30 март куни Бухоро шаҳрида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси машғулотлари давом этди.
Ўқув курсининг биринчи кунида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчилик ривожи”, “Қийноққа қарши конвенцияга Факультатив протокол. Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт”, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзуларида маърузалар тингланди.
Машғулотларнинг иккинчи куни “Вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари”, “Камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланиши” мавзуларидаги маърузалар тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.
Ўқув курси дастурида кўзда тутилган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича маълумотлар тингловчилар учун ҳар томонлама тушунарли бўлишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ҳамда Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари алоҳида ўрнак кўрсатдилар.
Машғулотлар асносида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилиши зарурлиги таъкидланганига эътибор қаратилди. Бу, ўз навбатида, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари, маъруза ва нутқлари, шунингдек, Миллий стратегия ҳамда Давлат дастурларида бу борада белгилаб берилган устувор вазифалар нафақат миллий, балки халқаро аҳамиятга ҳам эга. Нега деганда, айни вазифалар ижросидан кўзланган мақсад – БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянган ҳолда, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий привентив механизмларни такомиллаштиришдан иборат.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорида, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича муҳим янгиланишлар назарда тутилган бўлиб, уларнинг амалиётга ўз вақтида ва тўлиқ жорий қилиниши улкан аҳамиятга эга. Бу, бир томондан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига амал қилиниши ҳолатини тубдан яхшилашга ҳисса қўшса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг халқаро имижи янада юксалишига хизмат қилади.
Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида эгалланган назарий билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тест синовлари ўтказилди. Шундан сўнг тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Маълумот учун: Қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув курси Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2023 йил давомида ўтказилади. Машғулотларнинг жами сони 14 тани ташкил этади ва ўқув курсларидан 700 нафар тингловчи таҳсил олиши таъминланади.
Йил бошидан буён бундай қисқа ўқув курси Фарғона ва Бухоро вилоятларида ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.03.2023
- Кўришлар: 3810
- Чоп этиш