ҚОНУН ТИЛИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги тараққиёт босқичи Учинчи Ренессанс даври билан ҳамоҳанг тарзда амалга ошмоқда. Бундай мураккаб ижтимоий-ҳуқуқий жараёнларда, энг аввало, фанларнинг ўзаро интеграцияси муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан ўзбек ҳуқуқшунослиги мустақиллик йилларида тубдан шаклланиб, тадрижий тарзда ривожланиши, айнан бошқа фанлар билан уйғунлашиб, янада такомиллашаётгани диққатга сазовор.

Бу борада яқинда профессор Шуҳрат Кўчимовнинг Тошкент давлат юридик университети томонидан чоп қилинган “Қонун тили лингвистикаси” номли илмий рисоласи (монографияси) фикримиз далилидир. Мазкур илмий китобнинг қуйидаги илмий янгиликларини қайд этиш мумкин.

Биринчидан, Ўзбекистон қонунларининг тили, юридик терминология, қонунчилик услубияти масалалари илк маротаба лингвистик жиҳатдан тадқиқ этилиб, ўзбек ҳуқуқшунослиги муҳим илмий асар билан бойиди. Ўзбек қонунчилик тили, қонунчилик услубияти, унинг функционал услублари, юридик терминология масалаларини лингвистик жиҳатдан илмий-назарий таҳлил қилиш, унинг лингво-юридик қоидаларини аниқлаш ва шу асосда қонун тилига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқишда муҳим манба ҳисобланади.

Иккинчидан, ҳозирда ҳуқуқшунослик ва унинг бошқа ижтимоий фанлар билан интеграцияси давлат ва фуқаролик жамияти ривожида муҳим манба ҳисобланади. Бошқача айтганда, ҳуқуқшунослик ва тилшунослик фанлари интеграцияси, яъни ҳуқуқнинг тилга, ўз навбатида, тилнинг ҳуқуққа таъсири масалалари мамлакатимиз мустақиллигидан кейин пайдо бўлган янги илмий йўналиш дейишга тўла асослар бор.

Учинчидан, ҳар қандай қонун ҳуқуқий нуқтаи назардан қанчалик адолатли бўлмасин, тил ва услуб жиҳатдан мукаммал бўлмас экан, ўз олдига қўйган стратегик мақсад ва тактик вазифаларини тўлиқ бажара олмайди. Бунда, айниқса, қонун ва давлат тили, қонун ижодкорлиги фаолиятида тил ва услубнинг тутган ўрни масалалари муҳим илмий-назарий ва амалий аҳамият касб этади.

Тўртинчидан, қонуншунослик тили йўналишида, мустақилликдан сўнг, мамлакатимиз ҳуқуқшунос ва тилшунос олимлари томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, турли даражадаги диссертациялар ҳимоя қилиниб, рисолалар нашр этилди, луғат ва илмий мақолалар яратилди. Бироқ ушбу китоб соҳанинг ўта мураккаб ва нозиклигини инобатга олиб, унда фанлараро илмий йўналиш бўлгани боис ўзбек ҳуқуқшунослиги ва тилшунослигини интегратив тарзда, яъни образли айтганда, “тарозининг палласини тенг сақлаш” талаб этадиган мураккаб илмий-амалий тадқиқот ҳисобланади.

Китобда қонунчилик услубияти масалалари илмий жиҳатдан, жумладан, қонун тилининг лексик-семантик, грамматик, синтактик ва морфологик хусусиятлари тадқиқ қилингани амалдаги қонунларимизни сифат жиҳатдан такомиллаштириш ва унга баҳо бериш имконини беради.

Бешинчидан, жаҳон илм-фанида “Юрис­лингвистика” деб номланган янги махсус фанлараро илмий йўналишнинг Янги Ўзбекистонда ҳам ривожланишига муҳим ҳисса қўшади. Натижада мамлакатимиз қонунчилик тизимини такомиллаштириш, норма ижодкорлигида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам ҳуқуқий, ҳам лисоний ёндашувлар асосида қиёсий таҳлил этиш имконини беради.

Ўзбекистонда қонун ижодкорлиги, суд лингвистикаси экспертизаси, лингвокриминалистик экспертиза соҳаларининг том маънода ривожланиши учун айнан ҳуқуқ ва тил интеграцияси, яъни юрислингвис­тикага асосланган ихтисослашган кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Мазкур илмий монографияда ўзбек олими профессор Ш.Кўчимов ўз тадқиқоти натижасида, жумладан, “Қонун тили ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши учун, авваламбор, улар ўзбек тилида яратилиши, ўзбек тилининг мавжуд грамматик қонун-қоида­ларига тўла бўйсуниши шарт. Шундан сўнггина бошқа халқларнинг тилларига таржима қилиниши керак”  ҳамда “Конс­титуциямиз нафақат юридик жиҳатдан, балки ифода усули нуқтаи назаридан ҳам бошқа қонунларга юридик тилнинг ягона илмий-амалий андозаси (эталони) бўлиб хизмат қилиши лозим”, деб қайд этилган хулосалари жуда муҳим ҳисобланади.

 

Акмал САИДОВ,

академик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech