Ислоҳотлар Янги Ўзбекистон ҳаётига янги куч олиб келади

ПЕКИН, 17 июнь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида конституциявий референдум якунлари ва Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда ХХР Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хитой халқаро муносабатлар академияси, Евроосиё ижтимоий тараққиёт тадқиқот институти, Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти, Хитой Замонавий халқаро муносабатлар академияси каби ушбу мамлакатнинг  етакчи таҳлил марказлари экспертлари Пекинда истиқомат қилаётган ватандошлар, шунингдек, Хитой ОАВ вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва ХХР Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хитой халқаро муносабатлар академияси вице-президенти Жун Ин брифингда асосий маърузачи сифатида қатнашдилар.

Акмал Саидовнинг айтишича, жорий йилнинг 30 апрель санаси  Янги Ўзбекистон ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Биринчи марта умумхалқ референдуми асосида чинакам халқчил  бўлган янгиланган Конституция қабул қилинди. Референдумда иштирок этган фуқароларимизнинг мутлақ кўпчилиги янги Асосий қонун учун ўз овозини берди.

Конституциявий референдум халқимизнинг кейинги йилларда сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши юксалганини тасдиқлади. Ушбу тарихий танлов билан Ўзбекистон халқи ўзининг юксак ишончи ва ислоҳотлар жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди. Халқ томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Конституцияси Янги Ўзбекистоннинг янада барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Шунингдек, Акмал Саидов йиғилганларга жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан  илгари Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақида батафсил маълумот берди.

ХХР Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хитой Халқаро ишлар академияси вице-президенти Жун Ин яқинда Ўзбекистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтганини, яқин орада Президент сайлови бўлиб ўтишини таъкидлади. Бу бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги тарихий даврига қадам қўйганини тасдиқлайди.

Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида чуқур дастурий ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ижобий ўзгаришлар жараёнлари мамлакатга янги ҳаёт ва энергия олиб келади.

«Дунё» АА мухбири билан суҳбатда айрим брифинг иштирокчилари ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

Жун Ин, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги  Хитой халқаро ишлар академиясининг вице-президенти:

– Элчихонада Акмал Саидов иштирокида ташкил этилган брифинг Ўзбекистонда сиёсат, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини тушуниш имконини берди. Ўзбекистон ва унинг ички сиёсати ҳақида сўнгги маълумотларга эга бўлдик.

Янги Ўзбекистонни бунёд  этиш нафақат муҳим, балки Марказий Осиёдаги вазиятга ҳам катта таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайман.

Шу муносабат билан Хитой қўшни давлат сифатида Ўзбекистондаги ислоҳотларни янада қўллаб-қувватлашга тайёр.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой яхши қўшни ҳамда ҳамкорлардир. Ўзаро муносабатлар ўрнатилган дастлабки кунларданоқ мамлакатларимиз ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва ўзаро ҳурмат асосида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ишончим комилки, Ўзбекистон-Хитой муносабатлари бундан кейин ҳам мустаҳкамланади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Хитойга давлат ташрифи чоғида мамлакатларимиз раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб берди. Икки томонлама келишувларнинг олий даражада амалга оширилиши Ўзбекистон ва Хитойнинг, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасининг янада ривожланиши ҳамда  гуллаб-яшнашига хизмат қилади.

Жамшид СулаймоновЎзбекистон Савдо-саноат палатасининг Хитойдаги вакили:

– Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида мамлакатимизнинг янгиланган Конституцияси ва бўлажак муддатидан  илгари Президент сайловига бағишланган брифингда иштирок этдим.

Акмал Саидов ва Жунг Ин  тадбир  иштирокчиларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида муҳим маълумотларни тақдим этди. Дарҳақиқат, 2023 йил халқимиз ҳаётида муҳим йил бўлди. Хусусан, 30 апрель куни Конституциямизни янгилаш бўйича референдум бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг асосий тамойиллари ҳам ўз ифодасини топган.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги яна бир муҳим воқеа 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан  илгари Ўзбекистон Президенти сайлови бўлади.

Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида бўлиб ўтган брифинг ватандошларимизга, шунингдек, хитойлик экспертлар ҳамжамиятига мамлакатимизда рўй бераётган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларнинг мазмун-моҳияти ва  аҳамияти билан яқиндан танишиш ҳамда тушуниш имконини берди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech