Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг навбатдаги конференцияси, хабар берганимиздек, илк бор Ўзбекистонда ташкил этилди. Маълумотларга қараганда, Самарқандга 15 давлатдан вазир, 10 га яқин мамлакатдан вазир ўринбосари, 13 давлатнинг юқори мартабали дипломатлар, шунингдек 30 дан зиёд халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, молия институтлари раҳбарлари ташриф буюрган. Энг муҳими, анжуманда сўзга чиқаётган, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқотга киришаётган барча мутахассислар, экспертлар конференцияда кўтарилаётган масалалар долзарблигини, тадбирнинг жуда юқори нуфузи ва аҳамиятини эътироф этмоқда:
Ави Дихтер, Исроил қишлоқ хўжалиги вазири:

Бугунги кунда дунё аҳолисининг глобал миқёсда жадал ўсиши кузатиляпти. Тахминларга кўра, 2050 йилга бориб инсоният нуфузи 10 миллиардлик довонни забт этиши кутилмоқда. Иқлим инқирози хавфи ҳам кучайиб боряпти. Бинобарин, айни пайт глобал ҳамкорлик жуда муҳим. Яъни, ёрқин келажакни таъминлаш учун умумий ва алоҳида халқлар ўртасида конструктив фикр алмашишни йўлга қўйиш зарур. Бу жараёнда, айниқса, инновацион ечимлар кўпроқ фойда беради.
Исроилда йиллар давомида соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш учун олимлар ва фермерлар ўртасидаги илмий ҳамкорликка асосланган стандартни яратдик. Натижада қишлоқ хўжалиги саноатга айланди.
Масалан, деярли, ярим еримиз чўлдан иборатлиги сабабли бизга, айниқса, сув масаласида инновация жуда зарур эди. Айни жараёнда сувни қайта ишлаш иншоотлари қурилди, суғориш ва ирригация тизими бутунлай янгиланди. Эндиликда қўшни давлатларга ҳам тоза сув етказиб беряпмиз. Бу тажрибани бошқаларга ҳам улашишимиз мумкин.
Қисқаси, “ноу-хау”ларни биргаликда дунё қишлоқ хўжалиги амалиётига киритмоқчимиз. Озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшмоқчимиз. Келинг, бирлашайлик ва сайёрамизни сақлаб қолишга ҳисса қўшайлик. Самарқанд декларацияси бу йўлдаги биринчи қадам бўлиши тайин.
Франческо Лолобрижида, Италия қишлоқ хўжалиги вазири:

- Пандемия ҳаммамизга жиддий муаммо туғдирди. Россия ва Украина низоси ва бошқа геосиёсий муаммоларга умумий ечимлар топишимиз керак.
Барча давлатлар ва халқлар учун сифатли озиқ-овқат таъминоти энг муҳим жиҳатлардан бири.
Масалан, Италияда соҳага замонавий технология, яшил инновацияни жорий этиш эътибор марказида. Асосий мақсад ернинг ҳолатига таъсир қилмасдан, ҳосилни икки баробар ошириш.
Ғайрат Хонназаров, Ғолиб Ҳасанов ёзиб олди.
Носиржон Ҳайдаров, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 07.09.2023
- Кўришлар: 3405
- Чоп этиш