Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси

Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда демократия ва инсон ҳуқуқларининг замонавий мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизим яратилган бўлиб, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари инсон ҳуқуқларига ҳурматни кучайтириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни бутун мамлакат бўйлаб оммалаштириш борасида фаол иш олиб бормоқда. Энг муҳими, Ўзбекистон жамияти қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари тамойилларига қатъий амал қилади, бунинг кафолати – Ўзбекистон Республикаси Конституциясидир.

6 ноябрь куни Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилди. Хусусан, янги таҳрирдаги Асосий қонунимизнинг мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни муҳокама қилинган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали директори Қаландар Абдураҳмонов таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчи ва ҳуқуқий кафолати, Ватанимиз мустақиллигининг ёрқин рамзидир. Бош қомусимизнинг қабул қилиниши мамлакат суверенитетининг энг муҳим босқичларидан бирига айланди. Асосий қонунимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга асос бўлди.

Ўз навбатида, Акмал Саидов “Конституциявий ислоҳотлар – талабалар нигоҳида” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатининг “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” йўналиши доирасидаги жамоатчилик муҳокамасида биринчилардан бўлиб иштирок этгани учун Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали жамоасига миннатдорчилик билдирди. Бундай тезкор ва холис ёндашув мазкур олий таълим маскани раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг фаол фуқаролик позициясига эгалигидан далолат беришини алоҳида эътироф этди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар, шунингдек, академик А.Саидов кўп йиллардан буён Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали талабалари билан мунтазам учрашиб келаётганига эътибор қаратдилар. Бинобарин, бундай жонли мулоқотлар, интерфаол маърузалар ёшларга Ўзбекистон Конституциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини теран англаш ҳамда келгусида амалиётга самарали татбиқ этиш борасида жуда қўл келмоқда.

Сўнгги йилларда Акмал Холматовичнинг долзарб мавзулардаги кўплаб илмий-ҳуқуқий, фалсафий-сиёсий ва тарихий-бадиий асарлари чоп этилди. Таниқли олим, жумладан, Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали олимлари билан ҳамкорликда тайёрланган бир қатор илмий нашрларнинг ҳаммуаллифи ҳисобланади.

Шуларни инобатга олиб, Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали Илмий кенгашининг 2023 йил 17 ноябрдаги қарори билан академик А.Саидов ушбу нуфузли олий ўқув юртининг "Фахрий профессори" унвони билан тақдирланди. Тадбир доирасида А.Саидовга шу ҳақдаги гувоҳнома, кўкрак нишони ва фахрий либос топширилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech