2 март – “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар
ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил топган кун
Дунё миқёсидаги ҳозирги ўта мураккаб вазиятда мамлакатимиз хавфсизлиги ва манфаатларини ишончли таъминлаш янада долзарб вазифамизга айланмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, юртимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар этиб белгиланди.
Шу маънода, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтган ва яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармонида ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ғояси атрофида бирлаштириш ҳамда Ватан ҳимоячиларини тарбиялашда узвийликни таъминлашга қаратилган бир қатор вазифалар кўзда тутилмоқда. Бу ўринда, хусусан, “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналиши бўйича 2024 йилга мўлжалланган Амалий тадбирлар режасида:
биринчидан, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ишлаб чиқилган комплекс дастурга мувофиқ амалий ишларни жадаллаштириш;
иккинчидан, “Ватан таянчи” отрядлари ўртасида “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаларини ўтказиш;
учинчидан, ҳудудларда “Ватанпарварлар” ҳарбий-ватанпарварлик боғларини барпо этиш ҳамда мавжуд боғларни такомиллаштириш юзасидан ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари билан ҳамкорликда амалий ишларни ташкил этиш;
тўртинчидан, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг таълим муассасаларида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирларни ташкил қилиш хусусида сўз бораётганини қайд этиш лозим.
Ёшлар – Янги Ўзбекистон таянчи
Мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида таъкидлаганидек: “...мамлакатимиз бўйлаб “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракатини ташкил этганимиз ҳамда барча умумтаълим мактабларида мазкур ҳаракатнинг 20 мингдан зиёд ўқувчи ёшларни қамраб олган гуруҳлари тузилгани фарзандларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаш лозим”.
“Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракатининг ҳуқуқий асослари ҳақида сўз борганда, Президентимизнинг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига тўхталиш лозим. Фармонга мувофиқ, “Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури” тасдиқланган.
Дастурнинг 3-қисмида ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган бир қанча бандлар белгиланган. Жумладан, Мудофаа вазирлиги ҳузурида болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш кўзда тутилган.
Айни вазифалар 2021 йил 30 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида илгари сурилган янги ташаббус ва ғояларни амалга ошириш ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсади билан чамбарчас боғлиқдир.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Енг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етишимиз, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахт-у камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлашимиз лозим. Шу мақсадда ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак”.
Ташаббусга кенг йўл очилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2022-йил 2-мартда “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарордан кўзланган асосий мақсад – ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом авлодни вояга етказишдир.
Қарор билан Мудофаа, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг иккита таклифи маъқулланди. Яъни:
биринчидан, Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш;
иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаларида бошқарма бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида бўлим бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.
Ҳаракатнинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Ҳаракатнинг ҳуқуқий мақоми ва тузилиши
“Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати – давлат муассасасидир. Унинг асосий таъсисчиси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳисобланади.
“Ватан таянчи” ҳаракатининг мақоми, Қуролли Кучлар хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларига кўра, давлат бошқаруви органи – Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг мустақил бўлимига тенглаштирилган.
Ҳаракат ходимларининг асосий таркиби Мудофаа вазирлиги қўшинлари умумий чекланган штат бирликлари доирасида ташкил этилади. Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари “Ватан таянчи” ҳаракати фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари бошлиқларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида тегишлича “Ватан таянчи” ҳаракатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари бошлиқлари ҳисобланади.
Давлат умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида 10-11-синф ўқувчиларидан ихтиёрийлик асосида таркиби 20 нафарлик “Ватан таянчи” отрядлари тузилади. Уларнинг фаолияти “Ватан таянчи” ҳаракати томонидан мувофиқлаштириб борилади.
Ҳаракат ҳузурида Васийлик кенгаши, унинг ҳудудий бўлимлари ва бўлинмалари ҳузурида эса мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилади. Уларнинг таркибига Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг вакиллари киритилади.
“Ватан таянчи”нинг асосий вазифалари
Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 2 мартдаги қарорига асосан:
- ўсиб келаётган ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунларимизга юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш;
- эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, жамиятда муносиб мавқейини эгаллаш қобилиятига эга, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакатининг, халқи ва ўз оиласининг фаровонлиги ва янада ривожланиши орзусида бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;
- ўқувчи-ёшларни тузилаётган отряд атрофида бирлаштириш ва жипслаштириш, улар орасида ҳарбий-ватанпарварлик, ўқув-тарбиявий тадбирларни амалга оширишда асосий ташкилотчи сифатида фаолият юритиш, ўқувчиларда ўқиш ва интизом бўйича юқори натижаларга эришишга иштиёқни уйғотиш ҳамда уларга ўрнак бўлиш учун фаол ҳаракат қилиш;
- давлат умумтаълим мактаблар ўқувчиларини одоб-ахлоқ, Ватанга садоқат ва ўзига қатъий ишонч руҳида тарбиялаш, ўқиши, интизоми ва жисмоний кўрсаткичлари паст ўқувчиларга юқори натижаларга эришишда кўмаклашиш;
- давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;
- ўқувчиларни турли хавфли ғоялар ва четдан “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш ҳаракатнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.
Ҳаракатни ривожлантириш жамғармаси
Президентимизнинг 2022 йил 2 мартдаги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 23 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
“Ватан таянчи” ҳаракатининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун юридик шахс бўлмаган “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани, жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш мақсадлари белгиланди эътиборга лойиқдир.
Жамғарма маблағлари Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатининг алоҳида бюджетдан ташқари маблағларини сақлаш учун “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси молия хизматида алоҳида депозит ҳисобварағида жамланади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.
Жамғарма маблағларидан фойдаланиш “Ватан таянчи” ҳаракати раҳбари томонидан тасдиқланган ва Тошкент ҳарбий округи молия хизматида белгиланган тартибда рўйхатга олинадиган йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва назорат қилишга ҳаракат раҳбари масъулдир.
Жамғарма маблағлари:
- давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича дастурлар, “йўл хариталари” доирасида белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлар;
- “Ватан таянчи” ҳаракатининг вақтинча бўш маблағларини давлат улуши бўлган тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган тушумлар;
- юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
- халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, бошқа хорижий донорларнинг грантлари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.
Отряд аъзолари учун имтиёзлар
“Ватан таянчи” отрядларига ихтиёрийлик асосида аъзо бўлган давлат умумтаълим мактаблари ўқувчиларига муайян имтиёзлар берилади. Хусусан:
– давра суҳбатлари, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар ҳамда маданий-маърифий, оммавий-маданий ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун бир ҳудуддан бошқа ҳудудга, шунингдек, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм, муассасалар ва ҳарбий полигонларга юборилганда, Жамғарма ҳисобидан озиқ-овқат билан “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейларининг ўқувчилари учун белгиланган меъёрларга мувофиқ таъминланади;
– 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб ҳаракат фаолиятида фаол иштирок этган ҳамда давлат умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир “Ватан таянчи” отрядининг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади;
– Тегишли тавсияномага эга бўлган “Ватан таянчи” отряди аъзолари республика олий ҳарбий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўлади;
– “Ватан таянчи” ҳаракати томонидан республика олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида, жумладан, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, бугунги глобаллашув ва кескин рақобат даври билан боғлиқ янги таҳдид ва хатарлар биздан доим огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда.
Бинобарин, ёшларимизнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият бериш олдимиздаги энг муҳим вазифалардандир. Шу маънода, “Ватан таянчи” отрядлари бўлғуси Ватан ҳимоячиларини бирлаштирмоқда.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 11.03.2024
- Кўришлар: 3738
- Чоп этиш