28 сентябрь – Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни
Дунё мамлакатларида аҳолининг ахборотга бўлган ҳуқуқлари қанчалик таъминланганини назорат қилиш вазифаси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ЮНЕСКО зиммасига юкланган. Шунинг учун 28 сентябрь – Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни даставвал ЮНЕСКОнинг 2015 йилдаги резолюцияси асосида эълон қилинган бўлса, 2019 йилда БМТ Бош Ассамблеяси уни халқаро саналар тақвимига киритган.
БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор тараққиёт мақсадлари тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, ЮНИСЕФ кенг жамоатчиликнинг ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлиши муҳимлигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, ахборот эркинлиги – демократиянинг ҳал қилувчи таянчларидан биридир.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ, “Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади”.
Ахборот эркинлиги – инсоннинг асосий ҳуқуқи. У эркинликнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ҳимоясига олган барча турлари учун мезон саналади.
Оммавий ахборот воситаларининг тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ривожлантириш ва ирқчилик ҳамда апартеид ва урушга гижгижлашга қарши курашдаги ҳиссасига оид асосий принциплар тўғрисидаги декларациянинг 2-моддасида қайд этилганидек, “инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг таркибий қисми сифатида эътироф этиладиган фикр, уни ифодалаш ва ахборот эркинлигини амалга ошириш тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир”.
Халқимиз 2023 йил 30 апрелда овоз берган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фикр, ахборот ва матбуот эркинлигини таъминлашга қаратилган нормалар сони ортди ва конституциявий кафолатлар янада мустаҳкамланди. Бу ҳам ахборот эркинлиги тақозосидир. Бинобарин, “Шоҳсен – огоҳсен, огоҳсен – шоҳсен”, дейди донишлар.
Оммавий ахборот воситалари бутун дунёда “тўртинчи ҳокимият” дея таърифланиши бежиз эмас. Нега деганда, ахборот – ҳокимият, куч-қудрат, салоҳиятдир. Ҳар бир шахс ахборотдан эркин хабардор бўлишининг таъминланиши, ўз навбатида, очиқ ва баркамол, инклюзив ва маърифий жамият барпо этишнинг тамал тоши бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қаердаки оммавий ахборот воситалари очиқлиги ҳақида гап кетса, соҳа вакилларини фаол бўлишга даъват этади, доим ахборот эркинлигини қўллаб-қувватлашини, журналистлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъкидлайди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг янги тизими жорий этилди. Натижада кейинги даврда кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, барча туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни 2016 йилдан буён кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам нишонланади. Шу муносабат билан айни сана арафасида дунёнинг турли давлатларида ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 27 июнь куни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида таъкидлаганидек, “Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда”. Бу ҳақда сўз борганда, давлат раҳбарининг 2023 йилги табригида қайд этилган мана бу далил ва рақамларни келтириш мақсадга мувофиқ:
- Ҳозирги кунда юртимизда 2 минг 140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради.
- Анъанавий нашрлар билан бирга интернет-нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 745 тага етгани ва ўқувчилар оммасини тобора кўпроқ ўзига жалб этаётганини қайд этиш лозим.
- Давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар таркибида ахборот хизматлари йўлга қўйилгани халқ билан мулоқотни кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг очиқлик борасидаги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизими жорий этилди.
- Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқаро ахборот маконига ҳам дадил кириб бормоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда бир қатор хусусий телестудияларнинг кўрсатувлари жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлатларига узатилмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ўз хабарларини 10 та хорижий тилда тарқатмоқда.
- Сўнгги йилларда республика нашриётлари томонидан 132 миллион нусха бадиий китоб ва бошқа адабиётлар чоп этилгани китобсевар халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг онгу тафаккурини юксалтиришда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз.
- Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу соҳа учун уч йил муддатга даромад солиғи бўйича имтиёзлар берилгани уларнинг иқтисодий ҳолатини барқарорлаштиришда катта мадад бўлмоқда.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Қорақалпоқ давлат университети, Бухоро давлат университети каби таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича юзлаб мутахассислар тайёрланмоқда.
Ушбу олий таълим даргоҳларида талаба ёшларимиз босма оммавий ахборот воситалари ва ноширлик иши, аудиовизуал журналистика, интернет журналистикаси ва менежменти, медиа назарияси ва амалиёти, ҳарбий ва спорт журналистикаси, рақамли медиа, халқаро муносабатлар сингари йигирмадан зиёд таълим йўналишлари бўйича юқори малакали профессор-ўқитувчилардан маҳорат сирларини ўрганмоқда.
Демократик матбуотнинг асосий шарти ва талаби холислик, ҳаққонийлик, миллий манфаатларга содиқликдир. Шу жиҳатдан, ахборотни эркин олиш ҳуқуқи – ҳам қонуний, ҳам инсоний жиҳатдан долзарб масала.
Аммо ушбу жараёнда яна бир муҳим жиҳат – ахборот олиш ва тарқатишдаги зарур шароитларни яратиб бериш талаби борлигини унутмаслигимиз керак. Бу ўринда рақамли бошқарув ва сунъий интеллект имкониятларидан, жумладан, турли овозли роботлар, ёзма чатларда жавоб берадиган ҳозиржавоб машиналар ва бошқа инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш масаласи кўзда тутилмоқда.
Бундай технологиялар ахборотнинг қоғоздан аудиога, аудиодан видеога айланиб юриши сингари рақамли жараёнларни таъминлаб беради. Яъни истеъмолчи ахборотни исталган шаклда олиш имкониятига эга бўлади.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, жамиятимиздаги имконияти чекланган инсонларнинг ҳам тўлиқ ахборот олишига йўл очади. Энг асосий масала: инсонларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқини таъминлашда давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар, умуман, барча ахборотлар шундай осон шаклда етказилиши керакки, уни топишда қийинчилик бўлмасин.
Ҳозирги вақтда ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда. Бу, бир томондан, мамлакатимизда сўз эркинлигини тўла таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, оммавий ахборот воситаларидан ижтимоий масъулиятни теран англашни ҳам тақозо этади.
Мухтасар айтганда, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар жадал тараққий этиб ҳамда тобора глобаллашиб бораётган янги даврда ахборот эркинлиги имкониятларидан фойдаланишнинг ўзига яраша ижтимоий юки ҳам борлигини унутмаслик даркор. Зотан, ҳар қандай эркинлик, агар уни суиистеъмол қилинмаса, пировардида том маънода тинчлик ва фаровонлик, барқарорлик ва тараққиёт, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик омилига айланади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 27.09.2024
- Кўришлар: 736
- Чоп этиш