Навоий давлат педагогика институтида вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари ва талабалар иштирокида “Инсон ҳуқуқлари - олий қадрият” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида 2023 йил 7 февралда “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган эди. Қарор билан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Қарорда жорий йилнинг февраль ойида мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги давлат таълим муассасаларида “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” доирасида ўтказиладиган тадбирларда “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусига алоҳида эътибор қаратилган ҳолда ёшлар иштирокида “Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият” мавзусида турли даражадаги маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилиши белгиланди.
Тадбирда вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари Ибодат Шоймардонова ва Нодиржон Расуловлар сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ҳамда ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.
Бундан ташқари, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
– Президент қарори билан “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури” тасдиқланиб, унинг асосий мақсад ва вазифалари белгилаб берилди, – дейди Навоий давлат педагогика институти Ёшлар масалалари ва маънавий маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Хуршид Қурбонов. – Жумладан, дастурнинг асосий мақсади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборатдир. Шу билан бирга ёшларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ҳамда давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик соҳасидаги билимини ошириш мақсад қилинган. Қолаверса, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим-тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш асосий вазифалар сирасига киритилган.
Давра суҳбатида судьялар талабаларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Абдували Бўриев, ЎзА
- Қўшилди: 28.02.2023
- Кўришлар: 3743
- Чоп этиш