятда муҳим маърифий функцияни бажаради. Аҳолини коррупция табиати, унинг оқибатлари ва унга қарши курашиш усуллари ҳақида хабардор қилиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.
Мамлакатда коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаётганини инобатга оладиган бўлсак, ОАВнинг мазкур функциясини янада кучайтириш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш долзарблиги янада ортади.
Учинчидан, ОАВлар жамоатчилик мулоқотини таъминлаш учун муҳим платформа вазифасини ўтайди. Коррупцияга қарши қўлланилаётган чораларни муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун майдон яратади.
Бу, айниқса, давлат тузилмаларининг коррупцияга чалинганида муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, ўтказилган йиғилишда халқаро рейтинг ташкилотлари тавсияси асосида “йўл харита”си ишлаб чиқилиб, сусткашликка йўл қўйган ҳар бир вазирлик ва идора жазоланишининг қайд этилгани, мазкур масалада қайта алоқа механизмларини йўлга қўйиш аҳамиятини кун тартибига қўяди.
Тўртинчидан, коррупцияга қарши курашишга комплекс ёндашиш доирасида ОАВларнинг соҳавий тузилмаларда иштирокини ҳар томонлама кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш белгиланган мақсадларга эришишни кафолатлайди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳудудий коррупцияга қарши курашиш кенгаши аъзолари орасида ОАВ вакилларининг иштироки 14 фоизни ташкил этади ва мазкур вазият уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланишни талаб қилади.
Зеро, ҳудудий кенгашлар таркибига ОАВ, журналист ва блогерлар иштирокини таъминлаш ёки янада кенгайтириш соҳадаги очиқлик ва ошкораликни, аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, коррупцияни олдини олиш борасида белгиланган вазифаларни бажаришда қуйидаги омилларни инобатга олиш муҳим.
– ОАВларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги жараёнларда иштирокини ҳуқуқий мустаҳкамлашни янада такомиллаштириш;
– ОАВ вакилларининг коррупциявий ҳолатларни аниқлаш ва уларга қарши превентив чораларни кўриш борасидаги малакасини янада ошириш;
– журналист ва блогерларнинг коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссасини эътироф этишнинг янги платформаларини ишлаб чиқиш;
– коррупциянинг бутун жамият учун таҳдид ва чақириқ эканлигини инобатга олиб, давлат органларининг бу борада ОАВлар билан ҳамкорлик қилишга интилиши чораларини янада кенгайтириш соҳадаги режалаштирилган ислоҳотларни кафолатлашга хизмат қилади.
Умуман олганда, оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўрнининг ортиб бориши журналист ва блогерларнинг ушбу масаладаги масъулиятини ошириб, жамият тараққиёти ва давлат ривожланишида улар олдига янги чақириқ ва вазифаларни қўймоқда.
Мазкур йўналишда соҳа вакилларининг фаоллиги, коррупцияни олдини олишга кўмаклашиши жамиятда мазкур иллатга қарши тоқатсизлик муносабатини шакллантириш ҳамда истиқболда мазкур соҳада давлат сиёсати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Искандар Таджидинов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
бош мутахассиси.
ЎзА
- Қўшилди: 26.03.2025
- Кўришлар: 343
- Чоп этиш