Янги Ўзбекистон Конституцияси: амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар

30 апрель куни Тошкент шаҳрида шу мавзуда илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳамда Парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Илмий-амалий конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Нуриддин Исмоилов очди.

Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов модераторлик қилди.

Конференцияда таъкидланганидек, бундан роппа-роса бир йил олдин, яъни 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимизда ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган. Янги таҳрирдаги Конституция бевосита халқ томонидан қабул қилиниб, тўғридан-тўғри амалга киритилган биринчи ҳужжат бўлди.

Бош қомусимиз қабул қилинган илк кунларданоқ уни ҳаётга изчил татбиқ этишга жиддий киришилди. Дастлаб Президентимиз Фармони асосида Конституцияни амалга ошириш бўйича Давлат комиссияси  ҳамда 5 та экспертлик кенгашлари тузилди.

Олий Мажлис палаталари томонидан  Конституция моҳиятини тушунтириш бўйича 38 та банддан иборат  комплекс дастур қабул қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 2 минг 500 дан ортиқ ходими янги таҳрирдаги Конституция талаблари асосида ўқитилди.

Янги таҳрирдаги Конституция 377 минг нусхада – ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида, шунингдек, Брайл алифбосида чоп этилиб, 99 та вазирлик ва идора, уларнинг тизим ва ҳудудий ташкилотларига бепул тарқатилди. “Янги Ўзбекистон Конституцияси” ягона миллий портали “konstitutsiya.gov.uz” ва унинг мобил иловаси ишга туширилди.

Парламент, суд ва ижро ҳокимияти, жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари янгича конституциявий шароитда иш бошлади. Барча давлат органлари Бош қомусимизнинг ҳар бир қоидасини тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилишига масъуллиги, натижадорлик эса – бош мезон этиб белгиланди.

Олий Мажлис томонидан 100 га яқин қонунни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича дастур тасдиқланди. Судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўллаш бўйича Олий суд Пленуми қарори қабул қилинди. Ўтган бир йилнинг ўзида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан Конституцияни тўғридан-тўғри қўллаш асосида чиқарилган суд қарорлари 749 тани ташкил этди.

Илмий-амалий анжуманда янги таҳрирдаги Конституцияга асосан Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб эълон қилингани алоҳида қайд этилди. Ижтимоий давлат, деганда, аввало, ўз фуқароларига муайян минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат тушунилади. Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсади – ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашдан иборат.

Шу негизда янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортди. Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги белгиланди. Ижтимоий давлатга хос бўлган барча элементлар Конституциямизда акс эттирилди.

Ўтган қисқа даврда миллий қонунчилик базасини ташкил этувчи 30 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мослаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши кўзда тутилди.

Ўзбекистоннинг демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни ривожлантириш концепциялари лойиҳалари тайёрланди. Принципиал аҳамиятга эга 50 га яқин муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Парламентнинг демократик қиёфаси тубдан ўзгарди. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари кенгайди. Парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартиби, қонунларни қабул қилиш жараёни такомиллашди. Сиёсий партия фракциялари раҳбарларининг мақоми ошди. Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари корпусини шакллантиришнинг янги тартиби ишлаб чиқилди.

Тадбирда янги таҳрирдаги  Конституциями изчил амалга ошириш бўйича устувор вазифалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Конституция қоидалари ҳар бир давлат хизматчисининг кундалик фаолиятида, инсонлар турмуш тарзида акс этиши зарурлиги қайд этилди. Мазкур жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш, шунингдек, Конституцияни амалга ошириш бўйича қилинаётган ишлар устидан парламент назоратини янада кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Конференцияда Сенат ва Қонунчилик палатаси қўмиталари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Парламент тадқиқотлари институти, шунингдек, Конституциявий суд намояндаларининг маърузалари тингланди. Музокараларда сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, сенаторлар ва депутатлар, илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech