Янги Ўзбекистоннинг тинчликсевар, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат йўли

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистоннинг тинчликсевар, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат йўли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирни кириш сўзи билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов очиб берди ва мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда эришилган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясидаги еттинчи асосий устувор йўналишида белгиланган мамлакатимизнинг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга доир муҳим вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистонда парламент дипломатияси амалга оширишда миллий манфаатларни илгари суриш ва уларни ҳимоя қилиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки сезиларли даражада юксалди. Мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ўзгариш ва ислоҳотлар ташқи сиёсатимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон олдинги даврларга нисбатан анча фаол ва прагматик ташқи сиёсат олиб бормоқда. Бу сиёсат ўзининг прогрессив характери ва тинчликпарварлиги билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида нафақат дунёнинг етакчи давлатлари билан, балки минтақа давлатлари билан ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Энг аввало, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳар қачонгидан кўра анча кенгайди. Биргина 2022-2023 йилларда Марказий Осиё йўналишида 150 дан ортиқ олий ва юқори даражадаги тадбирлар амалга оширилди. Пировард натижада Марказий Осиё халқларининг бир-бирига яқинлиги таъминланмоқда, борди-келди алоқалари кўпайди, савдо-сотиқ муносабатларининг салмоғи анча ортди.

Ўзбекистоннинг изчил, конструктив ва мутаносиб сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари билан ишонч ва ўзаро тушуниш анча мустаҳкамланди. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг ўзига хос механизми – минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари жорий этилди.

Шунингдек, халқаро муносабатларда МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон томонидан фаол ишлар амалга оширилмоқда. Жанубий Корея, Япония каби мамлакатлар билан алоқалар изчил ривожланмоқда. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга Европа Иттифоқи давлатлари билан ҳам алоқаларимиз кейинги йилларда кенг қамровли тус олди. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида 1996 йилда имзоланган Флоренция битимини янгилаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Яқинда Битим бўйича музокаралар муваффақиятли якунланди.

Тадбирда сўз олганлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда олиб борилаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатда парламентнинг ўрни ва аҳамияти ошиб бораётганини, Олий Мажлиснинг халқаро парламентлараро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлиги республикада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech