Яқинда “Она диёр ёғдуси” нашриёти томонидан истеъдодли адиб Шохрух Акбаров қаламига мансуб “Агар дардим баён этсам...” номли тарихий-ҳужжатли романнинг тўлдирилган иккинчи нашри чоп этилди. Халқаро андозаларга мос равишда юксак дид ва юқори сифат билан нашр этилган ушбу китоб бир қарашда киши эътиборини ўзига тортади. Унинг сарлавҳасини ўқиган инсон хаёлига энг аввало илоҳий ишқ куйчиси Бобораҳим Машрабнинг машҳур ғазали келади:
“Агар дардим баён этсам, куйиб жону жаҳон ўртар”.
“Бир мудҳиш туҳмат тафсилоти” дея тагсарлавҳа қўйилган ушбу романни мутолаа қилар экансиз, ҳақиқатдан ҳам, ундаги ҳаётий дард олови адибнинг маҳорат қалами воситасида руҳингизга сингиб, қалбингизни “ўртаб бораётганини” ҳис қиласиз.
Ушбу тарихий-ҳужжатли романда 1966 – 1972 йилларда Ўзбекистон Олий суди раиси бўлиб ишлаган, собиқ СССР прокуратураси тергов гуруҳи ва бошқалар томонидан тўқиб чиқарилган айблар асосида 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм қилинган, мустақиллигимиз шарофати билан оқланган закий ҳуқуқшунос Саъдулла Пўлатхўжаевнинг бошидан ўтган синовли кунлар, ҳаётий воқеалар аниқ далиллар асосида баён этилган.
Роман муаллифи Шохрух Акбаров бадиий адабиётда ҳам, публицистикада ҳам асосан ҳуқуқий мавзудаги асарлари билан танилган. Унинг “Одам қиёфасидаги бўрилар”, “Тузоқ”, “Касби-корим адолат бўлди”, “Мен ўзбекман”, “Сиз билган ва билмаган ҳуқуқшунослар” каби ҳуқуқ соҳаси билан боғлиқ китоблари халқимизга манзур бўлган. Шохрух Акбаров “Агар дардим баён этсам...” романини мустақил Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоевнинг тавсияси билан, унинг маслаҳатлари асосида ёзган. Китобнинг дастлабки нашри 2009 йилда чоп этилган ва адабий жамоатчиликнинг юқори баҳосига сазовор бўлган.
Муаллиф ортда қолган йиллар давомида ушбу романни далиллар билан янада бойитиб ва сайқаллаб боргани таҳсинга лойиқ. Унинг тўлдирилган иккинчи нашри “Инсон қадрининг улуғланиши” боби ҳамда китоб мазмунини бойитувчи янги тарихий суратлар билан бойитилган. “Дилдаги гаплар” бобида эса китобнинг биринчи нашрига ёзилган тақризлар ҳам тақдим этилган.
Китоб давлат ва жамоат арбоби, таниқли юрист Убайдулла Мингбоевнинг сўзбошиси билан бошлангани бежиз эмас. Сабаби собиқ шўро тузумининг қатағон сиёсати исканжасида туҳмат ва ясама айблар билан озодликдан маҳрум этилиб, 1974 – 1981 йилларда ноҳақ жазо муддатини ўтаган атоқли юрист Саъдулла Пўлатхўжаевнинг пок номи оқланишида – адолат қарор топишида Убайдулла аканинг ҳам ҳиссаси катта. Мамлакатимиз давлат мустақиллигини қўлга киритгач, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси этиб сайланган Убайдулла Мингбоев бошчилигида собиқ СССР Олий судида кўрилган ва адолатсиз ҳукм чиқарилган кўплаб ишлар қаторида Саъдулла Пўлатхўжаевнинг ҳам иши қайта ўрганилиб, 1994 йилда Олий суд Пленумида оқлов ҳукми чиқарилади.
Китоб сўзбошиси ниҳоятда теран мазмун билан равон услубда ёзилган. Романнинг моҳияти, ёзилиш тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти сўзбошида тўлиқ очиб берилган. Муаллифнинг маҳорати ва романнинг муваффақияти хусусида, жумладан, шундай дейилган: “Эътироф этишим жоизки, муаллиф Пўлатхўжаевнинг бошига тушган туҳматларнинг илдизларини, бир сўз билан айтадиган бўлсам, анатомиясини очиб беришнинг уддасидан чиққан. Ушбу китобда қатағонлар даврининг мудҳиш сиёсати суд ва прокуратура органларининг қатъиятли ва фидойи раҳбарларини ҳам четлаб ўтмаганини кўрсатишга муяссар бўлинди”.
Дарҳақиқат, романни мутолаа қилган инсон шўро тузумининг мудҳиш қатағон сиёсати каттаю кичикни аяб ўтирмаганини, қонун ҳимоячиларининг ўзини қонунни бузишга мажбурлаб, адолатсизликка қарши чиққан кишиларни, улар ходим ёки раҳбар бўлишидан қатъи назар, қаттиқ жазога гирифтор этганини чуқур қайғу билан ўқийди. Ўттиз икки ёшида генерал даражасига етган, прокуратура ва суд тизимидаги фаолиятида адолат устуворлигини таъминлашга интилган Саъдулла Пўлатхўжаевнинг букилмас иродаси ва қатъияти китобхонни қойил қолдиради.
Саъдулла Хўжаевич Пўлатхўжаев 1930 йил 30 майда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Унинг болалик ва ўсмирлик даври осон кечмаган: уч ёшида отасидан ва тўнғич акасидан айрилган. Ўқувчилик йиллари эса иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келган. Болалигиданоқ ҳаёт машаққатларини енгиб, мақсади сари дадил одимлашга ўрганган Саъдулла ака 1947 йилда Ўрта Осиё давлат университети – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирган. 1952 йилда университетни муваффақиятли тамомлаган.
Саъдулла ака меҳнат фаолиятини 22 ёшида Наманган вилояти Уйчи тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимида бошлаган. Адолатпарварлиги, шахсий фазилатлари, кенг билими ва дунёқараши билан прокуратура тизимида эътибор қозониб, Республика прокурорининг ўринбосари даражасигача эришган.
1965 йилда атоқли юрист, академик Хадича Сулаймонованинг тавсияси билан мамлакат раҳбари Шароф Рашидовнинг суҳбатидан ўтгач, ЎзССР Олий суди раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланади. 1966 – 1972 йилларда эса ЎзССР Олий суди раиси сифатида самарали ва фидокорона меҳнат қилади.
Саъдулла ака ЎзССР Олий суди раиси сифатида энг аввало суд мустақиллигини амалда таъминлашга ҳаракат қилган. Романда қайд этилганидек, “Қонунда суднинг мустақиллиги белгиланган бўлса-да, амалда бу мустақилликни таъминлаш қийин, нафақат қийин, балки баъзан бунинг мутлақо иложи бўлмай қоларди. Партия органлари суд ишларига тап тортмай аралашар, у ёки бу ишнинг ечимини суд қарори чиққунча ҳал қилиб қўйган ҳоллар кўп эди. Табиийки, бу адолатли қарор чиқаришда судга катта тўсқинлик қилар эди”.
Шўро тузуми даврида партия органларига қарши бориш оқимга қарши сузишдек мураккаб бўлса ҳам, Саъдулла ака қонунга ва адолатга таянган ҳолда, судлар мустақиллигини таъминлаш, судьялар обрў-эътиборини оширишда сезиларли натижаларга эриша олган.
Қатъиятли, тўғрисўз, пок иймонли Саъдулла ака ҳаётининг энг қалтис лаҳзаларида ҳам инсонийликни устун қўйиб, виждонига зид хатти-ҳаракатларни содир этмаган. Ғаламис кимсаларнинг ноғорасига ўйнаб, ўзи ҳурмат қилган инсонга туҳмат қилмагани учун бирин-кетин оғир синовларга дуч кела бошлаган. Аввал лавозимидан айрилган, кейин партиядан четлатилган ва тўқима айблар, туҳматлар билан ҳибсга олинган. Олис Мари автоном вилоятининг Марки шаҳридаги колонияда жазо муддатини ўтаган.
Бошидан тегирмон тошини юргизишса ҳам, виждонини сотмаган, адолат эртами-кеч барибир қарор топишига ишонган ва метин ирода билан ноҳақликка қарши курашган Саъдулла ака тимсолида муаллиф одамийлик инсоннинг энг улуғ фазилати эканини таъкидлаган.
Роман ўткир ва драматик воқеаларга бой. Энг муҳими, бу воқеалар адибнинг тасаввури маҳсули эмас, балки тўлалигича ҳаётдан олинган. Буни саҳифалар орасида изоҳи билан берилган ҳужжатлар, шунингдек, роман қаҳрамонларининг расмлари ҳам тасдиқлайди.
Китобхон романни мутолаа қилар экан, ўтган асрнинг 70-80-йилларида юртимизнинг қанчадан-қанча жасур ҳамда ватанпарвар инсонларини домига тортган мудҳиш қатағон сиёсатини кўз олдига келтиради. Уни бугунги тинч ва фаровон турмуш билан солиштириб, истиқлол аталмиш олий неъматнинг қадрини янада теранроқ англайди.
Ниҳоятда катта дард ва фожиа ифодаланган ушбу роман якунида эзгулик ғалаба қозонгани, ҳақиқат ва адолат ғолиб бўлгани – ҳаётнинг азалий қонунидир. Чунки қуёшни кафт билан яшириб бўлмаганидек ҳақиқатни ҳам ёлғон билан беркитиб бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, “Агар дардим баён этсам...” тарихий-ҳужжатли романи ҳаёт ҳақиқати ифодаланган, тарихий воқеа-ҳодисалар холислик билан ёритилган, давлат ва жамоат арбоби, атоқли юрист Саъдулла Пўлатхўжаевнинг ибратли ҳаёти, матонати ва жасорати ҳикоя қилинган дурдона асар сифатида беқиёс аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев таъкидлаганидек, “Бундай асарлар авлодлар ўртасидаги ришталарнинг мустаҳкамланишига, одамийлик сифатларининг, касбий маҳорат сирларининг ёшларга безавол етказилишига хизмат қилиши шубҳасиз”.
Акмал САИДОВ,
академик
- Қўшилди: 19.07.2024
- Кўришлар: 1395
- Чоп этиш