Таҳлил ва таклиф
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 20 февраль куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида, жумладан, ногиронлиги бўлган инсонлар манфаатларига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимиздаги кўплаб муассасалар, кўчалар ва бекатлар имконияти чекланган шахслар ҳаракатланиши учун мослашмаганлиги асосли танқид қилинди.
Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталар экан, “Мактаб ва коллежларда шароит йўқлиги сабабли ота-оналар ногиронлиги бор фарзандини узоқдаги махсус интернатга жойлаштиришга мажбур. Бу оила учун, айниқса, бола учун жуда оғир”, деди куйиниб.
Аслида ҳам, Президентимиз очиқ ва аччиқ ҳақиқатларни гапирди. Ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларини таъминлаш борасидаги бундай ачинарли аҳвол, афсуски, кўп йиллардан буён барҳам топмай келаётгани бор гап.
Ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган шароитлар: мониторинг ва таҳлил
Бундан ўн йил олдин, яъни 2014 йил ноябрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ишчи гуруҳи Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларга транспорт инфратузилмаси объектларидан фойдаланиш бўйича яратилган қулайликларни ўрганган эди. Мониторинг жараёнида Олой ва Фарҳод бозорлари, йирик дўконлар ва шифохоналар, энг гавжум масканлар яқинидаги бекат ва йўлаклар, ер усти ва ер ости ўтиш йўллари, автобуслар ва светофорларнинг ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши нуқтаи назаридан қанчалик мослаштирилгани борасидаги кўплаб камчиликлар аниқланган.
Ўшанда ҳатто пойтахтимиз марказида жойлашган ва ногиронлиги бўлган инсонларнинг иши энг кўп тушадиган манзил – Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига борадиган йўл ва йўлаклар ҳам ногиронлик аравачалари юришига мутлақо мослаштирилмаган экан.
Шу таҳлиллар асосида 2015 йили Миллий марказ томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг транспорт воситаларидан фойдаланишга оид ҳуқуқларининг таъминланиши ҳолати мониторинги якунлари бўйича таҳлилий маъруза” (Тошкент, 2015, 165 бет) тайёрланди ва чоп этилди. БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва миллий қонунчилик талаблари доирасида нашр этилган мазкур қўлланма ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари, алоқадор вазирлик, ташкилот ва муассасалар масъуллари ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари иштирокида кенг муҳокама қилинди. Ушбу нашр тегишли ташкилотларга амалиётда қўллаш учун беғараз тақдим этилди.
Аммо, кейинги йилларда ҳам мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказилган ўрганишлар бу борадаги вазият ижобий томонга кескин ўзгармаганини кўрсатди. Бунинг тасдиғи учун иккита мисол келтирамиз.
Биринчи мисол. 2022 йил май ойида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг мамлакатимиз ҳудудларида бажарилиши ҳолати мониторинг қилинди.
Натижада қуйидаги муаммолар аниқланган:
• ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларни моддий қўллабқувватлашнинг самарали механизмлари йўлга қўйилмаган;
• олий таълим муассасалари ва мактаблар бинолари ногиронлиги бўлган шахслар мустақил ҳаракатланиши учун қулай эмас;
• таълим муассасаларида Брайль алифбосидаги дарсликлар етарли эмас;
• метро ва автобус бекатларини қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатлари қулай жисмоний муҳитни яратиш бўйича ногиронлар жамоат ташкилотлари томонидан экспертизадан ўтказилмаган.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ана шу муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Бу ҳужжат Қонунчилик палатаси ва Сенат кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқланди ҳамда ижрога қаратилди.
Янада муҳими, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 27 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллабқувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги қарорида мазкур мониторинг натижасида ишлаб чиқилган таклифлар ҳисобга олинди. Ушбу қарорда, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тиббий, юридик ва бошқа хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда шартшароитини яхшилаш назарда тутилган.
Иккинчи мисол. 2023 йил апрель ойида Тошкент вилояти ва октябрь ойида Навоий вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш бўйича мониторинг амалга оширилди. Ўрганишлар давомида қуйидаги камчиликлар аниқланди:
• 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг айримларида жазони ўташига тўсқинлик қиладиган доимий даволанишга муҳтож касалликлар мавжуд бўлиб, мазкур касалликлар “Маҳкумларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш учун асос бўладиган касалликлар рўйхати”га киритилмаган;
• даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш ходимлари, айниқса, олий маълумотли шифокорлар етарли эмас, уларга тўланадиган маош миқдори ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ходимларга нисбатан кам;
• муассасалардаги даволаш пунктларининг моддий-техника базаси лозим даражада эмас, масалан, рентген, УЗИ аппаратлари мавжуд эмас, шунингдек, улар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилмаган;
• муассасалардаги ишлаб чиқариш бинолари, цехлардаги дастгоҳлар жисмонан ва маънавий эскирган, уларни янгилаш керак;
• Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базасидан – “lex.uz”, шунингдек, “advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталидан фойдаланган ҳолда маҳкумларга керакли ҳуқуқий ахборотни тақдим этиш имкониятини яратиш лозим.
Бу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва ташкилотларга тавсиялар киритилди. Мониторинг хулосалари асосида Жиноят ижроия кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, “Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар учун давлат хизматлари, шу жумладан, нотариат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси бўйича таклифлар тегишли тартибда тақдим қилинди.
Ногиронларнинг транспортдан фойдаланиш ҳуқуқи: муаммолар ва уларнинг ечимлари
Бу борада 2023 йил ноябрида Самарқанд шаҳрида ўтказилган мониторинг асносида ҳам бир талай муаммолар аниқланди. Расмий лицензия асосида шаҳардаги ва шаҳар атрофидаги йўналишларда ҳаракатланадиган автобусларнинг асосий қисми – тахминан 74 фоизи тор кириш эшиги ва зинапояларга эга «Isuzu» автобусларидан иборат бўлиб, улар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилмаган.
Аксинча, шаҳарда тобора кўпайиб бораётган замонавий «Yutong» электробусларида ҳатто эшитиш қобилияти заиф бўлганлар учун ахборот таблолари ўрнатилган, бекатларнинг овозли тарзда эълон қилиниши учун техник имконият ҳам мавжуд. Лекин мазкур қулай функциядан негадир амалда фойдаланилмаяпти.
Самарқанд кўчаларида автобуслар бекатларнинг яқинига бориб тўхтамайди. Автобус пандуси бекатнинг чет қисмига етиб бормайди, натижада аравачада ҳаракатланувчи ногиронлиги бўлган шахс автобусга мустақил равишда кира олмайди ёки туша олмайди. Бекатларда ногиронлиги бўлган шахслар учун жойларни кўрсатадиган белгилар ҳамда бекат ва тротуарларда кўзи ожиз шахслар ҳаракатланиши учун тактил қопламалар мавжуд эмас.
Мониторинг давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш учун бир қатор таклифлар тайёрланди ва тегишли тартибда тақдим қилинди.
Биринчи таклиф: янги қурилган автобус бекатларини фойдаланишга топширишни қабул қилиш жараёнида комиссия таркибига ногиронлиги бўлган шахслар ташкилоти вакилларини киритиш лозим.
Иккинчи таклиф: автобус бекатлари, темир йўл вокзаллари ва бошқа жамоат муассасалари биноларидаги пандусларни қатъий равишда ўрнатилган давлат стандарти асосида қуриш талаб этилади.
Учинчи таклиф: Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Автомобиль транспорти агентлиги, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2018 йил 7 августдаги тегишли қарорлари билан тасдиқланган “Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом”га қатъий риоя қилиш зарур.
Тўртинчи таклиф: Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларнинг 51-бандида автобус бекатлари жойлашишини танлаш ва қурилиши тўғрисида норма мавжуд. Мазкур банддан келиб чиқиб, бекатларни қуришда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни яратишга жиддий эътибор қаратиш даркор.
Миллий марказ томонидан “Транспорт тўғрисида”ги қонунни ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Парламентда айни таклифларнинг инобатга олиниши бу йўналишдаги салбий ҳолатларга мақбул ечим бўлади.
Янги Ўзбекистон – конституциявий ижтимоий давлат тизими
Давлатимиз раҳбари жорий йил 1 март куни Хоразм вилоятига ташрифи доирасида юртдошларимиз билан жонли мулоқот қилар экан, саховат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик кенг намоён бўладиган муқаддас Рамазон ойида эҳтиёжманд инсонлар, айниқса, фарзандларимиз ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.
Шунинг учун эшитишда нуқсони бор 500 нафар болага бепул кохлеар аппарати ва бошқа имплантлар қўйиш учун 62 миллиард сўм ажратиладиган ва яна 2 минг нафар бола эшитиш мосламаси билан таъминланадиган бўлди. Паралимпия спорт турлари билан шуғулланаётган хоразмлик 10 нафар ёшларга 7 турдаги замонавий спорт протез ва реабилитация воситалари олиб берилиши белгиланди.
Буларнинг барчаси, бир томондан, Ўзбекистон Республикаси Президенти асос солган мутлақо янгича ёндашув – Ижтимоий ҳимоя миллий тизимини изчиллик билан рўёбга чиқариш йўлидаги амалий қадамлар ҳисобланса, иккинчи томондан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясидаги ижтимоий соҳага оид устувор чора-тадбирлар ижросининг самарадорлигини таъминлайди.
Янада муҳими, 2023 йили умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда Янги Ўзбекистоннинг туб моҳиятини тавсифловчи “бешта устун” белгиланган бўлиб, хусусан, Асосий қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон – ижтимоий давлат экани мустаҳкамлаб қўйилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ижтимоий мажбуриятларга доир нормалар 3 баробар ошди.
Маълумки, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция – БМТнинг ХХI асрда қабул қилинган биринчи шартномасидир. Ўзбекистон ушбу Конвенцияни 2021 йилда ратификация қилгани том маънода тарихий воқеа бўлиб, шу маънода мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этишга қатъий киришилди. Ногиронлиги бўлган шахслар жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ишлар тубдан янгича, таъбир жоиз бўлса, ҳақиқий инсонпарвар қиёфа касб этмоқда.
Бунда, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш, ишга жойлаш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим яратилиши кўзда тутилгани катта аҳамият касб этади. Ногиронлиги бўлган шахсларга ишлаш ва касб-ҳунарга ўқитишда тўсиқсиз муҳит яратиш учун келгусида уларнинг ногиронлиги касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигига қараб белгиланишига эътибор қаратилаётгани ҳам жуда муҳим.
Яқиндагина Женевада бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессиясида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифалардан бири этиб белгиланганлиги яна бир бор уқтирилгани бежиз эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида, профессионал ёндашиш лозим. Ижтимоий хизмат тўғри йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади”.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори.
- Қўшилди: 18.03.2024
- Кўришлар: 2960
- Чоп этиш