30 сентябрь – Халқаро таржима куни. Ушбу санани даставвал 1991 йилда Халқаро таржимонлар федерацияси (FIT) таъсис этган. Ўз навбатида, 2017 йилда профессионал таржиманинг халқлар бирдамлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш йўлидаги муҳим аҳамияти халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди.
Шу муносабат билан БМТ Бош Ассамблеяси 71-сессиясининг махсус резолюциясига кўра, 30 сентябрь – Халқаро таржима куни деб эълон қилинди ва БМТ шафелигида кенг нишонланадиган бўлди.
Мазкур халқаро сана Ўзбекистонда ҳам ҳар йили таржимонларнинг касб байрами сифатида кутиб олинади.
“Таржимонлар куни” байрами бизда нега йўқ?
Шу ўринда Ўзбекистонда журналистлар, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа турли соҳа вакилларининг алоҳида байрам кунлари белгилангану, нега таржимонларнинг касб байрами куни мавжуд эмас, деган савол туғилиши табиий.
Фикримизча, бу савол нафақат долзарб, айни чоғда, мантиқан ўринли ҳамдир. Чунки:
бир томондан, Огаҳий, Қутб Хоразмий, Сайфи Сароий каби буюк аждодларимиз бундан бир неча асрлар илгари таржимачилик ва таржима назарияси соҳасида жиддий тадқиқотлар олиб борган;
иккинчи томондан, ҳали шўролар замонидаёқ собиқ иттифоқда биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда миллий таржимашунослик мактабига асос солинган;
учинчи томондан, ҳозирги вақтда мамлакатимиз ҳаётининг етакчи соҳаларида неча минглаб профессионал таржимонлар самарали фаолият олиб бормоқда.
Дарвоқе, 2022 йилда ўзбек таржимашунослик мактаби асосчиси –юртимиздаги кўпчилик журналист ва таржимонлар, олим ва адибларнинг устози – атоқли олим ҳамда ҳассос публицист Ғайбулла Саломов (тахаллуси: Ғайбуллоҳ ас-Салом) таваллудига 90 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Ғайбулла Саломовнинг юртимизда таржимашунослик соҳасини шакллантириш ва ривожлантириш бобидаги хизматларига бағишланган бир қанча китоблар нашр этилди.
Яқинда Ёзувчилар уюшмасида Устознинг "Танланган асарлар"и, "Таржима санъати" мақолалар тўпламининг 7-китоби ҳамда "Ғайбуллоҳ ас-Салом замондошлари хотирасида" тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўтган йили каминанинг қаламига мансуб “Салламно, Истиқлол! (Ғайбуллоҳ ас-Салом оламига саёҳат)” ва Муҳаммад Юсуф номидаги жамоат фонди билан ҳамкорликда тайёрланган “Профессор Ғайбулла Саломов 90 йиллиги: илмий ва ижодий фаолияти” номли китоблар чоп этилган ва тақдимотлари ўтказилганди.
Ўзбек таржимашунослик мактаби:
моҳияти, аҳамияти, илмий тамойиллари
“Яхшидан боғ қолади”, дейди халқимиз. Яхши олимдан-чи? Албатта, авваламбор, кўз нури ва қалб қўрини, ақлу заковатини, таъбир жоиз бўлса, бутун умрини сарфлаб яратган ўзига хос илмий мактаби қолади. Устоз Ғайбулла Саломов ўзидан айни шундай мактаб қолдирган мавлоно зотлардандир.
Ўзбек олими собиқ тузум давридаёқ асос солган таржимашунослик мактабининг довруғи нафақат юртимиз, балки дунё миқёсида, хусусан, Франция, Болгария, Словакия, Туркия, Россия, Беларусь, Украина, Арманистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон мамлакатлари илмий доираларида эътироф этилган.
Академик Акмал Саидов Домланинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган мақоласида таъкидлаганидек, “Ғайбулла Саломовнинг ўзбек таржимашунослиги мактаби” дея ном олган илмий мактаб мамлакатимиз, ҳаттоки жаҳон илм-фани равнақида беқиёс ўринга эга. Бу мактаб истиқлол йилларида адабиётшунослик, таржимашунослик ва таржимачилик соҳалари тараққиётига айниқса муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Таниқли олимлар Абдузуҳур Абдуазизов ва Нажмиддин Комилов ўз даврида ҳақли равишда қайд этганларидек, Ғайбулла Саломовнинг илм-фан ривожи йўлидаги самарали хизматлари туфайли таржимашунослик — икки тилдаги матнни чоғиштириш ёки бир тилдаги маънонинг иккинчи тилда акс этишини аниқлашгина эмас, балки ўзбек тилининг салоҳияти, бойлиги ва имкониятларини кўрсатиш, жаҳон адабиётини миллий заминда қайта яратиш экани тан олинди. Таржимашунослик шу жараённи умумфилологик кўламда тадқиқ қиладиган фан эканлиги аниқланди. Таржима – Ватан адабиётини бойитиш, ўзаро маънавий қадриятлар, фикр-ғоялар алмашиш воситаси, таржимон эса чинакам ижодкор адиб деб қараладиган бўлди.
Ўтган даврда фидойи шогирдлар профессор Ғайбулла Саломов илмий мактабига хос асосий принципларни чуқур ўргандилар. Булар қуйидагилардан иборат:
биринчи принцип – таржима ва халқаро адабий алоқа, қиёсий адабиётшунослик бирга ўрганилиши лозим;
иккинчи принцип – бу жарёнда қиёсий тилшунослик ютуқларига таянилиши, тил ва адабиёт ҳодисалари биргаликда олиб қаралиши шарт;
учинчи принцип – таржимашуносликда услублар чоғиштирилади, муаллиф услуби ва таржимон услуби тўқнаш келади, ёзувчи услуби таржимон услуби орқали реаллашади;
тўртинчи принцип – таржима кенг маънодаги ижодкорликдир, аммо у асарни ўзгартирадиган ижодкорлик эмас. Бу “ўзгалар орқали ўзини ва ўзи орқали ўзгаларни намоён этиш” санъатидир;
бешинчи принцип – бадиий таржимада ички шарҳ — интерпретация бўлиб туради, бироқ бунда меъёрни сақлаш даркор;
олтинчи принцип – таржимашунослик умумфилологик илм бўлиб, уни бир соҳа билан чегаралаб қўйиш ноўриндир.
Шу билан бирга, соҳанинг пири бўлмиш Ғайбуллоҳ ас-Салом фикрича, таржимашунослик – қомусий фан. У ўз таркибига тарих, назария ва танқид, адабиёт назарияси, қиёсий адабиётшунослик ва типология, тил, грамматика, услубиёт, луғат, халқ оғзаки ижоди, атамашунослик, иборасозлик (фразеология), мақолшунослик ва маталшунослик (паремиология), фалсафа, мантиқ, этнография, руҳшунослик (психология), баён ва иншо, матншунослик, мамлакатшунослик каби фанларни қамрайди.
Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси:
тарихи ва бугуни
Устоз Ғайбулла Саломов бевосита саъй-ҳаракатлари билан ўша пайтдаги ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) негизида собиқ иттифоқда биринчи бўлиб “Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси” ташкил этилганди. Домла бу хусусда, жумладан, шундай хотиралар битиб қолдирган:
“...Биз уч киши эдик. Мен, Нажмиддин Комил ва Тилак Жўра. Таржимашунослик кафедрасининг ўқ пояси – мен. Ўнг биқинимда – Нажмиддин афанди, чап биқинимизда – ардоқли шоир Тилак. Биз худди Дон-Кихотлар сингари, ўта хаёлпарастлик билан, илмий бидъат ва қизил хурофотга таянган, миллий қадриятларимиз ва манфаатларимизга терс йўналишда чархпалак бўлиб айланаётган даҳшатли шамол тегирмони – таълим-таҳсил фундаментализмига қарши курашга отланган эдик”.
Бу фикрлар бугун кимларгадир андак муболағадор туюлиши мумкин, аммо ўша давр муаммоларидан хабардор кишилар учун бундай эмас. Муаммолардан бири – ўша замонларда Ўзбекистоннинг собиқ иттифоққа тобе республика сифатида ҳамма масалаларда, таъбир жоиз бўлса, ўзбек ўз ҳовлисида товуқ катаги ёки боғида чорпоя қуриши учун ҳам “марказ”дан ижозат олиши талаб этилган.
Янада ёмони, мустамлакачилик замонида барча миллий тиллар қатори ўзбек тилининг ҳам йўқолиб кетишига қаратилган сиёсат олиб борилган. Шунинг учун турғунлик даври деб аталмиш ўша йилларда ўзбек тили асосан бадиий адабиёт ва матбуот тили бўлиб, ижтимоий ҳаёт, олий мактаб, фан ва техника соҳаларида унинг фаолияти торая бошлаган.
Ҳолбуки, айни худди шу жабҳаларда кенг қўлланилишга у жуда муҳтож эди. Чунки тилга ишлов бермай, унинг қўлланилишини чеклаб туриб, ўша тилда катта замонавий маданият, фан ва техника асарлари яратиб бўлмайди. Шундай қалтис ва оғир вазиятда Ўзбекистонда тиллардан тилларга таржиманинг илми ва амалиётига таянгувчи Таржима назарияси кафедрасини ташкил қилиш учун мардона иш олиб борилган.
Устоз Ғайбулла ака қайд этганидек, “Мавжуд барча фалокатларнинг устига-устак, таржима санъати ва илмига собиқ мамлакат олий таълимида «атторнинг қутисида» ҳам жой йўқ эди. Қиёси йўқ кафедра. Уни биз, аслида, бўш-тақир жойда яратгандик. Бутун собиқ СССРда бунақа кафедра бўлмаган ўша даврда. Шунинг учун ҳам биз бамисоли қонунсиз туғилган ўгай соҳа кишиларига айланиб қолгандик. Совет олий мактаби эса ҳар қандай янгиликдан ўлгудай қўрқарди”.
Интилганга толе ёр, дейдилар. Бу эзгу кураш йўлидаги турли ғов-тўсиқлар Ғайбуллоҳ ас-Салом ва шогирдларини синдира олмади. Аксинча, тоблади, чиниқтирди. Натижада 1969 йилда Тошкент Давлат университети қошида Таржима назарияси кафедраси расман очилди.
Кейинчлик янги таржимачилик ихтисоси республикамизнинг олий мактаблари бўйлаб кенг ёйилди. Хусусан, ТошДУнинг бешта факультети — ўзбек ва рус филологияси, журналистика, роман-герман ва шарқ филологияси факультетларида таржимачилик илми ва амалиётидан дарслар ўтила бошланди. Бу маърифий жараён умумий назарий таҳсил билан бирга махсус курсларни ҳам қамраб олди.
Буларнинг барчаси юртимизда таржима ишидаги аҳвол кенг маънода яхшиланиб, таржимон кадрлар тайёрлаш масаласида музлар эрий бошлашига олиб келди. Хусусан, таржима таҳсили билан бир қаторда, катта таржима адабиёти нашрлари, таржимонлар билан иш олиб бориш, ўзбек тилига ҳамда ўзбекчадан бошқа тилларга ўгириш, таржима ва таҳрир, ёш таржимонлар тайёрлаш, сафдаги таржимонларнинг малакасини ошириш масалаларида муҳим натижалар қўлга киритилди.
Биргина мисол: 1990-1991 ўқув йилидан бошлаб университетларга ҳамда лисоний олий ўқув юртларига таржимачилик ихтисоси бўйича ҳар йили уч юз киши қабул қилиш ҳақида бир қарорга келинган. Бу муҳим янгиликдан руҳланган Устоз шундай деб қайд этади: “Энди буёғига, жорий этилаётган янги ихтисосликларга ёшларни қабул қилишда пала-партишлик, тасодиф ва бошқа иллатлардан буткул фориғ бўлиб ҳаракат қилиш лозим. Ҳозиргидан тубдан фарқ қиладиган ўқув дастурлари ва режалари тузишга тўғри келади”.
Мустақиллик йилларида бу борадаги аҳвол қайси томонга ўзгарди? Айни вақтда мамлакатимизнинг олий ўқув юртларига таржимачилик ихтисоси бўйича ҳар йили қанча киши қабул қилинмоқда? Битирувчи ёш таржимонларни эгаллаган ихтисослиги бўйича ишга жойлаштириш ҳолати қандай? Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси ишлаб турибдими? Қайси дорилфунунларда бу соҳада чуқурлаштирилган тарзда сабоқ берилмоқда?
Кейинги даврда бу саволларнинг айримларига ижобий жавоблар топганимиздан қувондик. Бунда, аввало, 2022 йил 10-12 декабрь кунлари Тошкент давлат шарқшунослик университетида ташкил этилган “Таржимашунослар-2022” халқаро форуми ҳамда 13 декабрда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган "Ғайбулла Саломов ва ўзбек таржима мактаби" мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Натижада юртимизнинг бир нечта олий ўқув масканида “Таржима назарияси” фанидан сабоқ ўтилаётганига, талабалар ва педагоглар профессор Ғайбулла Саломовнинг бу соҳадаги асарларига катта қизиқиш билан ёндашишларига амин бўлдик. Айниқса, Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Таржимашунослар” халқаро форуми анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани жуда муҳим.
Мазкур Университетда “Таржимашунослик ва халқаро журналистика” кафедраси ишлаб турибди. Кафедра мудири профессор Хайрулла Ҳамидовнинг саъй-ҳаракатлари билан 2016 йилда устоз Ғ.Саломовнинг 1978 йили нашр этилган “Таржима назариясига кириш” дарслиги қайта таҳрир қилиниб, лотин алифбосида нашр этилган ва дарслик сифатида таълимга жорий этилган. Ўз навбатида, 2022 йилда атоқли олимнинг 1966 йили нашр этилган “Тил ва таржима” монографияси ҳам "Таржимашунослик ва халқаро журналистика" кафедрасида Х.Ҳамидов томонидан қайта таҳрир қилиниб, нашр этилгани таҳсинга сазовор.
Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг илмий ва маънавий мероси
Ғайбулла Саломов юртимизнинг атоқли ва забардаст олимларидан биридир. Устоз 1982 йилда филология фанлари доктори илмий даражасига, 1984 йилда профессор илмий унвонига сазовор бўлган. Домла 1993 йили юксак давлат мукофоти – “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони билан тақдирланган.
Ғайбуллоҳ ас-Салом мамлакатимизда энг кўп шогирдлар тарбиялаган заҳматкаш олимлардан биридир. Устоз 1996 йили чиққан “Толибнома” китобида: “Илмий раҳбарлигим ва мутасаддийлигимда 67 киши фанлар номзоди, жумладан, 8 киши фанлар докторлиги илмий даражаларини хатм қилишди”, деб ёзгани бежиз эмас. Домланинг шогирдлари орасида мамлакатимизнинг кўзга кўринган фан ва маданият ходимлари, жамоат арбоблари бор.
Худди шу ишончли манба далолатига кўра, Ғайбуллоҳ ас-Салом 20 дан зиёд китоблар, дарсликлар, рисолалар, 200 га яқин мақолалар муаллифи ҳамдир. Жумладан, «Мақол ва идиомалар таржимаси» (1961), «Тил ва таржима» (1966), «Таржима назариясига кириш» (1978), «Дўстлик кўприклари» (1979, Н.Комилов билан ҳамкорликда), «Адабий анъана ва бадиий таржима» (1980), «Таржима ташвишлари» (1981), «Таржима назарияси асослари» (1983) каби китоблари тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талабалар учун муҳим ҳамда қизиқарли манбалар ҳисобланади.
Устознинг бадиий таржимачилик ва таржимашуносликка доир илмий-назарий асарлари кутубхоналарда, Интернет саҳифаларида дунё миқёсида фаол излаб-топиб ўқилаётган нашрлар сирасига киради. Ушбу асарлар Ўзбекистонда кейинги чорак асрдан буён деярли қайта нашр этилмади. Албатта, таниқли журналист ва олим Хайрулла Ҳамидов саъй-ҳаракатлари билан 2015 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институти чоп эттирган “Таржима назариясига кириш”дарслигининг қайта ишланган нашри бундан мустасно.
Домла моҳир таржимон ва мунаққид, публицист ва шоир ҳам эди. Буни у кишининг Ғайбуллоҳ ас-Салом тахаллуси билан битилган “Эй, умри азиз”, “Армон”, “Ваҳийдан келар бир садо”, “Толибнома”, “Эзгуликка чоғлан, одамзод”, “Ҳалоллик бозорда сотилмайди”, шунингдек, “Жаҳонгашта “Бобурнома” (Н.Отажонов билан ҳаммуаллифликда), “Фозил инсон қиссаси” каби маънавият ва маърифат, тарих ва маданият масалаларига оид бир қатор асарлари яққол тасдиқлайди.
Яна бир аҳамиятли жиҳат – Ғайбулла Саломов рус, тожик, озарбойжон тилларида ёза олган ва шу тилларда мақолалар чоп эттирган. Домланинг хорижий давлатларда доимий алоқада бўлган ҳамкасблари, дўстлари ҳам кўп бўлган. Зеро, Устоз таъкидлаганларидек, “Таржима дўстлик дарахтидир. Шоир ва таржимон бу дарахтни биргалашиб китобхон қалбига ўтқазади. Унинг илдизлари қанчалик маҳкам бўлса, меваси шунча мўл ва ширин бўлади”.
Энг муҳими, кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳаётимизнинг бошқа соҳалари қатори илм-фан ривожига, олимларимизнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйишга катта эътибор қаратилмоқда. Таржимонлик ва таржимашунослик соҳалари ҳам бу ғамхўрликдан четда қолмаётганига айрим мисолар келтирамиз.
Биринчидан, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдли китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурганди.
Бу эзгу ташаббус асосида ўзбек адабиёти ҳамда туркий тилда сўзлашувчи халқлар адабиётининг юксак намуналаридан халқимизни ҳар томонлама баҳраманд этиш, улуғ ота-боболаримиз ва туркий тилда сўзлашувчи халқларнинг буюк алломалари, адибларининг бой адабий мероси, шунингдек, бугунги замонавий адабиётнинг сара намуналарини бир мажмуада халқимизга етказиш, китобхонларни ўзбек адабиёти ва туркий тилда сўзлашувчи халқлар адабиёти намуналари билан яқиндан таништириш мақсадида туркий тилда сўзлашувчи давлатларнинг миллий адабиёти намуналаридан иборат 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” асарлар мажмуаси нашр этилди. Мазкур муҳташам тўпламни тайёрлашда 200 нафардан зиёд таржимон қатнашди.
Иккинчидан, давлатимиз раҳбари жорий йил 11 сентябрда тасдиқлаган “Ўзбекистон–2030” стратегиясида 2030 йилгача мамлакатимиз кутубхоналарини 1 миллионта замонавий адабиёт билан тўлдириш кўзда тутилган. Бу ўринда ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жумладан, “Ўзбек адабиёти хазинасидан” 300 жилдлиги, “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” 200 жилдлигини ўзбек тилида нашр қилиш вазифалари ҳақида сўз бормоқда.
Учинчидан, жорий йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида нашриёт ва матбаа корхоналари учун таржима адабиётларни қўллаб-қувватлашда молиявий имтиёзлардан фойдаланиш бўйича семинар бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда эътироф этилганидек, ноширлик ва матбаа фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар хорижий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилишда зарур харажатларни тижорат банкларидан имтиёзли кредит сифатида олишлари мумкин.
Бунда хусусий нашриётларга кредитлар фоизини қоплашда, шунингдек, гаров таъминоти бўйича енгиликлар бериш тизими йўлга қўйилганлиги қайд этилди. Бу қадамлар, ўз навбатида, ноширлар билан таржимонлар ўртасида анча вақтдан буён ва аксар ҳолларда мақбул ечимини топмай келаётган муаммо – таржима асар учун қалам ҳақи тўлаш ишлари ҳам ижобий ҳал бўлишига умид уйғотади, албатта.
Хулоса қилиб айтганда, замондошимиз Ғайбуллоҳ ас-Салом таржима, таржимачилик ва таржимашуносликдек ажиб мўъжизанинг сир-асрорини сизу биз учун кашф этиб кетди. Бинобарин, Устод ибораси билан айтганда, “Мўъжиза шунинг учун ҳам мўъжизаки, у одатдаги нарса-ҳодисалардан фарқ қилади, кишиларни ўзининг нодирлиги, истисно эканлиги билан ҳайратга солади. Яхши санъат асари бўладиган таржималар ҳам шундай истисно ҳодиса – мўъжизадир”.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 28.09.2023
- Кўришлар: 4150
- Чоп этиш