Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан:
"Байрам нима?" деб сўрадилар.
Мусулмонлар амири шундай жавоб берди:
— Гуноҳсиз ўтган ҳар бир кун байрамдир!
Янги йил байрами муносабати билан мамлакатимизда 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар олти кун, 6 кунлик иш ҳафтасида ишловчи ходимлар эса кетма-кет беш кун дам оладилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрда имзоланган "Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунни белгилаш ва дам олиш кунини кўчириш тўғрисида"ги қарори бунинг учун ҳуқуқий асосдир.
Ўзбекистонда кириб келаётган 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт йили”, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан байрам арафасида БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) мутахассисларининг тегишли хулоса ва тавсияларини талқин этиш янада маъқул, деб ўйлаймиз.
Ҳар гал байрам кунлари дунёнинг аксарият ҳудудларида «шоппинг», яъни дўконма-дўкон юрганча беҳисоб нарса-буюмлар харид қилиш урфга айланган. Зеро, уйда тўкин дастурхон ясатиб, яқинларга совға-салом улашган ҳолда, байрамни хуш кайфият билан ўтказганга нима етсин.
Аммо, экологияга хилоф бундай истеъмолчилик маданияти туфайли она сайёрамизни уч карра бўҳрон домига ташлашимизни биламизми? Яъни, бундай ортиқча харажату ҳаракатлар оқибатида ҳар қайсимиз:
биринчидан, иқлим ўзгаришига;
иккинчидан, табиат ва биохилма-хилликнинг барҳам топишига;
учинчидан, атроф-муҳит ифлосланиши ҳамда чиқиндиларнинг яна ортишига сабабчи бўламиз.
Айни йўналишдаги тадқиқотлар кўрсатишича, инсоннинг бахтиёрлиги кўп нарса харид қилишига мутлақо боғлиқ эмас экан. Бундай пайтларда беҳуда сарф-харажат ва исрофгарчилик ортади, холос.
БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури маълумотларига қараганда, бугунги кунда ҳавога буғланаётган зарарли газларнинг учдан икки қисми хонадонлар ва уй-жой хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи фикрича, агар инсонлар ўзларининг номақбул ҳаёт тарзини ўзгартирса, 2050 йилда сайёрамиз ҳароратининг қизиб кетишига сабаб бўлаётган буғланувчи газлар ҳажмини 70 фоиз камайтириш имкони туғилади.
Байрамни кўп нарса харид қилмай ва ортиқча сарф-харажатга йўл қўймай ҳам шод-хуррамлик билан нишонлаш мумкин. Шу нуқтаи назардан, байрам кунлари она табиат кушандасига айланишнинг олдини оладиган баъзи тавсияларни санаб ўтамиз.
Биринчи тавсия – байрам совғасини ўз қўлларингиз билан тайёрланг. Масалан, дўкондан торт ва пишириқлар харид қилиш ўрнига ўзингиз печенье ё бошқа хил ширинликлар пиширинг. Ёки бўлмаса, совға учун экологик тоза маҳсулотлар сотиб олинг; бу билан сиз табиат ва атроф-муҳит тозалиги учун қайғурадиган компаниялар фаолиятини рағбатлантирган бўласиз.
Иккинчи тавсия – кийиниш борасида экологик мода нуқтаи назаридан урф бўлган либосларни танланг. Ҳозирги вақтда одамлар бундан 15 йил олдингига нисбатан 60 фоиз кўпроқ кийим-кечак харид қилмоқда, бу буюмларнинг яроқлилик муддати эса аввалгига нисбатан икки баробар қисқарган.
Айни шу омиллар ҳам сайёрамизга катта зарар етказмоқда. Нега деганда, мода саноати сувни кўп истеъмол қилиш борасида иккинчи ўринда туради, қолаверса, ҳавони булғаётган глобал миқёсдаги буғланувчи газларнинг 2-8 фоизи айни шу тармоқ “ҳиссаси”га тўғри келади.
Учинчи тавсия – ўзингиз яшаб турган ҳудудда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилинг ва худди шу ҳудудда саёҳат қилинг ёки дам олинг. Маҳаллий товарларни сотиб олиш ва шу заминда етиштирилган маҳсулотларни истеъмол қилиш алоҳида аҳамиятга эга.
Бундай харид ва истеъмол, бир томондан, маблағингизни тежаса, бошқа томондан, маҳаллий тадбиркорлар фаолиятига рағбат беради. Қолаверса, товар ва маҳсулотларни олисдан ташиб келиш эҳтиёжи камаяди. Натижада юк транспортининг ёнилғи сарфи тежалади, ўз навбатида, ҳавога зарарли газларнинг буғланиши чекланади.
Тўртинчи тавсия – ишлатилган буюмларни харид қилинг. Гап шундаки, байрам кунлари ва таътиллар мавсумида аксарият савдогарлар ўз нарса-буюмларини арзонлаштирилган нархларда сотувга қўяди.
Сиз эса арзон нарх-навога чалғимасдан, аксинча, аввал ишлатилган бўлса ҳам ноёб ва бежирим, юқори сифатли ва чидамли буюмларни харид қилишга интилинг. Токи пул сарфлаган нарсаларингиз тезда эскирмасин, чиқиндига ташлаб юборадиган аҳволга келиб қолмасин, балки узоқ муддатга чидаб берсин ва кўркамлигини сақлаб турсин.
Бешинчи тавсия – бир марта ишлатиладиган буюмларни кўп марталиги билан алмаштиринг. Бугун ҳар дақиқада тахминан бир юк машинасидаги елим (пластик) идишлардан иборат чиқинди дунё океанини ифлос қилмоқда. Бу чиқиндиларнинг тенг ярмини бир марта ишлатилганидан кейин ташлаб юбориладиган буюмлар ташкил этади.
Байрам кунлари атроф-муҳитга зиён етказадиган турли маҳсулотлардан одатий кунлардагига нисбатан уч баробар кўп фойдаланар эканмиз. Бу ўринда миллионлаб дона пластик идишлар, улар учун елим қошиқ ва найчалар, яна миллионлаб зар варақли қадоқлаш қоғозлари ва қутичалар ҳақида сўз бормоқда.
Пластик чиқиндилар экотизимнинг иқлим ўзгаришига мослашиш лаёқатини сусайтиради. Оқибатда эса миллионлаб инсонлар ҳаёти ва фаровонлиги учун керакли озиқ-овқат ҳамда бошқа маҳсулотлар етиштириш жараёни оқсайди.
Ҳар йили беш триллион дона елим халтача ишлатилмоқда ва уларнинг катта қисми океан сувларини булғамоқда. Бу аччиқ ҳақиқатни унутманг ва имкон қадар тезроқ елим халтачалардан воз кечиб, қоғоз ёки матодан тикилганларига ўтинг.
Яна бир муҳим омил: байрам совғаларининг қути ва ўрамларини чиқиндига ташлаб юборар экансиз, бутун дунёда йилига қарийб 11,2 миллиард тонна ана шундай қаттиқ чиқиндилар тўпланиши ёдингизда турсин. Ҳозирги замонавий иқтисодиёт ва илғор технологиялар даврида бундай қути-ю ўрамларнинг ҳажми ортгандан-ортиб, таркиби эса тобора мураккаблашиб бормоқда. Табиийки, ушбу омиллар ҳам экотизим софлиги ва инсон соғлигига жиддий хавф солади.
Олтинчи тавсия – озиқ-овқатларни чиқиндига ташлаш кўламини камайтиринг. Байрам дастурхонига турли хил маҳсулотлар харид қилиш асносида фақат энг кераклиларини сотиб олиш билан кифояланиш лозим.
Ҳар йили бутун дунёда харид қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми чиқиндихонага ташланмоқда. Йилига тахминан 1,3 миллиард тоннани ташкил этадиган бу улкан чиқинди “тоғ”лари эса биохилма-хиллик барҳам топишига, табиатнинг ифлосланиши ва иқлимнинг ўзгаришига олиб келмоқда.
Хонадонингизда чиқинди кўпаймаслиги учун қолдиқ таомларни озода ўрамларга солиб қўйинг ва улардан янги нимадир, масалан, қотган нонлардан нонқоқи (сухари) тайёрлашда фойдаланинг. Бундай саъй-ҳаракатингиз, бир томондан, рўзғорингизга тежамкорлик орқали барака олиб кирса, иккинчи томондан, ҳавога буғланадиган зарарли газлар миқдори камайишига ёрдам беради.
Еттинчи тавсия – дастурхонингизни имкон қадар кўкат ва резавор таомлар билан тўлдиринг. Байрам кунлари сабзавот ва кўкатли парҳез сақлаш инсоннинг ҳам саломатлиги, ҳам ҳамёни учун фойдалидир. Дунё маданиятларида резаворли парҳезнинг бир неча турлари мавжудки, улар нафақат фойдали ва тўйимли, балки сайёрамиз учун безиён ҳамдир.
Гап шундаки, гўшт етиштириш иқлим ўзгаришига энг кўп улуш қўшаётган соҳа ҳисобланади. Бугунги кунда ҳавога буғланаётган метан газининг 32 фоизи чорва моллари гўнг ва ахлатидан ажралиб чиқмоқда. Бир киши кунига 100 грамм гўшт ейиши ҳисобга олинса, дастурхонни кўкат ва резавор таомлар билан тўлдириш ҳам инсон соғлиги, ҳам сайёрамиз ҳавосининг мусаффолиги учун улкан аҳамият касб этиши ўз-ўзидан аён бўлади.
Ушбу тавсиялар БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) мутахассислари томонидан тайёрланган. Уларга амал қилиниши Париж битимида белгиланган мақсадга эришиш, яъни глобал ҳарорат қизиб кетиши даражасини 2°C дан қуйида ушлаб туришга хизмат қилади.
Қолаверса, инсоният тасарруфидаги мавжуд захиралардан унумли ва тежамли фойдаланиш – нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, балки янги иш жойлари очиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари хизматларидан фойдаланишда ҳамда хавфсиз ва муносиб ҳаёт даражасига эришишда барча учун тенг ва кенг имкониятлар яратиш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода, ҳар доим байрам – байрамга ўхшасин. Хушнуд кунларимиз кўп бўлсин, айни чоғда, ҳеч кимга ва ҳеч нарсага хурсандчилигимизнинг зарари, зиён-заҳмати тегмасин. Эзгу ният, эзгу сўз ва эзгу амал бирлиги ҳам аслида шунда намоён бўлади.
Ғулом МИРЗО
"ЎЗБЕКИСТОН QISHLOQ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ" журнали 1/2025
- Қўшилди: 03.01.2025
- Кўришлар: 669
- Чоп этиш