Ксения Скэнлон: Хотин-қизлар ҳуқуқи – барқарор ривожланиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги кафолати

Тошкентда бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқ 150-юбилей ассамблеяси 190 га яқин мамлакатдан делегатларни бирлаштирди.

Иштирокчи давлатлар парламентлари вакиллари долзарб муаммолар – демокаратик институтларни бирлаштиришдан глобал экологик муаммоларгача, таҳдидларни муҳокама қилиш мақсадида тўпланди.

Биринчи куннинг асосий воқеаларидан бири парламент аёл аъзолари форуми  бўлди. Тадбир доирасида гендер тенглик масаласи, хусусан аёлларнинг ерга ҳуқуқи, қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ва барқарор ривожланишдаги ўрни кўриб чиқилди.

– Юбилей ассамблея дунё мамлакатлари парламент аъзоларини бир жойга тўплаб, долзарб ҳаётий масалаларни муҳокама қилиш имкониятидир, – дейди БМТ Чўлланишга қарши кураш конвенцияси коммуникация, ташқи алоқа ва шериклик бўлими раҳбари Ксения Скэнлон. – Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини демократия мавзуси билан бирга экология масаласи ҳам хавотирга солмоқда. Конвенциямиз ер деградацияси, чўлланиш, қурғоқчилик муаммолари билан шуғулланади. Форум шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратди.

Бутун дунёда хотин-қизлар озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳасига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Афсуски, улар ҳамма жойда ҳам ерга қонуний эгалик ҳуқуқига эга эмас, айрим ҳудудларда камситишга дуч келмоқда. Бу жараёнда ер майдонини мерос сифатида олиш ҳам муҳим.

Аёлларнинг ерга ҳуқуқи жамият фаровонлиги, фарзандлар саломатлиги, мамлакат келажаги асосидир.

Ўзбекистон парламенти ҳаётида хотин-қизлар жуда фаол. Бизни Олий Мажлис  Сенати Раиси Танзила Норбоева ва парламентнинг бошқа вакиллари жуда илиқ кутиб олишди. Мамлакатда жуда кўп аёллар раҳбарлик лавозимида ишламоқда. Бу албатта ҳаммамизни илҳомлантиради. Умид қиламизки, Ўзбекистон тажрибаси минтақадаги бошқа мамлакатлар, шунингдек бутун дунё бўйлаб тарғиб қилинади. Биз яқин ҳамкорликка тайёрмиз.

Азиза Алимова тайёрлади. ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech