Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида яна бир бор “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун эканини алоҳида таъкидлади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси ва Барқарор ривожланиш мақсадлари
Шу ўринда, авваламбор, 2015 йилда БМТ бутунжаҳон саммитида 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш Кун тартиби, унинг 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари тасдиқланганини эслатиб ўтиш зарур. Хусусан:
- Барқарор ривожланиш мақсадлари дунё бўйлаб барча турдаги қашшоқликка барҳам бериш;
- очликка барҳам бериш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва яхши овқатланишга эришиш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш;
- соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш;
- умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага умри давомида таълим олиш имкониятини бериш;
- гендер тенглигига эришиш ва хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш ва ҳ.к. борасидаги вазифаларни белгилаб берган.
Ушбу Барқарор ривожланиш мақсадлар “учта устун” – иқтисодий, ижтимоий ва экологик мувозанатни ва барқарор ривожланишни таъминлаш тамойилларига асосланган бўлиб, инсон қадри, унинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш эса – уларни ўзаро боғлаб турувчи бўғин ҳисобланади ҳамда уларнинг уйғунлигини, бир-бирини мустаҳкамлашини ва тўлдиришини, бўлинмаслигини кўрсатади.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар фалсафаси ҳам ўз навбатида “инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланиши” ҳамда 2030 йилгача мамлакатнинг барча белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишини таъминлаш ғояларига асосланган.
Ўтган давр мобайнида мамлакатда бу борада кенг кўламли ва комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди ва бу борадаги тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилди. Авваламбор, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва бу борадаги тегишли вазифалар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 360дан зиёд қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ўз аксини топди.
Шу ўринда янги таҳрирдаги Конституциямизга Барқарор ривожланиш мақсадларига оид нормалар киритилганлиги борасидаги қуйидаги маълумотларни келтириш ўринли, деб ҳисоблаймиз.
Биринчидан, барқарор ривожланиш тамойили илк бора янги таҳрирдаги Конституциямизда акс эттирилди. Хусусан, унинг:
- 14-моддасида давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга ошириши;
- 49-моддасида давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши;
- 103-моддасида мамлакатнинг хавфсизлиги, барқарор ривожланиши асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ва воқеаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан парламент текшируви ўтказилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Иккинчидан, ўта қашшоқликка барҳам бериш ва барча жойларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтиришни назарда тутувчи биринчи Барқарор ривожланиш мақсадлари Конституциямизнинг қуйидаги нормаларида ўз аксини топди:
- Муқаддимасида эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари акс эттирилган бўлса, 1-моддасида Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат эканлиги;
- 57-моддасида меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидалиги, давлат уларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўриши белгиланди. Шунингдек, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиш, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлашига қаратилган нормалар киритилди;
- 115-моддасида Вазирлар Маҳкамаси аҳолини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаши кўзда тутилди;
- 122-моддасида – ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини тасдиқлаш маҳаллий Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларида назарда тутилди.
Учинчидан, иккинчи Барқарор ривожланиш мақсадлари очликка барҳам бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашишни назарда тутади. Бу борада Конституциянинг 46-моддасида: ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эгалиги; қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги ўз аксини топган.
Бундай мисолларни бошқа барча Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ҳам келтириш мумкинки, янги таҳрирдаги Конституциямиз мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг мустақҳкам конституциявий-ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади, деб таъкидлашга барча асослар мавжуд.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Барқарор ривожланиш мақсадлари
Мамлакатимизнинг учта стратегик тараққиёт дастури:
- 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси;
- 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси;
- “Ўзбекистон – 2030” стратегияси “Кун тартиби – 2030”га уйғун бўлиб, Ўзбекистонга тегишли бўлган 16 та глобал Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга йўналтирилган миллий мақсад ва вазифаларни тўла қамраб олган.
Масалан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига эътибор қаратсак, таҳлиллар, унинг 5та йўналиши БМТ томонидан белгиланган 16та Барқарор ривожланиш мақсадларини тўла қамраб олишини кўрсатади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида 2023 йилнинг ўзида қабул қилиниши режалаштирилган 25 та қонун лойиҳаси, 39 та Президент фармони ва қарорлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (жами – 118 та) Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий асосларни яратади. Бу эса, ўз навбатида, “Ўзбекистн – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад-вазифалар Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун ўзига хос “Йўл харитаси” вазифасини ўташини ҳамда Стратегияни амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларининг энг устувор вазифаси эканидан ҳам далолат беради.
Жумладан, ушбу Стратегиянинг биринчи йўналиши ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратишни назарда тутади.
Биргина шу биринчи йўналишнинг ўзида Ўзбекистоннинг БМТнинг 1 ва 3-6-чи Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган мақсадларга эришишига хизмат қилувчи қуйидаги устувор вазифалар белгиланган.
Биринчидан, таълим тизими ислоҳотлари доирасида, хусусан:
- болаларнинг мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олинишига эришиш, давлат мактабгача таълим ташкилотларини 100 фоиз компьютер синфи билан ҳамда барча мактабгача таълим ташкилотларини тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш;
- умумий ўрта таълим муассасаларида “Таълим учун қулай муҳит” дастурини амалга ошириш, уларни тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш, янги авлод дарсликлари, машқ дафтарлари, педагоглар учун методик қўлланмалар ва мобиль иловалар, мультимедиа дастурларини яратиш, педагог кадрлар мақомини ошириш, уларнинг билими ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;
- олий таълим билан қамровни кенгайтириш – ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш, 10та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш, умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш каби аниқ кўрсаткичлар ва вазифалар белгиланган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўтган етти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. Шунингдек, хотин-қизларнинг таълим олиши учун қўшимча имкониятлар яратилиши, 2021 йилдан бошлаб, ҳар йили 3 мингдан ортиқ қиз учун алоҳида грантлар ажратилаётгани эвазига ёш аёлларнинг олий таълим билан қамров даражаси 5 баравар яхшиланди. Университетларга кирадиган қизлар учун бюджет квотаси жорий этилиши эвазига 2021-2022 ўқув йилида талабаларнинг 60 фоизини аёллар ташкил этди.
Иккинчидан, Янги Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1373 та қишлоқ тиббиёт марказлари қисқартирилиб, улар ўрнига 793 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 та шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ва кундузги касалхоналар очилди. 306 та шаҳар ва туман касалхоналарида янги ихтисослаштирилган поликлиникалар ва 1200 та шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ташкил этилди. Ҳудудлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказлари зарур замонавий медицина ускуналари билан таъминланди, 6 та вилоят онкологик муассасалари 6,5 млн АҚШ долларига 15 та 2 турдаги гамма-терапия аппаратлари билан жиҳозланди.
Асосийси, мамлакатда болалар ва чақалоқлар ўлимининг сезиларли қисқариши кузатилмоқда – ҳар 1000 нафар янги туғилганларга тўғри келувчи чақалоқлар ўлими сони 15,4 нафардан 12,3 нафаргача, болалар ўлими 11,5 нафардан 9,2 нафаргача қисқарди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Ушбу чора-тадбирлар аҳоли саломатлиги учун қулай муҳит яратиб, БРМнинг 3-мақсадига эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Энди мазкур йўналишда 2030 йилга қадар аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар доирасида, хусусан:
- аҳолининг ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш, тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробарга ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, сил касаллиги билан касалланиш даражасини 100 минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтириш;
- аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш, республикада гемодиализ ўрин жойлари билан беморларни тўлиқ қамраб олиш, 350 минг нафар диабет ва 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш;
- болалар ўртасидаги ирсий касалликларни 2 баробарга қисқартириш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш, туғуруқ ўринлари сонини 35 фоизга ошириш, болалар орасидаги юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни 20 фоизга камайтириш ҳамда умуман аҳоли ўртасида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш даражасини 70 фоизга етказиш;
- соғлом ва фаол кексаликни таъминлаш, ҳар йили 55 ва ундан катта ёшдаги аҳолини 100 фоиз тиббий профилактик кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш, 40 ёш ва ундан юқори ёшда аҳоли орасида жисмоний фаол аҳоли улушини 2 баробар ошириш;
- аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, меъёридан ортиқ туз истеъмол қиладиган аҳоли улушини 32 фоизга, етарлича жисмоний фаолликка эга бўлмаган аҳолини 22 фоизга, ортиқча вазнга ва семизликка эга катта ёшдаги аҳолини тегишинча 32 фоиз ва 23 фоизга қадар камайтириш каби аниқ мақсадлар ва вазифалар белгиланган.
