Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари” мавзусидаги халқаро форумда 30 дан ортиқ давлат, шунингдек нуфузли халқаро молия ташкилотлари, илмий доиралар вакиллари, хорижий экспертлар ва хусусий сектор раҳбарлари қатнашмоқда.
Денгизга чиқиш йўли бўлмаган ривожланаётган давлатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришига мослашиш, логистика билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида ташкил этилган мазкур анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, ФАО бош директори Сюй Дунъюй, БМТнинг энг кам ривожланган ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича Олий вакили Рабоб Фотима, Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский сўзга чиқди.
Ҳукуматимиз раҳбари мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда, барча соҳаларда бўлгани каби, қишлоқ хўжалигида ҳам самарали ислоҳотлар олиб борилаётгани, бунинг натижасида ички ишлаб чиқариш ҳисобига аҳоли учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва нарх барқарорлиги таъминланаётгани, агрологистика ривожлантирилаётгани ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Куннинг иккинчи ярмига “Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг ЖСТга кириши орқали қишлоқ хўжалиги савдосини енгиллаштириш”, “Қишлоқ хўжалиги соҳасида инвестициявий имкониятлар”, “Қишлоқ хўжалиги бозорида хусусий секторнинг ўрни”, “Озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқланиш”, “Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқaт тизимини трaнсформaция қилиш бўйича сaмaрaли дaвлaт сиёсaтини юритиш”, “Технологик инновация” мавзуларида сессиялар белгиланган.
– Тошкентда тарихий форум ўтяпти, чунки бу йўналишда ҳали халқаро анжуман ўтказилмаган, – деди ФАО бош директори Сюй Дунъюй. – Албатта, бундай йирик тадбир ҳукумат кўмагисиз амалга ошмаган бўларди. Бунинг учун ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёевга, давлат идоралари раҳбарларига ФАО номидан миннатдорлик билдираман. Бугунги оқилона сиёсат туфайли Ўзбекистон жадал тараққий этиб бормоқда. Ҳозир юртингизда инновация дейсизми, технология дейсизми, ҳаммаси муҳайё. Аслида, ривожланаётган давлатлар учун устувор мақсадлардан бири денгиз орқали савдо барқарорлигини таъминлаш, халқаро логистика тармоғини изчил йўлга қўйиш ва узоқ минтақалардаги давлатлар билан савдо алоқаларини яхшилашдан иборат. Шуни инобатга олган ҳолда, кўплаб мамлакатлар айни йўналишда тизимли, режага асосланган, шунингдек кўп тармоқли натижага йўналтирилган инвестиция лойиҳаларига ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратмоқда. Зеро, бу жараён мамлакат иқтисодиёти учун бирламчи масалалар сирасига киради. Мазкур форум ана шундай истиқболли манфаат учун хизмат қилади, деб ўйлайман.
Таъкидлаш жоиз, анжуман давомида Ўзбекистонни жаҳоннинг бошқа минтақалари билан боғловчи транспорт йўналишларини ривожлантириш, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва тегишли тизимларнинг жорий ҳолати тўғрисида хабардорликни ошириш, соҳа тараққиётига тўсқинлик қилаётган минтақавий ва глобал даражадаги асосий масалаларни ҳал этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича янги шартнома, келишувлар имзоланиши кутиляпти.
Ўткир Алимов,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 06.09.2024
- Кўришлар: 1363
- Чоп этиш