15 сентябрь – Халқаро демократия куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йилдаги резолюциясига мувофиқ ҳар йили 15 сентябрь – Халқаро демократия куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу халқаро сананинг белгиланишига Парламентлараро Иттифоқ томонидан Демократия тўғрисидаги умумжаҳон декларацияси 1997 йилнинг айнан 15 сентябрь санасида қабул қилингани асос бўлган.
Демократия – халқ ҳокимияти демакдир. Яъни давлат бошқарувида ҳам, жамият ҳаётидаги муносабатларни тартибга солишда ҳам халқнинг бевосита ёки ўзи сайлаган вакиллари орқали иштирок этиши, давлат бошқаруви халқнинг хоҳиш-иродасига асосланган бўлиши демократик сиёсий тузумнинг моҳиятини ташкил этади.
Демократик давлатнинг Конституция ва қонунларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари кафолатланган бўлиши зарур. Ҳар бир фуқаро давлат ва жамият ҳаётига дахлдор эканини англаб, ўз ҳуқуқларидан монеъликсиз фойдалана олиши демократиянинг асосий шарти ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, жамиятда инсон ҳуқуқларини таъминламай туриб, демократияни мустаҳкамлаб бўлмайди.
Мамлакатимизда ҳам “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият берилмоқда. 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баробарга кўпайгани фикримизнинг яққол тасдиғидир. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 13-моддасида белгиланганидек: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. Шунингдек, 54-моддада инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади экани қайд этилган.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида 2017 йилда бошланган, инсонпарвар ва демократик ҳуқуқий давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар бугунги кунда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида изчил давом эттирилмоқда. Ислоҳотлар марказида, энг аввало, инсон қадрини юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, халқимизни рози қилишдек олий мақсад мужассам.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик. Бу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмаслиги, доимо бардавом бўлиши барчамизга аён. Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”.
Шунингдек, 2020 йил 22 июнда давлатимиз раҳбари фармони билан мустақил мамлакатимиз тарихида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси қабул қилинди. Мазкур Миллий стратегиянинг бош мақсади Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва вазифаларини белгилаб олишдан иборат. Бунда 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган вазифалар аниқ қайд қилинган ва изчил ижро этилмоқда.
Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро миқёсда ҳам фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиб, салмоқли муваффақиятларга эришмоқда. Жумладан, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон 2021 – 2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди.
2024 йил 29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси доирасида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон вакили тарихда биринчи марта Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов 2025 – 2028 йилларга мўлжалланган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди.
Шунингдек, мамлакатимизда 2018 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми, 2019 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг йиллик 6-семинари, 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми, 2022 йилда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусидаги Глобал форум, 2024 йилда “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусидаги инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми каби нуфузли халқаро анжуманлар ўтказилди.
Албатта, инсон ҳуқуқлари бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда эришилаётган муваффақиятлар мамлакатимизда демократияни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Зеро, миллий менталитет, давр ва замон талаблари таъсирида вақт ўтиб демократиянинг кўринишлари ва шакллари ўзгариши мумкин, аммо қайси даврда ва қандай кўринишда бўлмасин, унинг туб моҳиятида, энг аввало, инсон ҳуқуқлари мужассамлигича қолади.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 13.09.2024
- Кўришлар: 876
- Чоп этиш