Учинчидан. Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда камбағаллик 2022 йилда 2017 йилга нисбатан икки баробарга камайган бўлса, уни 2026 йилга қадар яна 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш режалаштирилган.
Камбағалликка тушиш хавфи мавжуд 4,5 млн аҳолининг даромадларини ошириш чоралари кўрилиши, меҳнатга лаёқатли аҳолини, шу жумладан ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни барқарор ва самарали бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 7 фоизгача тушириш белгиланган.
Бу борада “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар доирасида, хусусан:
- ижтимоий ҳимоя қилиш тизими билан муҳтожларнинг барчаси тўлиқ қамраб олинишига эришиш, барча туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини ташкил қилиш;
- Ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларнинг сифатли ва замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш, уларни реабилитация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш, муносиб иш билан таъминлаш орқали улар бандлигини 2 баробарга ошириш;
- хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш орқали уларнинг бошқарув лавозимларидаги улушини 30 фоизга ошириш. Шунингдек, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизмини яратиш, мазкур ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
- 2 млн нафар фуқароларни касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор улушини 30 фоизга етказиш каби мақсад ва вазифалар белгиланган.
Шу каби мисолларни “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг бошқа йўналишлари: барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш; сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш; “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш бўйича ҳам келтиришмиз мумкин.
Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган барча 100 мақсад, 369 та чора-тадбир, 190 та вазифа, 306 та мақсадли кўрсаткич бажарилиши мамлакатимизнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла эришишига хизмат қилади.
Янги Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасидаги халқаро ташаббуслари
Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72, 75, 76 ва 78-сессияларида, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида бу борада, Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, таълим, маънавият, экология, туризм, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳаларни қамраб олувчи 40 дан ортиқ ташаббусларни илгари сурди.
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан қуйидаги 6 та Резолюцияни қабул қилди:
- “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”;
- “Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси сифатида эълон қилиш”;
- “Маърифат ва диний бағрикенглик”;
- “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш”;
- “Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш”;
- “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияларни қабул қилди.
Шунингдек, Оролбўйи минтақаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда. БМТ ва “БМТ оиласи”га кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Президентимиз ташаббуслари билан бугунги кунда соҳада:
- БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш;
- “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликда аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун 2024 йилда Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш;
- БМТ Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш ҳамда минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этиш;
- 2024 йилда Ўзбекистонда БМТ Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббус доирасида БМТ шафелигидаги “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
- БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ва унинг асосий мазмунини 2024 йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилиш каби масалалар БМТнинг кун тартибига киритилди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари: Парламент комиссияси ва фуқаролик жамияти институтлари
Ҳеч шубҳа йўқки, миллий сиёсат ва дастурларнинг амалга оширилишини парламентлар, ҳамда фуқаролик жамияти институтлари иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг миллий мақсадлари ва уларни амалга оширилишини назорат қилиш, фуқаролар ва давлат органлари ҳамда мамлакатнинг бошқа ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ушбу масала бўйича парламент ва жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси фаолият олиб бормоқда.
Мазкур Парламент комиссияси, хусусан, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига оид соҳаларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда (қонунлар, Президент Фармонлари ва Қарорлари, Ҳукумат қарорлари, амалга оширилаётган стратегиялар, концепциялар, мақсадли дастурлар ва бошқалар) акс эттирилган вазифаларни бажарилиши юзасидан 190дан зиёд индикаторлар бўйича мониторингни амалга оширади.
Жумладан, 2020 ва 2023 йилаларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг Юқори даражадаги сиёсий форумларида кўриб чиқилган Ўзбекистоннинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш тўғрисидаги Ихтиёрий миллий ҳисоботларини тайёрлаш ҳамда Миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш соҳасида ҳар бир мақсад бўйича ишлаб чиқилган миллий стратегия, “йўл хариталари”, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устидан кучли парламент ва фуқаролик назоратини ўрнатди. Масалан, 2021-2022 йилларда Парламент комиссияси томонидан ҳар чоракда 28 та масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларини жалб қилган ҳолда Барқарор ривожланиш мақсадларининг алоҳида мақсад ва кўрсаткичлари бажарилиши бўйича муҳокама ташкил этилди.
Парламент ташаббуси билан биргина 2021 йилда биринчи марта ўтказилган Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳафталиги доирасида Ўзбекистон мамлакатлар орасида биринчи бўлиб барқарор ривожланиш соҳасидаги парламентарийларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ташаббуси билан чиқди ва Бухоро шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзусида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатлардан парламент аъзолари иштирок этган биринчи халқаро парламент форуми ўтказилди.
Бундан ташқари, парламент томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун комплекс молиялаштириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур стратегия Давлат бюджетини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда миллий Барқарор ривожланиш мақсадларини инобатга олиш ва соҳага зарур маблағлар ажратиш (“Барқарор ривожланиш мақсадлари йўналтирилган бюджетлар” қабул қилиш) ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштириш учун молиявий оқимларни тўғри тақсимлашда Ҳукуматга ёрдам кўрсатишга йўналтирилган.
Комплекс миллий молиялаштириш стратегияси – бу режалаштириш ва молиялаштириш жараёнларининг мувофиқлашувини таъминлашга, барқарор ривожлантириш мақсадларига қўшимча ресурсларни сафарбар этиш ва йўналтиришга, шунингдек, мониторинг ва бошқарувнинг самарали механизмларини яратишга ёрдам беради.
Парламент комиссияси ўз фаолиятини қуйидаги йўналишларда амалга оширмоқда:
- мамлакатимизда қабул қилинаётган турли соҳаларга оид стратегиялар, концепциялар ва дастурларнинг миллий Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилишига эришиш;
- Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида кучли парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу борада аҳоли хабардорлигини ошириш, давлат ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга кўмаклашиш;
- Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида қарорлар қабул қилиш жараёнларида фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг иштироки учун кенг имкониятлар яратиш, ижтимоий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш;
- Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида халқаро ҳамкорликда, хусусан, “парламент ва халқ дипломатияси” институтлари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш каби вазифаларни амалга оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Натижада, хусусан, 2021-2023 йилларда мамлакат нодавлат нотижорат ташкилотлари, “ақл марказлари” томонидан Парламент комиссияси билан ҳамкорликда:
биринчидан, экология соҳасида 138 та услубий қўлланма ва мақола тайёрланди;
иккинчидан, 699 та турли форматдаги назорат-таҳлилий, илмий-назарий, маънавий-маърифий, тарбиявий ва амалий тадбирлар ўтказилди. Хусусан, экотизимларни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида қўриқхоналар ва миллий боғларни тизимли асраш, ўрмон майдонларини кенгайтириш борасида Ўзбекистон давлат сиёсати ва “Яшил макон, соғлом муҳит, соғлом инсон” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, экологик таълим-тарбия ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган семинарлар, давра суҳбатлари ва экологик акциялар амалга оширилди. Уларда 61834 нафар фуқаролар, экология соҳасидаги фаоллар иштирок этди;
учинчидан, маҳаллалар ободлигини таъминлаш ва фуқаролар экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда 1 126 та давра суҳбатлари ва тадбирлар ташкил этилди, 100 дан зиёд маҳаллани ободонлаштиришга кўмаклашилди;
тўртинчидан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳор ва куз мавсумларида 14 000 туп кўчат ўтказишга бағишланган 70 дан зиёд акциялар ўтказилди, аҳолининг экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш йўналишида 40 та тадбир ўтказилди.
Бунда мисолларни янада кўплаб келтириш мумкинки, улар бугунги кунда Барқарор ривожланиш мақсадлари бутун фуқаролик жамияти, давлат ва бизнес ҳамжамиятни ўз атрофида жипслаштирувчи ғояга айланиб бораётганидан далолат беради.
Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламентниниг роли
Бу борадаги устувор вазифалар БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясида ўз аксини топди.
Ушбу Резолюцияни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2022 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг тегишли Қўшма қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияларида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларига эришишда парламент, ижроия ҳокимияти ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ижтимоий ҳамкорлик ўрнатишга йўналтирилган. Унда 13та йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Навбатдаги ўта муҳим қадам сифатида Парламент томонидан жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида мамлакатимизда Барқарор ривожланиш ойлигини ўтказиш режалаштирилган.
Ойлик доирасида миллий экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатларнинг етук мутахассислари иштирокида қатор халқаро конференциялар, семинарлар, жамоат эшитувлари ва бошқа тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигининг асосий мақсадлари:
биринчидан, миллий ва хорижий жамоатчилик вакиллари иштирокида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш юзасидан Ўзбекистон тажрибасини ҳар томонлама кўриб чиқиб, бу борада ўзаро фикр алмашиш;
иккинчидан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда давлат ташкилотлари, идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари, таълим, тадқиқот ва таҳлил марказлари иштироки соҳасидаги илғор миллий ва халқаро тажрибалар билан танишиш;
учинчидан, келгусида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб масалаларни муҳокама қилиш.
Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги якунида Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик” мавзусидаги II халқаро Глобал форум ўтказилади.
Унинг доирасида 2030 Глобал кун тартибини самарали амалга оширишда парламент ва парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, парламентлар, ҳукуматлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу борадаги гендер ва ёшлар сиёсатининг аҳамияти каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилиши кутилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида эришган ютуқлари ва марралари халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланмоқда ва эътироф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон БМТ Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ва 2023 йилда халқаро экспертлар томонидан эълон қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингида (SDG index) 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади. Ушбу натижа 2022 йилга нисбатан 8 поғонага яхшиланган.
Мамлакатимизда Барқарор ривожланишнинг 10 та мақсади бўйича ижобий ўсишга эришилган. Жумладан: камбағалликни қисқартириш (+2,5 балл), гендер тенглиги (+ 0,1 балл), тоза сув ва санитария (турғун ҳолатда), барқарор шаҳарлар ва аҳоли пунктлари, (турғун ҳолатда), тинчлик, адолат ва самарали институтлар (+0,4 балл) ҳамда барқарор тараққиёт йўналишидаги ҳамкорлик (+0,1 балл) мақсадларида ўсиш қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон “Очиқ Гендер маълумотлар индексида” (“Open Data Watch” ташкилоти томонидан юритилади) 69,7 балл тўплаган ҳолда жаҳондаги энг яхши 20 та мамлакат орасидан жой олди (18-ўрин). Бунда, мамлакатимизда “gender.stat.uz” сайтининг барча бўлимларида бугунги кунда 180 дан зиёд гендер статистикасига оид кўрсаткичлар 3 та тилда, 5 хил форматда жойлаштириб борилиши алоҳида аҳамият касб этди. Умуман “Очиқ маълумотлар индексида” Ўзбекистон 70 балл билан 195 мамлакат орасида 30-ўринни эгаллаб турибди.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг “инсон, жамият ва давлат барқарор ривожи” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш сиёсати, ушбу ойлик тадбирларининг юқори савияда ўтказилиши, унинг доирасида ишлаб чиқиладиган хулосалар ва тавсиялар, шубҳасиз, жонажан Ватанимизнинг тараққиёти ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
- Қўшилди: 15.11.2023
- Кўришлар: 2757
- Чоп этиш