АЁЛ ИЛМЛИ БЎЛСА, МИЛЛАТ ИЛМЛИ БЎЛАДИ

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

 

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг сифатли таълим ва тарбия олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, оилада бир нафар қиз ўқиб, олий маълумотга, замонавий касб-ҳунарга эга бўлса, хонадондаги муҳит бутунлай ўзгаради.

Айни шу мақсадда хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича дастур қабул қилингани ва изчил амалга оширилаётгани ўз самараларини бермоқда. Хусусан:

  • бундан 7 йил аввал олийгоҳларда атиги 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам қарийб 5 баробар  кўпайиб, 500 минг нафарни ташкил этди;
  • янги тартибга мувофиқ, 2022-2023 ўқув йилида 14 минг 110 нафар магистрант қизнинг 153,4 миллиард сўм контракт тўлови тўлаб берилди;
  • шу даврда қарийб 230 минг талаба хотин-қизга фоизсиз  таълим кредитлари ажратилди ва таълим кредитлари учун ҳисобланган  фоиз маблағлари  тўлаб берилди;
  • эҳтиёжманд оилаларда яшаётган 2 мингдан зиёд қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар олийгоҳларга алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилинди;
  • олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизлар контрактларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш йўлга қўйилди.

Бутун дунёда кенг нишонланадиган баҳор ва нафосат байрами арафасида, 2023 йил 6 март куни очилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гендер тенглик борасидаги энг йирик анжумани – БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 67-сессияси Рақамли технология даврида инновациялар, технологиялар ва таълим – барча аёллар ва қизларнинг гендер тенглигига эришишга ҳамда ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши керак”, деган шиор остида ўтгани бежиз эмас. Чунки рақамлашган замон бутун дунёда хотин-қизларнинг ҳаётини тубдан яхшилаш учун янги ва мисли кўрилмаган имкониятлар эшигини очмоқда. 

Рақамли технологиялар ҳаётнинг барча соҳаларини, жумладан, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тизимларни жадаллик билан ўзгартирмоқда. Кўп вақтдан буён бир чеккага чиқиб қолган аёллар ва қизлар ўзларини ўнглаб олишлари учун янгидан-янги таянч нуқталарини яратмоқда.

Шу билан бирга, бундай замонавий технологиялар ривожлангани сари хотин-қизларнинг фаровонлигига рахна соладиган касофатли таҳдидлар кўлами ортиб бораётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Виртуал макон аёл зотини ҳақорат қилиш учун кенг майдон очиб бергани ҳолда, ҳақоратгўйларнинг ошкор бўлмасдан ва жазо олмасдан панада қолишларига ҳам имконият туғдирмоқда.

Айни соҳада ҳозиргача глобал кўламдаги аниқ қонун-қоидалар ва тартиб-таомиллар мавжуд эмас. Бу, ўз навбатида, нозик аҳоли қатлами вакилалари ҳуқуқларининг поймол этилишига ва шахсий ҳаёти дахлсизлиги бузилишига сабаб бўлмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 67-сессиясида сўзга чиқар экан, хотин-қизлар ҳуқуқлари хавф остида эканини таъкидлади. Унинг фикрича, халқаро ҳамжамият бу борада неча ўн йилликлар давомида эришган натижалар “кўз ўнгимизда ғойиб бўлмоқда”. Ер юзида оналар ўлими кўпаймоқда. Ҳар икки дақиқада битта ҳомиладор ёки кўзи ёриётган аёл оламдан ўтмоқда. Ваҳоланки, бундай бемаҳал ўлимлардан аксариятининг олдини олиш мумкин, деди БМТ Бош котиби.

А.Гутерриш COVID-19 пандемияси оқибатида азият чеккан миллионлаб аёллар ва қизларнинг аччиқ тақдири ҳақида ҳам тўхталди. Қанчадан-қанча оналар маош олиб турган иш жойларини бой берган бўлса, балоғат ёшига етмаган кўплаб қизлар вақтли турмуш қуришга мажбур бўлган.

Бош котиб Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссия жорий сессиясининг мавзуси – рақамли технологиялар ва инсон ҳуқуқлари хусусида ҳам атрофлича сўз юритди. Унинг эътироф этишича, инсониятнинг тенг ярмини ташкил этувчи аёл зотининг ижодий ғояларисиз илм-фан ва технологиялар соҳаси ўз салоҳиятининг фақат ярминигина рўёбга чиқаришга қодир бўлади, холос.

А.Гутерриш қайд этганидек, уч миллиард киши ҳалигача Интернетга уланмаган ва уларнинг аксарияти ривожланаётган мамлакатлардаги аёллар ва қизлардир. Зеро, кейинги юз йилликларнинг патриархат ёндашув, камситишлар ва эскича қарашлар босими остида ўтгани фан ва техника соҳасида улкан гендер жарлик пайдо қилди.

БМТ Бош котиби таъбири билан айтганда, бугунги дунёмизнинг “Силикон водийси” хотин-қизлар ҳуқуқларининг “Ажал воийси”га айланишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Хотин-қизларнинг технология ва инновациялар соҳасига тўла жалб этилишига кўмаклашишдан ҳамма бирдек манфаат топишини унутмаслигимиз зарур.

Агар аёл тиббий хизматлардан онлайн фойдаланиш имконига эга бўлса, бундан унинг оиласига ҳам, жамиятга ҳам манфаат етади. Модомики, аёллар онлайн-банкинг ва захиралардан фойдаланган ҳолда ўз бизнесини очар экан, бу билан жамиятга ҳам, иқтисодиётга ҳам фойда келтиради.

А.Гутерриш нутқи якунида илм-фан ва технологиялар соҳасида хотин-қизлар иштирокининг аҳамиятини яна бир бор таъкидлади. Агар олималар ва аёл технологлар глобал муаммолар устида бош қотиришга киришса, ўша муаммоларга ечим топиш имкониятлари тубдан ортади, дея қайд этди Бош котиб.

Маълумки, Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссия БМТга асос солинганидан сўнг орадан икки йил ўтиб, 1947 йилда ташкил этилган. Ўшанда турли мамлакатлар ҳукуматлари 15 нафар намояндасидан иборат хотин-қизлар гуруҳи гендер тенгликнинг ҳалқаро-ҳуқуқий асосларини шакллантириш мақсадида Нью-Йоркда тўпланган. Улар дунё ҳамжамиятининг хотин-қизлар муаммоларидан хабардорлигини ошириш ва бу борадаги камситишларга йўл қўядиган қонунчиликни ўзгартиришга астойдил киришганлар.

Шу тариқа Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссия БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ишлаб чиқилишига муносиб ҳисса қўшган ва гендерга оид иборалардан имкон қадар кенг фойдаланишга эришиш йўлида изчил музокаралар олиб борган. Комиссиянинг бу борадаги фаолиятининг дастлабки муҳим натижалари қаторида хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари, никоҳдаги аёлларнинг ҳуқуқлари ва тенг ҳажмдаги меҳнат учун тенг миқдордаги тўлов ҳуқуқи тўғрисидаги халқаро конвенциялар ишлаб чиқилганини қайд этиш мақсадга мувофиқдир.

Комиссия хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, фуқаровий, ижтимоий соҳалар ва таълим соҳасидаги ҳуқуқларини рағбатлантириш тўғрисида Иқтисодий ва ижтимоий кенгашга тавсиялар ҳамда маърузалар тайёрлаш билан шуғулланади. Шунингдек, у эркаклар билан хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилини амалга ошириш мақсадида хотин-қизлар ҳуқуқлари соҳасидаги энг муҳим муаммолар бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш юзасидан тавсия ва таклифлар ҳам тайёрлайди.

Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссия кейинги ўн йилликларда янада фаоллашиб, Хотин-қизлар аҳволига бағишланган тўртта Бутунжаҳон конференциясини ўтказди. Комиссия томонидан тузилган ва аёллар ҳуқуқларининг турли соҳалари билан шуғулланадиган БМТнинг бир нечта бўлимлари 2011 йилда «БМТ – аёллар» номли ягона тузилмага бирлашди.

«БМТ – аёллар» БМТнинг гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда иқтисодий имкониятларини кенгайтириш борасида фаолият олиб борувчи махсус тузилмасидир. У бутун жаҳонда аёллар ва қизларнинг муҳтожликлари-ю эҳтиёжларини қондириш мақсадида ташкил этилган.

Мазкур тузилма БМТнинг аъзо-давлатларига, уларнинг гендер тенглигига жаҳон стандартлари даражасида эришишига ёрдам беради. Хотин-қизлар ҳуқуқларига оид қонунларни, сиёсат стратегияларини, дастурларни ишлаб чиқишда мамлакатларнинг ҳукуматлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ишлайди.

БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссияси глобал кўламдаги гендер тенгликни мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш ва кенгайтириш борасида етакчи ўринда туради. Комиссия ташкил топганидан буён ўтган даврда гендер тенглик ҳуқуқини халқаро қонунчиликка уйғунлаштириш борасида беқиёс ютуқларни қўлга киритгани эътироф этилади.

Шунга қарамай, бутун дунёда аёллар ва қизлар ҳалигача рўзғор ва меҳнатдаги тенгсизликнинг оғир юки остида яшаб келмоқда. Хотин-қизлар ҳар қадамда гендер тенгликка зид эскилик сарқитлари ва доимий камситишларга дучор этилмоқдаларки, бунинг оқибатида тараққиётдан ортда қолмоқдалар, одил судлов имкониятидан фойдалана олмаяптилар ва уларнинг асосий ҳуқуқлари мунтазам поймол этилмоқда.

БМТ маълумотларига қараганда, жаҳон қонунларининг бу борадаги камчиликларини бартараф этиш ва камситишларга йўл қўядиган қонунларни бекор қилиш учун – тахминан 286 йил вақт керак. Ўз навбатида, хотин-қизлар давлат ҳокимияти органлари ва раҳбарлик лавозимларидан эркаклар билан тенг даражада жой эгаллашлари учун – 140 йил ҳамда миллий парламентларга тенг миқдорда сайланишлари учун – камида  40 йил муддат талаб этилади.

Ҳозирги вақтда сайёрамизда қарийб 383 миллион нафар аёллар ва қизлар ўта қашшоқ аҳволда кун кечирмоқда. Ҳар 11 дақиқада битта аёл ё қиз ўз оиласида қотиллик қурбонига айланмоқда.

Яна бир ачинарли рақам: пандемия оқибати туфайли 2020 йилда хотин-қизлар 800 миллиард доллар миқдоридаги даромадларини бой берган. Бу ҳам етмагандек, уларнинг меҳнат бозоридаги иштироки пасайгандан-пасайиб бормоқда. COVID-19 пандемияси ва бошқа шу каби глобал миқёсдаги инқирозлар асносида онлайн-макон имкониятларидан фойдаланиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссияси 67-сессияси ташкилотчилари даъват этганларидек, “Келжакка олға интилар эканмиз, хотин-қизларимизни ўтмишда қолдириб кетмасликка ишончимиз комил бўлмоғи керак. Ушбу учрашув рақамли истиқболимиз порлоқ бўлишини таъминлаш учун ноёб имкониятдир”.

Шу ўринда мамлакатимизда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича жадал ислоҳотлар амалга оширилаётганига мухтасар тўхталиш айни муддаодир. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сес­сия­сида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиё­сати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда".

Кейинги йилларда Ўзбекистонда "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғ­­рисида"ги ва "Хотин-қиз­лар­ни таз­йиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳукумат ва жа­мият­даги ролини оширишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, аёллар тадбиркорлигини ҳамда илм-фан ва технологиялар соҳасидаги иштирокини ривожлантиришга ва муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларнинг келгусида ҳам қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Чунки бу давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Президентимизнинг  2022  йил  7  мартдаги  “Оила  ва  хотин-қизларни  тизимли қўллаб-қувватлашга  доир  ишларни  янада жадаллаштириш  чора-тадбирлари  тўғрисида”ги  фармони  билан  2022-2026  йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқланди.

Айниқса, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини  такомиллаштиришга  оид  қўшимча чора-тадбирлар  тўғрисида”ги  фармонида  бу йўналишда  кенг  қамровли  вазифалар  белгиланган. Фармонга мувофиқ, Оила ва хотин-қизлар  қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди, қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди.

Мазкур ҳужжатлар  билан  хотин-қизларнинг  ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга  қаратилган  қатор  чора-тадбирлар белгилаб  олинди  ва  амалий  ижроси  таъминланяпти. Жумладан, ижтимоий ҳимояга  муҳтож  оилаларда  вояга  етаётган  қизларга  олий  таълим  муассасасида  таҳсил олиши учун 4 фоизли квота ажратилди. Олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизлар учун фоизсиз  таълим  кредитлари  жорий  қилинди,  магистратура  босқичида  ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди.

Эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба  хотин-қизларнинг  таълим  шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш  тартиби  жорий  қилинди. Яна бир муҳим қадам: ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига  тайёрлаб  бориш,  уларни  ўқитиш, малакасини  ошириш  бўйича  ўзига  хос тизим яратилди.

Бундай хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аёлларимизга бўлган эътиборни энг қуйи бўғин – маҳаллагача етказиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилиши белгиланди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз эркин ва фаровон, демократик, дунёга очиқ мамлакатни барпо этишда бутун халқимиз қатори хотин-қизларимиз ҳам беқиёс ҳисса қўшаётганини албатта юксак қадрлаймиз”.

Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ривожида хотин-қизларимизнинг иштироки юқори. Юртимизда фидокорона меҳнат қилаётган ҳурматли аёлларимизнинг улуши, 2023 йил ҳолатига, тиббиётда – 77 фоизни, таълим соҳасида – 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этмоқда. Агар 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 35 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан – 46 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан – 37 фоизга етди.

Фанлар академияси тизимида ишлаётган 4 минг 760 нафар хизматчининг 40 фоизини, яъни 1 минг 905 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Юртимизда илмий изланишлар билан машғул 2 минг 146 нафар тадқиқотчидан 695 нафари ҳам аёллардир. Ўзбек олималари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда айниқса фаол изланмоқда. Шу билан бирга, бугунги  кунда  олий  таълим  олаётган талабалар орасида қизларимизнинг улуши 50 фоизга  етгани  тарихимизда  мисли  кўрилмаган натижа бўлди.

Эътибор беринг: 2024 йил 2 март куни “Women in Tech” нотижорат ташкилоти Марказий Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда иш бошлади. Қароргоҳи Парижда жойлашган, 48 мамлакатда бўлими мавжуд ушбу машҳур компания хотин-қизларнинг фан ва технология соҳасида муваффақиятга эришишини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Яна бир муҳим кўрсаткич: Ўзбекистондаги 10 та давлат ва нодавлат олий таълим муассасасини аёл ректорлар бошқармоқда. Жами давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони эса ҳозир 210 тага етган.

Бу борадаги халқаро тажриба қандай? Сўнгги йилларда дунёнинг энг яхши университетларига аёлларнинг раҳбарликка келиш ҳолатлари анча кўпайган. АҚШ ва Германия топ университетларда раҳбар аёллар сони ошиши бўйича етакчи ўринларда бормоқда. Германияда 5 та топ университетни аёллар бошқаряпти. АҚШдаги нуфузли 58 та университетнинг 16 тасида аёллар раҳбарлик қилмоқда.

Шарқий Осиё ва Ўрта Шарқда ҳам бу борада сезиларли ўзгаришлар бўлган. Гарчи олий таълим бошқарувида хотин-қизлар ролини оширишда сезиларли ўзгаришларга эришилган бўлса-да, ҳали тенгсизлик ҳам етарлича.

Янги Ўзбекистон шароитида хотин-қизларни илмий тадқиқот ва инновациялар соҳасидаги самарали фаолиятга кенг жалб қилиш, айниқса, долзарб аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун, бир томондан, юртимиз аёллари ва қизларининг илм-фандаги фаоллигини халқаро миқёсда кучайтириш, иккинчи томондан, таълим ва илм-фан соҳаларида гендер тенгликка эришиш ниҳоятда зарур. Чунки аслида ҳам, аёл билимли бўлса, тарбия қилган фарзандлари зукко, салоҳиятли бўлади. Янада муҳими, аёл илмли бўлса, миллат илмли бўлади.

Шонли тарихимиз зарварақларида Тўмарис ва Бибихоним, Гулбаданбегим ва Зебуннисо, Нодирабегим ва Анбар отин каби оқила момоларимизнинг муборак номлари мангуга муҳрланган. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий "Насойим ул-муҳаббат" тазкирасининг "Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри" номли фаслида мозийдан то ўз давригача яшаб ўтган ёки ўзига замондош бўлган ислом оламида машҳур 35 нафар шайх, орифа хотин-қизларнинг руҳияти, шариати, тариқати, ижодлари хусусида лавҳалар битган.

Алишер Навоий бобомизнинг "Фар­ҳод ва Ширин" дос­тонида таърифланган 10 нафар олима қиз, жумладан, мантиқ илмида тенгсиз Дилосо, астроном Гуландом, файласуф Суманбўй, ҳикмат фани билимдони Паризод образлари ҳам реал ҳаётдан олинган. Уларнинг прототипи ҳазратга замондош бўлган закий момоларимиздир.

Шундай экан, бугун замондошларимиз бўлган оқила ва зукко хотин-қизларни қадр­лаш ҳамда улуғлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech