2025 йил 1 мартдан қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар кучга киради. Хусусан, айрим ота-оналарга фарзанди учун моддий ёрдам берилади, ёшга доир пенсиялар проактив шаклда тайинланади, айрим трактор ва комбайнларга GPS қурилмаси ўрнатилмаса, давлат рўйхатидан ўтказилмайди, судда иш юритиш тарафлар келишуви сабабли тугатилганда давлат божи қайтариб берилади ва бошқалар…
1 мартдан миллий қонунчиликда қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:
Айрим боғчаларнинг педагог кадрлари учун мобиль малака ошириш хизматлари йўлга қўйилади
"Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 мартдан тажриба-синов тариқасида республиканинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобиль малака ошириш хизматлари жорий этилади.
Янги тажриба жорий этилади
"Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 мартдан "Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизидаги касбий кўникмалар марказларида амалий касбий кўникмаларни бевосита иш жойида шакллантириш имконини берувчи янги тажриба жорий этилади.
Ёшга доир пенсиялар проактив шаклда тайинланади
"Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 мартдан фуқароларга ёшга доир пенсияларни "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунда белгиланган ёшга тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади.
Бунда, ёшга доир пенсиялар Пенсия жамғармасининг ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралараро ахборот алмашинуви асосида олинадиган фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи ҳамда бошқа маълумотларига асосан ҳисобланади ва тайинланади.
Фуқароларга пенсия ёшига етиб меҳнат фаолиятини давом эттирган ҳолда кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирганида проактив шаклда тайинланган пенсияни рад қилиш ҳуқуқи берилади.
Ер қаъридан фойдаланиш мониторинги "Геомониторинг" АТ орқали амалга оширилади
"2024–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 мартдан ер қаъридан фойдаланиш бўйича масофавий мониторинг ва риск-таҳлил "Геомониторинг" ахборот тизими ҳамда SGM платформаси орқали амалга оширилади.
Мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг малакаси янгича тизим орқали оширилади
"Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 мартдан мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун назария ва амалиёт уйғунлаштирилган ҳолда малака ошириш тизими йўлга қўйилади.
Бунда малака ошириш таълим дастурининг назарий қисми А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагогик маҳорат марказларида, амалий (ижодий) қисми болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этилади ва марказларга ишга қабул қилинадиган мусиқа маданияти фани ўқитувчилари меҳнатига соатбай асосда иш ҳақи тўланади.
Айрим ота-оналарга фарзанди учун моддий ёрдам берилади
"Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 мартдан Камбағал оилалар реестрига киритилган ва расмий банд бўлган ёлғиз она (ота)га ижтимоий шартнома асосида бир нафар фарзанди учун бола(лар) 3 ёшга тўлгунигача мактабгача таълим хизматидан фойдаланиш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан БҲМнинг бир ярим бараваригача миқдорида моддий ёрдам берилади.
Бунда агар болалар эгизак бўлса, моддий ёрдам эгизакларнинг ҳар бири учун берилади
Судда иш юритиш тарафлар келишуви сабабли тугатилганда давлат божи қайтариб берилади.
"Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 мартдан судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли тугатилганда, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга давлат божини қуйидаги миқдорларда қайтариб бериш тартиби жорий этилади:
— биринчи инстанция судида — тўланган давлат божининг 70 фоизи;
— апелляция ва кассация тартибида берилган шикоятлар бўйича судда — тўланган давлат божининг 30 фоизи.
Айрим трактор ва комбайнларга GPS қурилмаси ўрнатилмаса давлат рўйхатидан ўтказилмайди
“Қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 мартдан имтиёзлардан фойдаланган ҳолда харид қилинган, шу жумладан, республикада ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги тракторлар ва комбайнларни уларга GPS қурилмасини ўрнатмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.
Умиджон Қурбонов тайёрлади,
ЎзА
- Қўшилди: 03.03.2025
- Кўришлар: 1133
- Чоп этиш