15 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари келажак авлодлар учун” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Юртимиз ўқувчи-талабалари ўртасида ёзги мактаб ва танловлар ўтказиш доирасида ташкил этилган ушбу тадбир Бутунжаҳон ёшлар куни ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қутлов сўзи билан мурожаат қилди.
БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси билан 12 август – Халқаро ёшлар куни деб эълон қилинган. Бу сананинг нишонланишидан асосий мақсад ёш авлоднинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида эслатиш, шунингдек, ёшлар муаммоларини муҳокама қилишдир. Ушбу тадбир ҳар йили муайян шиор остида ўтказилади. 2023 йилги шиори: “Ёшлар учун яшил кўникмалар: барқарор дунёни барпо этиш йўлида” деб номланади.
Бу бежиз эмас. Чунки бугунги кунда жаҳон миқёсида экологик турмуш тарзига ўтиш долзарб масалага айланди. Бу жаҳонда юз бераётган глобал иқлим ўзгариши инқирозини енгиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Яшил дунёга муваффақиятли ўтиш аҳолида яшил турмуш тарзи кўникмаларининг ривожланишига боғлиқ.
Яшил кўникмалар – бу барқарор ва ресурслардан тежамкор фойдаланадиган жамиятда яшаш, уни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун зарур билим, қобилият, қадриятлар ва муносабатлардир. Бундай кўникмалар авваламбор келажак авлод учун ва унинг иштирокида барқарор дунёни барпо этиш учун муҳимдир.
Бугунги кунда ёшлар мамлакатнинг барча муҳим тармоқларига жалб қилинган, вазирлик ва идораларда муҳим лавозимларни эгаллаб турибди. Ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида давлат органи ва ташкилотлар ҳам шаклланди. Ёшларни ўқитиш ва ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Янгиланаётган Ўзбекистоннинг ёш авлодни ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларга кенг жалб этиш, уларга мамлакатимизнинг бугуни ва эртанги куни билан боғлиқ ўта муҳим вазифалар ижросини ишониб топшириш борасидаги тажрибаси дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Умумхалқ референдумида янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда ҳам бу ғоя ва тамойил конституциявий мустаҳкамланди.
Ёшларга Асосий қонунимизнинг алоҳида боби бағишланди – Конституциянинг 14-боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланди ҳамда унда ёшларга оид қатор нормалар ўрин олди. Бундай конституциявий даражадаги ёндашув Янги Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш устувор эканлигидан яққол далолатдир.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши вакиллари, Миллий марказ, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ходимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа ёшлар жамаот бирлашмалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга оид асосий жиҳатлар кўриб чиқилди. Тадбир иштирокчилари сифатли таълим, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш ва ёшлар билан боғлиқ бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олган масалаларни муҳокама қилдилар.
Муҳокамаларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан бўлган юздан ортиқ ёшлар вакиллари фаол иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, уларнинг жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва ҳимоя қилинишини рағбатлантиришдаги ўрни ҳамда самарадорлиги муҳокамалардан жой олди.
Тадбирда яшил кўникмалар ва ёшлар ҳуқуқлари ўртасидаги муносабатни тушуниш масаласи ҳам кўтарилди. Иштирокчилар экологик кўникмаларни ривожлантириш инсоннинг яшаш ҳуқуқи, хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби асосий ҳуқуқларига бевосита мутаносиб эканлигини таъкидладилар.
Иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, ёшлар ҳуқуқлари ҳимоясини такомиллаштиришга қаратилган ўз таклифларини билдирдилар.
Мазкур давра суҳбати давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва ёшлар ўртасидаги мулоқот майдонига айланди. Тадбирда билдирилган муҳокамалар натижалари ва тавсиялар ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг амалий фаолиятида қўлланилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.08.2023
- Кўришлар: 3769
- Чоп этиш