Миллий марказ ўқув машғулотида
ана шу адолатли сиёсатнинг туб моҳияти очиб берилмоқда
Янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси иккинчи банди талабига мувофиқ, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас. Жорий йил биринчи ярмида мамлакатимизнинг аксарият ҳудудларида ташкил этилган “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув жараёни шу мавзуга бағишланди.
Машғулотлар Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мунтазам ўтказилмоқда. Шу мақсадда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари жадвали, дастури ва модули ишлаб чиқилди.
Ташкилотчилар томонидан тасдиқланган 2023 йил давомида ўқув курсларини ўтказиш режасига асосан, жорий йил 25-26 июлда Жиззах, 27-28 июль кунлари Сирдарё вилоятлари Ички ишлар бошқармаларида офлайн ва онлайн тарзда дарслар ташкил этилди.
Машғулотда ҳар бир ҳудуддан 50 нафардан ички ишлар, 10 нафардан прокуратура тизими ходими иштирок этди. Шу тариқа тингловчилар таркибига икки вилоятда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 120 нафар ходими қамраб олинди.
Ҳар икки ҳудудда машғулот бошида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов ва Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақовнинг видеомурожаати тингланди.
Илк машғулотда Марказ бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори Ўткир Очиловнинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандарт, асосий тамойиллар”, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Дастлабки тергов ва суриштирув” кафедраси катта ўқитувчиси Баҳодир Худойбердиевнинг “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилиши олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори Абдуманноп Тўлагановнинг “Қийноқ, муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти кафедра мудири, юридик фанлар номзоди, доцент Меҳмонали Сувонқуловнинг “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масаласи”, ИИВ Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Қувонч Қодировнинг “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзуларидаги тақдимот-маърузалари тингланди.
Шунингдек, Марказ бош мутахассиси Дилбар Рашидова “Қийноққа қарши конвенцияга Факультатив протокол. Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизм: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида тақдимот, интер фаол амалий машғулот ўтказди.
Ўқув курсининг иккинчи куни “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Хотин-қизларга оид халқаро ва миллий стандарт” мавзулари таҳлил этилди.
Иштирокчиларга тегишли дастур ва модул асосида тайёрланган тақдимот, маърузалар матни ва бошқа кўплаб тарқатма материаллар берилди. Якунда тест синовлари ўтказилиб, тинловчиларга сертификат топширилди.
Машғулотлар давомида инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёғости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдан иборатлигига жиддий эътибор қаратилди. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва тузилманинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян шахслар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.
Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқ – инсониятга қарши жиноят. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқ қатъиян тақиқланади, айни ҳолатни оқлашга ҳеч қачон, ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.
Бу ҳақда сўз борганда, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1997 йил 26 июнь Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни сифатида эълон қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур санада дунё миқёсида қийноққа бутунлай барҳам бериш ҳамда БМТнинг тегишли конвенцияси янада самарадор ишлашини таъминлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқи ва эркинлиги кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш зарур. Мазкур ҳужжат туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.
Аслида, мазкур курсларни ташкил этиш ташаббуси ҳам, даставвал, айни шу қарорда акс этган эди. Давлат раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги қарори эса ушбу йўналишидаги саъй-ҳаракатларга янги руҳ бағишлади.
Эндиликда бундай қисқа муддатли ўқув курсларини доимий равишда ташкил этиш кўзда тутиляпти. Энг муҳим, мазкур машғулотлар БМТ устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ташкил қилинмоқда.
Фарҳод ҲАЙИТБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат
бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 04.08.2023
- Кўришлар: 3479
- Чоп этиш