“Самарқанд – миллий давлатчилигимиз ва умуман, жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўринга эга. Ушбу боқий шаҳар тарихимиздаги иккала Ренессанс даврининг юзага келиши ва ривожида муҳим роль ўйнаган”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ушбу фикрларни алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ўзи барпо этган қудратли салтанат учун айнан Самарқанд шаҳрини пойтахт этиб белгилагани албатта бежиз эмас.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанднинг азалий шуҳратини тиклаш йўлида сўнгги йилларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободлик ишларни амалга оширилмоқда. Қадимий ва навқирон Самарқанд бағрида янгитдан қад ростлаган замонавий, улуғвор меъморий мажмуа бу йўлдаги яна бир улкан қадам бўлди.
Самарқанд-Cитининг янги қиёфаси
“Буюк ипак йўли” марказининг қурилиши тарихи ҳақида сўз борганда, аввало, уни бунёд этиш ташаббускори Президент Шавкат Мирзиёев эканини таъкидлаш лозим. Зеро, шу пайтга қадар сайёҳлар миллий давлатчилигимизга асос бўлган Самарқанд шаҳрининг фақат қадимий обидаларини кўриш ва табаррук жойларини зиёрат қилиш учун келган, холос.
Мажмуанинг Бош меъмори бўлмиш Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида, биринчи навбатда, тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоа иштирокида пухта лойиҳа ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу ерга бир неча марта келиб, лойиҳани миллий меъморчилик ва шаҳарсозлик тажрибамиз, иқлим шароити ва одамларга қулайлик жиҳатидан такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.
Улкан мажмуа такомиллаштирилган лойиҳа асосида, пандемиядаги қийинчиликларга қарамай, қисқа вақтда қуриб битказилди. Ана шундай ғоят мураккаб ва ноёб лойиҳани амалга ошириш учун бунёдкор халқимиз вакиллари ҳалол ҳамда фидокорона меҳнат қилдилар.
Куч – бирликда, дейдилар. Бу ерда юқори билим ва тажрибага эга инженер-мутахассисларимиз, малакали қурувчиларимиз, навқирон ёшларимиз хорижий ҳамкорларимиз бўлмиш Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг етук мутахассислари билан қўлни қўлга бериб аҳил ҳамда самарадор ишлаганлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
“Буюк ипак йўли”: мозийга назар
Ушбу муҳташам ва замонавий мажмуага “Буюк ипак йўли” деб ном берилгани замирида чуқур маъно бор. Шу ўринда 2022 йил 11 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида Ўзбекистон ташаббуси асосида ишлаб чиқилган «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюция бир овоздан маъқулланганини эслайлик.
Давлатимиз раҳбарининг ўша ташаббуси – тўсатдан хаёлга келиб қолган шунчаки бир тасодифий ғоя эмасди. Аксинча, айни ташаббус Ўзбекистон кейинги 5-6 йил давомида изчиллик билан илгари сураётган ва жаҳон ҳамжамияти кенг қўллаб-қувватлаётган, янада муҳими, амалиётга теран татбиқ этилаётган халқаро ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасидаги ташаббусларининг мантиқий давомидир.
БМТ томонидан ушбу ҳужжатнинг қабул қилингани, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон Президентининг минтақалараро узвий боғлиқлик концепциясини амалга ошириш йўлида қўйилган оламшумул қадамдир. Бу, албатта, халқаро ҳамжамият Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган улкан бирдамлик ғоясига узоқни кўра билиш ва тўғри прогноз қилиш қобилиятининг ҳосиласи сифатида юксак баҳо берганини англатади.
Агар “Резолюциянинг ҳаётга татбиқ этилиши шу икки минтақа ҳудудида яшайдиган одамларга нима беради?” деган оддий, аммо жўяли мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, авваламбор, Буюк ипак йўли каби азалий халқаро савдо йўлларининг тикланиши бозорларимиздаги тўкинликни таъминлайди. Бу эса маҳсулотларнинг тури тубдан ортиши, турфа товарлар сифати янада яхшиланиши ва нарх-наво арзонлашишига олиб келади.
Қолаверса, олис тарихда – Биринчи Шарқ Уйғониши ва Иккинчи Темурийлар Ренессанси даврларида бўлганидек, тижорат ва савдо-сотиқ, саёҳат ва зиёрат, билим олиш ва илм ўрганиш мақсадини кўнглига тугкан ҳар бир инсоннинг ана шу кенг маконда эмин-эркин ҳаракатланишига йўл очилади.
Шу билан бирга, Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан маконида ягона инновацион муҳит яратиш йўлида амалий қадамлар қўйилади. Бунда, айниқса, транспорт-коммуникация инфратузилмалари билан боғлиқ кўп томонлама лойиҳаларнинг татбиқ этилиши жуда муҳимлигига эътибор қаратиш лозим.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Буюк ипак йўли” тушунчасининг маъноси ва аҳамиятига яна бир бор алоҳида тўхталди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, асрлар давомида Хитойнинг қадимий Сиан шаҳридан бошланиб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳудудидан ўтган ва кўҳна Римга қадар етиб борган бу улкан савдо йўли жаҳон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий мулоқот воситаси бўлиб келган.
Азим Самарқанд эса, Буюк ипак йўлининг чорраҳасидаги асосий манзилларидан бири бўлган. Шунинг учун янги марказдаги биноларда Буюк ипак йўли даврига оид тарихий манзаралар ҳам акс эттирилди. Хусусан, “Боқий шаҳар” мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган.
Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирлар шу ерда бўлиб ўтади. Келгуси йилда эса қадимий шаҳримизда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси ҳам ўтказилиши кутилмоқда.
“Буюк ипак йўли” мажмуаси: Учинчи Ренессанс сари
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳри тарихимиздаги иккала Ренессанс даврининг юзага келиши ва ривожида муҳим роль ўйнаганини алоҳида қайд этгани бежиз эмас. Нега деганда, аслида ҳам, улуғ аждодларимиз тарихда бир эмас, иккита Ренессансга асос солганлар.
Биринчи Шарқ Уйғониш даври – IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган "Маърифий Ренессанс" ҳисобланади. Бу даврда буюк алломалар, қомусий билим соҳиблари, машҳур мутафаккирлар етишиб чиққан.
Аниқ фанлар соҳасида Муҳаммад Хоразмий, Абу Бакр Розий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Умар Ҳайём, фалсафа соҳасида Абу Наср Форобий, Ибн Рушд, Муҳаммад Ғаззолий, Азизиддин Насафий, тиббиёт соҳасида Абу Али ибн Сино, тилшуносликда Маҳмуд Замахшарий, шеъриятда Абу Абдулло Рудакий, Абулқосим Фирдавсий, Ҳофиз Шерозий, Низомий Ганжавий баракали ижод қилганлар. Уларнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига мислсиз ҳисса қўшган.
Тарихий манбаларда “ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган ушбу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ мутафаккирлар бутун мусулмон оламига донг таратган. Уларнинг аксарияти айнан Самарқанд шаҳрида яшаган, таҳсил олган ва самарали илмий-маърифий фаолият юритганлар.
Имом Бухорийга юксак эҳтиром
Мамлакатимизда Имом Бухорий ҳазратларининг бой маънавий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Биринчидан, Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи туфайли Имом Бухорий ҳазратларининг муборак номлари халқаро ҳамжамиятнинг олий минбаридан илк бор янграганди.
Иккинчидан, жорий йил 15 августда эса давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги орден таъсис этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Орден икки даражали – «Олий даражали Имом Бухорий» ордени ҳамда «Имом Бухорий» орденидан иборат. У билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган фуқаролар мукофотланади.
Учинчидан, шу кунларда Самарқанд вилояти Хартанг қишлоғидаги Имом Бухорий мажмуаси буюк муҳаддис бобомизнинг мусулмон оламидаги юксак ҳурматига муносиб тарзда қайта қурилмоқда. Мақбара, улкан масжид, миноралар, айвонлар барпо этилмоқда.
Тўртинчидан, давлатимиз раҳбари бу ердаги бунёдкорлик жараёни билан танишар экан, мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди. Шунингдек, “Яқинда Мадина шаҳрида бўлганимизда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейини кўрдик. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Булар ёшлар, чет эллик сайёҳларнинг яққол тасаввурида қолади. Музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади”, – деди Президентимиз.
Бешинчидан, Юртбошимиз шахсан бошида турган ана шу эзгу амалларнинг барчаси, бир томондан, Имом Бухорий ҳазратларининг табаррук хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилса, икинчи томондан, улуғ аждодимизга ҳар томонлама муносиб бўлишимиз кераклигига ўзига хос маърифий даъват ҳамдир. Бинобарин, бизни мусулмон оламида “Бухорийлар” дея эъзозлашларидан ҳар биримиз ўзгача фахру ифтихор ҳиссини туямиз.
Иккинчи Шарқ Уйғониш даври – ХIV-ХVI асрлардаги "Темурийлар Ренессанси"дир. Бунда Амир Темур бунёд этган улуғ салтанат ҳамда шу салтанатнинг азим пойтахти бўлмиш Самарқанднинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Соҳибқирон бобомиз илм-фан ва маданият равнақига кенг имкониятлар яратган, дин пешволари, олимлар, санъатшунослар, ёзувчилар, шоирларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатган. Бу маънавий-маърифий сиёсат натижасида Шарқ Уйғониш даврининг иккинчи босқичига асос солинган.
Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилган.
Ўз навбатида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз”.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Самарқанд шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилишига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганларидек, “Бу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради. Ушбу мажмуа мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк бўлади”.
Акмал Саидов,
академик
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти
- Қўшилди: 26.08.2022
- Кўришлар: 5201
- Чоп этиш