“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятлари”

30 апрель куни Тошкент шаҳрида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Иқтисодиёт ва ижтимоий масалалар департаменти Инклюзив ижтимоий ривожланиш бўлими ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Транспорт, Адлия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассислари, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

Тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортида эркин ҳаракатланиши ва ижтимоий хизматлардан тўлиқ фойдаланишини қўллаб-қувватлаш, ўз навбатида, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилди. Бунда, жумладан, “Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси” талабларидан келиб чиқилди.

Сўзга чиққанлар томонидан аввало Ўзбекистон 2021 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилгани алоҳида таъкидланди. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш, хусусан, “тўсиқсиз муҳит” тамойилини жорий қилиш орқали бу соҳада амал қилаётган тизимни такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Муҳокамалар чоғида асосий эътибор транспорт воситалари ва инфратузилманинг жисмоний жиҳатдан қулайлигини яхшилаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланишини осонлаштириш учун пандуслар, лифтлар ва бошқа мослаштирилган технологиялар билан таъминлаш масалаларига қаратилди. Ногиронлар аравачасидаги инсонларга жамоат транспортига тўсиқсиз, мустақил кириб-чиқиш учун янада қулай имкониятлар яратишнинг замонавий инновацион тизимлари кўриб чиқилди.

Экспертлар бу борада зарур қулайликлар яратишга тааллуқли жорий халқаро андозалар ва уларни миллий шароитларга мослаштириш йўллари ҳақида фикр юритдилар. Ногиронлиги бўлган шахслар жамоат транспорти инфратузилмаси имкониятларидан фойдаланишига оид турли мамлакатларнинг илғор амалиёти ва тажрибалари тақдим этилди.

Мулоқот асносида, шунингдек, транспорт тармоқлари ва транспорт воситаларини лойиҳалаш босқичидан бошлаб тўсиқсиз майдонни яратиш муҳимлиги қайд этилди. Мутахассисларнинг фикрича, бундан буён барча янги лойиҳаларни пандус, кенг эшик ва махсус лифт каби қулай ечимларни кўзда тутган ҳолда тайёрлаш жуда муҳим.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат жойларида мустақил ҳаракатланишини осонлаштирадиган замонавий технологияларни кенг қўллаш зарурлиги таъкидланди. Бу ўринда бугунги жамоат транспортида мавжуд овозли огоҳлантириш ва овозли ахборотга эга электрон ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳақида сўз бормоқда.

Табиийки, бу соҳадаги ишларни яхшилашда қонунчилик ҳужжатларининг ўрни ва аҳамияти катта. Шунинг учун тегишли давлат органлари соҳага оид норма ва стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда уларга амалга қилиш жараёнларини қатъий назоратга олгани маъқул.

Иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларга ҳурмат билан муомалада бўладиган, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ёрдам берадиган ва малакали хизмат кўрсатадиган ходимларни ўқитишга қаратилган ташаббусларни ҳар доим қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдирдилар.

Муҳокамалар якунида ушбу мақсадларга эришиш учун барча манфаатдор томонлар – давлат идоралари, хусусий сектор ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги зарур, деган якдил хулосага келинди. Тўсиқсиз муҳит яратишда халқаро ва тармоқлараро ҳамкорликнинг ўрни муҳимлиги таъкидланди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан берилган тавсияларни амалга оширишга масъулият билан ёндашиш, янада инклюзив ва қулай жамият сари муваффақият билан одимлашнинг калити бўлиши эътироф этилди. Шу маънода, давра суҳбати иштирокчилари ўз касбий масъулияти ва ваколатлари доирасида ўзлаштирган билимларини амалиётга самарали татбиқ этишга ҳамда бундай фойдали ва очиқ мулоқотларда келгусида ҳам фаол иштирок этишга шайлигини билдирганлари диққатга лойиқ.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech