АХБОРОТ ЭРКИНЛИГИ – ДЕМОКРАТИЯНИНГ МУҲИМ ТАЯНЧИ

28 сентябрь – Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни

 

Дунё мамлакатларида аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқи қанчалик таъминланганлигини назорат қилиш вазифаси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ЮНЕСКО зиммасига юкланган. Шунинг учун 28 сентябрь – Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни даставвал айнан ЮНЕСКОнинг 2015 йилдаги резолюцияси асосида эълон қилинган бўлса, 2019 йилда БМТ Бош Ассамблеяси уни халқаро саналар тақвимига киритган.

БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор тараққиёт мақсадлари тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, ЮНИСЕФ кенг жамоатчиликнинг ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлиши муҳимлигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, ахборот эркинлиги – бугунги замон демократиясининг асосий таянчларидан биридир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ, “Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади”.

Ахборот эркинлиги – инсоннинг асосий ҳуқуқи. У эркинликнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ҳимоясига олган барча турлари учун мезон саналади.

Оммавий ахборот воситаларининг тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатликни мус­таҳкамлаш, инсон ҳуқуқ­ларини ривожлантириш ва ирқчилик ҳамда апартеид ва урушга гижгижлашга қарши курашдаги ҳиссасига оид асосий принциплар тўғрисидаги декларация­нинг 2-моддасида қайд этилганидек, “инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг таркибий қисми сифатида эътироф этиладиган фикр, уни ифодалаш ва ахборот эркинлигини амалга ошириш тинч­лик ва халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир”.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 29-моддасида шундай нормалар мустаҳкамланган: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”.

Маълумки, мамлакатимизда конституциявий ислоҳот жараёнлари давом этмоқда. Конституциявий комиссия маълумотларига қараганда, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси давомида фуқаролар томонидан Конституцияга оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятига аралашмаслик билан боғлиқ нормани киритиш юзасидан ҳам таклифлар билдирилган.

Бу ҳам – ахборот эркинлиги тақозосидир. Бинобарин, “Шоҳсен – огоҳсен, огоҳсен – шоҳсен,”, дейди донишлар. Оммавий ахборот воситалари бутун дунёда “Тўртинчи ҳокимият” дея таърифланиши бежиз эмас.

Нега деганда, ахборот – ҳокимият, куч-қудрат, салоҳият деганидир. Ҳар бир шахс ахборотдан эркин хабардор бўлишининг таъминланиши, ўз навбатида, очиқ ва баркамол, инклюзив ва маърифий жамият барпо этишнинг тамал тоши бўлиб хизмат қилади.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15 та энг муҳим йўналишдаги ислоҳотлари самарадорлигига нисбатан экспертлар томонидан берилган баҳолар эълон қилинди. Хусусан, мамлакатимизда медиа муҳитининг кенгайтирилиши, оммавий ахборот воситалари ҳукуматнинг жамият ҳаётига тааллуқли муҳим қрорларни қабул қилишидаги роли ошгани эътироф этилган. Бу бежиз эмас.

Президентимиз қаердаки оммавий ахборот воситалари очиқлиги ҳақида гап кетса, соҳа вакилларини фаол бўлишга даъват этади, доим ахборот эркинлигини қўллаб-қувватлашини, журналистлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъкидлайди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда мамлакатимиз матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида: “Биз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлатда сўз ва матбуот эркинлиги доимо Бош қомусимиз ва қонунларимиз ҳамда Президент ҳимоясида бўлади” деган сўзлари бу фикрнинг яққол тасдиғидир.

Юртбошимиз ташаббуси билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг янги тизими жорий этилди. Натижада кейинги даврда кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, барча туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди.

Айнан шу бугун мамлакатимизда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ҳукумат идоралари ва мобил алоқа оператори билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган махсус инновацион ахборот платформаси ишга туширилгани ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Ишончимиз комилки, «Яхши нарсалар интернети» деб номланган ушбу веб-ресурс болалар, ўсмирлар, ота-оналарнинг сифатли, хавфсиз, холис ва фойдали ахборотдан эркин фойдаланишини таъминлаш ишига муҳим ҳисса қўшади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни 2016 йилдан буён кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланади. Шу муносабат ҳар йили айни шу сана арафасида дунёнинг турли давлатларида ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилинади.

Хусусан, жорий йилда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида гибрид шаклда ўтказилган “Глобал миқёсда ахборотдан эркин фойдаланиш ва соҳани рақамлаштириш имкониятлари таҳлили: ютуқлар ва муаммолар” мавзусидаги халқаро конференция ҳам айни шу санага бағишланди.

Анжуманда мамлакатда ахборот олиш эркинлиги, давлат органлари ва ташкилотларинг халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш қонун билан мустаҳкамлангани хусусида фикр юритилди. Ўзбекистон ЮНЕКСКОнинг ахборотдан эркин фойдаланиш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

Шунингдек, "Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги: инновациялар, инклюзив ва ҳуқуқ" мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан ЮНЕСКО Бош директорининг коммуникация ва ахборот масалалари бўйича ёрдамчиси Тауфик Желасс қайд этганидек, ХХ асрнинг 90-йилларида дунё бўйича 14 та давлатда ахборот олиш эркинлиги тўғрисида қонун мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 135 тага етган, яъни деярли ўн бараварга ошган.

Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик йилларида сўз эркинлиги Ўзбекистоннинг Асосий қонунида қатъий кафолатланди. Шу негизда ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Айни вақтда Ахборот тўғрисидаги кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёни давом этмоқда.

Айниқса, кейинги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамияти қонунчилик негизида тубдан кучайтирилганди. Тараққиёт стратегиясида ана шу ташкилий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш кўзда тутилгани янги давр талабидир.

Ҳозирги кунда ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда. Буларнинг барчаси, бир томондан, мамлакатимизда сўз эркинлигини тўла таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, оммавий ахборот воситаларидан ижтимоий масъулиятни теран англашни ҳам тақозо этади.

Бир сўз билан айтганда, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар жадал тараққий этиб ҳамда тобора глобаллашиб бораётган ҳозирги даврда ахборот эркинлиги имкониятларидан фойдаланишнинг ўзига яраша ижтимоий юки ҳам борлигини унутмаслик даркор. Зотан, ҳар қандай эркинлик, агар уни суиистеъмол қилинмаса, пировардида том маънода тинчлик ва фаровонлик, барқарорлик ва тараққиёт, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик омилига айланади.

 

Ғулом МИРЗО,

Ойдин ИБРОҲИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходимлари

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech