10-11 август кунлари шу мавзуда видеоконференция шаклидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Япониянинг Осиё ҳуқуқий алмашинувлар маркази ва Нагоя университети Олий ҳуқуқ мактаби томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Тошкент давлат юридик университети, Германиянинг Шарқий Европа ҳуқуқи институти ва Регенсбург университети ҳамда Австралиянинг Мельбурн университети Ҳуқуқ мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуман иштирокчиларини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Нагоя университети директори А.Фудзимото ва Тошкент давлат юридик университети ректори Р.Ҳакимов қутлади.
Давра суҳбатида янги демократик давлатларда конституциявийлик принципларининг ривожланиши масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда Австралия, Япония, Германия, Россия ва Ўзбекистоннинг етакчи экспертлари сўзга чиқдилар.
Маърузачилар таъкидлаганларидек, ХХ аср 90-йиллари бошида янги демократия йўлини танлаган мамлакатларнинг тизимли ислоҳотлари замирида мустақил давлатчиликни шакллантириш билан бирга, фуқаролик жамиятини жадал ривожлантириш ва бозор иқтисодиёти принципларини жорий этиш мақсадлари ўз мужассамини топган.
Хусусан, академик А.Саидов халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Ўзбекистон Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати сифатида юртимизда бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши борасида асосий юридик пойдевор бўлиб келаётганини қайд этди.
Конституциянинг яратилиши тарихини атрофлича ўрганиш, бу муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини чуқур талқин ва таҳлил этиш мустақил Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўқиб-ўрганишнинг таркибий қисми сифатида катта аҳамият касб этади. Чунки мустақил Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши, муҳокама этилиши ва қабул қилиниши ҳамда ривожлантирилиши жараёнлари мамлакатимиз мустақиллиги тарихининг бевосита узвий қисмидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистонимиз Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди». Конституция ва миллий тикланиш, маънавият ва маърифат, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, миллий ўзлик ва азалий қадриятлар, бу кўҳна замин одамлари кўнглида устувор бўлган адолат ва одиллик, иймон ва олижаноблик, бағрикенглик ва мардлик, инсонпарварлик ва тантилик каби улуғ хислатлар Конституциядан муносиб ўрин олган.
Давра суҳбати давомида конституциявий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашнинг назарий ва амалий масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Конституциявий ривожланиш соҳасидаги илмий изланишларни такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар тавсия этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.08.2020
- Кўришлар: 3875
- Чоп этиш