Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Инсон хуқуқлари буйича миллий марказ, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашнинг долзарб масалалари: жорий ҳолат ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференциядан кўзланган асосий мақсад БМТнинг «Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенцияси қабул қилинганининг 45 йиллигини нишонлашга оид тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорининг ўринбосари Дилноза Муратова, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтининг директори, таниқли олима Нодира Эгамбердиева ва бошқалар хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоялаш масаласи кейинги йилларда Ўзбекистонда янгича маъно ва мазмун касб этганини таъкидлади.
Мамлакатимизда аёллар, ёшлар, болалар манфаатларини таъминлаш бўйича бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган. Айни пайтда бу йўналишда миллий қонунчилигимиз муттасил такомиллашмоқда.
Конференцияда бу борада илмий соҳа вакиллари, амалиётчи ва экспертларнинг фикрлари ўрганилиб, аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижаларини жорий этиш ва шу билан бирга, аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратиш, аҳоли ўртасида гендер қадриятларни тарғиб қилиш, тажриба алмашиш, уларнинг натижалари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Гендер тенглигига эришиш бугунги халқаро ҳамжият олдида турган барқарор ривожланиш мақсади ҳисобланади. БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида 70-резолюцияси билан 2030 йилга қадар 17 та мақсадга эришиш бўйича 169 та мақсадли вазифа тасдиқланган. Бевосита барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад — Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга эришишдан иборат.
– Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида Конвенция (CEDAW) 1979 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган халқаро шартнома ҳисобланади, – деди “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева. – Бу йил мазкур ҳужжат қабул қилинганига 45 йил тўлади. Ушбу ҳужжат аёллар ҳуқуқларини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги барча жиҳатлар миллий қонунчилигимиз, янгиланган Конституциямизда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган. Бугун Ўзбекистон аёллари мамлакатимизда кечаётган ижтимоий ўзгаришларнинг марказида бўлиши билан бирга, ислоҳотларда фаол иштирок этаётгани ҳам диққатга сазовор.
– Ўзбекистонда аёллар учун кенг имкониятлар яратиш, гендер зўравонликка барҳам бериш бўйича муайян ютуқларга эришилди, – деди БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде. – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги каби тузилмалар мажмуавий қўллаб-қувватлаш тизимини яратиб бунда ҳал этувчи роль ўйнамоқда. “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” акцияси одамларнинг хабардорлигини ошириш билан бирга, қатъий чора-тадбирларни амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро конференцияда эътироф этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. 2030 йилгача Гендер тенглигига эришиш бўйича стратегия қабул қилинди, мазкур йўналишга оид қонунлар орқали ҳуқуқий асос мустаҳкамланди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Гендер комиссияси каби муҳим институтлар фаолият юритмоқда.
Конференцияда айтилганидек, жамиятда гендер стереотиплари ҳанузгача кенг тарқалган бўлиб, уларни бартараф этиш учун ҳамкорликдаги тарғибот тадбирларининг ўрни муҳим. Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасидаги ишларни кучайтириш зарур. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашда янада тизимли ёндашув талаб этилади. Таълим ва тарғибот ишларини кучайтириш орқали гендер тенглиги мавзусини мактаб ва олий ўқув юртлари дастурларига киритиш, жамоатчиликни хабардор қилиш зарур. Гендер стереотиплари ва ижтимоий нормаларни ўзгартириш мақсадида ижодий маҳсулотлар ва оммавий ахборот воситалари орқали гендер тенглигини тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Экспертлар томонидан таъкидланганидек, гендер мониторинги ва статистикасини такомиллаштириш орқали гендер масалалари бўйича аниқ маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш тизимини ривожлантириш керак. Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш йўлида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг иш ҳақи, меҳнат шартлари ва тадбиркорлик имкониятларини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали гендер тенглиги соҳасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан тажриба алмашиш ва биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилиб қўйилган. Ушбу масалалар муҳокамасига бағишланган конференцияда давлат органлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Конференция давомида гендер тенглигини таъминлаш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди ва келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 28.11.2024
- Кўришлар: 640
- Чоп этиш