10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни

БМТ томонидан 1950 йилдан бошлаб 10 декабрни – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонлаш белгиланган. Маълумки, 1948 йилнинг мазкур тарихий кунида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон дeкларацияси қабул қилинган. Шу кунгача дунёнинг 500 дан ортиқ тилига таржима қилинган ушбу Декларация инсониятга тегишли барча ҳуқуқларни ўз ичига олади.

 Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон дeкларацияси – мустақил Ўзбeкистон Рeспубликаси имзолаган биринчи халқаро ҳужжатдир. Давлатимиз 1991 йил 30 сeнтябрда ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилиб, унинг устувор талабаларини қабул қилди.

Ҳар бир инсоннинг жамиятда ўз ўрнини топиши, икки дунё саодатига эришиши, Ватан тараққиётига ҳисса қўшиши, халқига, ота-онасига муносиб фарзанд бўлиши унинг барча ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши ва таълим-тарбиясининг такомиллашуви билан барқарорлашади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик нормаларида ўз ифодасини топган. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги 80 дан ортиқ халқаро ҳужжат ратификация қилинган.

Кўпинча ҳодисалар ҳақида гапирамиз, аммо ҳодисаларни вужудга келтирадиган сабаблар борасида сўз демаймиз. Ваҳоланки, Декларациянинг бутун дунё кўламида қабул қилиниши ва мамлактимизда ҳам ратификация қилинишининг етарлича сабаблари бор.

Гап шундаки, вайронкор Иккинчи жаҳон урушидан кейинги қалтис ва оғир даврда – зўравонлик, қулчилик, талончилик, болалар савдоси, аёлларга зулм ўтказиш каби нохуш воқеалар тўхтамаётган бир пайтда мудҳиш ҳодисаларнинг олдини олишга чорлайдиган, таъбир жоиз бўлса, одамларни хушёрликка чақирадиган ана шундай ҳужжатлар керак эди.

Зулмга учраган ҳар бир инсон ўзини ҳимоя қилиш мақсадида истибдодга қарши чиқади. Зулмга учраган инсонларнинг давлат томонидан ҳимояга олинишига эришиш, уларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ушбу халқаро ҳужжатнинг бош мақсади этиб белгиланган.

Ўзбeкистон Рeспубликаси Конституцияси, айниқса, Асосий қонунимизнинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” дeб аталган II бўлими Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон дeкларацияси талабларига тўла мос кeлади.

Инсон ҳуқуқларини менсимаслик ва уни поймол этиш инсониятнинг эркин ҳаёт кечиришига салбий таъсир кўрсатувчи воқеалар содир этилишига сабаб бўлади. Одамлар сўз эркинлиги ва эътиқод эркинлиги мавжуд бўлган, энг муҳими, хавотир ва муҳтожликдан ҳоли шароитда меҳнат қилишни, обод яшашни хоҳлайди.

Шундай экан, ҳар бир жамиятда одоб-ахлоқ қоидалари миллат маънавиятидан келиб чиққан ҳолда такомиллашуви ўсмир-ёшларнинг таълим олиб, бирор касб сирларини эгаллашларида муҳим аҳамиятга эга. Агар толибнинг одоби бўлмаса, олган таълимидан манфаат бўлмайди. У вояга етганда хатарли кимсага айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ҳаётимизда учраётган айрим зўравонликларнинг олдини олишда, биринчи навбатда, таълим ва тарбияни ривожлантириш, одамлар орасида эзгулик, инсонийлик фазилатларини такомиллаштириш муҳимдир.  

Шу кунларда ҳатто ривожланган давлатларда ҳам таълим борасида улкан ютуқларга эришилгани баробарида, тарбияда оқсоқлик кузатилаяпти. Зулм ва зўравонлик, ўзгалар ҳаётига тажовуз қилиш ҳолатлари тўхтамаяпти.

Жумладан, жамиятимизда, кишилар ўртасида учраётган манманлик иллатлари ҳамда зўравонлик қусурларининг сабаблари ва уларнинг ечимини топиш масаласи барчамизни ўйлантирмай қўймайди.

Хитой донишманди Сюн-Цзи: “Чақалоқлар ҳамма ерда бир хил йиғлайди. Катта бўлганида эса турли қилиқлар эгаси бўлишади. Бу – тарбия оқибати”, дегани бежиз эмас. Ҳақиқатан Ҳам, нафақат оила, балки сайёрамиздаги ҳар бир мамлакатнинг гуллаб-яшнаши, шак-шубҳасиз, аввало тарбия туфайлидир.

Инсон ҳуқуқлари қонун кучи билан ҳимоя этилишини эътиборга олиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган давлатлар халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, амалдаги қоидаларни бажариш мажбуриятини олган.

Яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган Глобал форумда ҳам инсон асли ҳур яралгани, уни камситишга, ўз манфаати йўлида ҳуқуқларини поймол этишга, руҳан ва жисмонан қийноққа солишга ҳеч кимнинг ваколати йўқлиги эътироф этилди. Одамларнинг нохуш ҳолатлардан ҳоли, эркин, хотиржам турмуш тарзини тарғиб қилиш, кўнгилни хира қиладиган сабабларни ўрганиш, назоратга олиш ва бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.

Бунда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим алоҳида аҳамият касб этиши эътироф этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таълим ва тарбияда ўта муҳим бўлган масалаларга тўхталар экан, жумладан қуйидагиларни қайд этди:

биринчидан, жамиятнинг ҳар бир аъзоси таълим олиш ва ўқитиш орқали инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга кўмаклашиши лозим;

иккинчидан, ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга ва таълим инсон шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга, қадр-қимматини ҳис этишга, барча кишиларга эркин жамиятнинг фойдали иштирокчилари бўлишига, барча миллатлар, ирқий, этник ёки диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши керак;

учинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим демократик жамият қуриш мақсадида ҳуқуқ ва эркинликларни англаб етиш ва улардан фаол фойдаланиш, мажбуриятларга амал қилишни назарда тутувчи инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга хизмат қилади;

тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим барчанинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда фундаментал аҳамият касб этади;

бешинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Аслида ҳам, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия барча инсонлар, айниқса, ёшларни кенг қамраб оладиган ҳаётий жараён ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Самарқанд Глобал форумида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон дeкларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган глобал кампанияга старт берилди. Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртта босқичи доирасида эришилган натижалар муҳокам қилиниб, бешинчи босқич бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Маълумки, 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида – Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини эълон қилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Жаҳон таълим дастурининг бажарилишини глобал даражада мувофиқлаштириб бориши белгиланган. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури – доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида, шу жумладан ушбу йўналишдаги таълимни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Олий Мажлис томонидан 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури қабул қилинган. Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқланди. Миллий стратегия ижроси доирасида, жумладан, олий ўқув юртлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий этиш вазифаси кўзда тутилган.

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 7 июндаги Фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этилган. Инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган шу каби изчил натижалари туфайли Ўзбекистон 2021-2023 йилларга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди.

Шундай қилиб, инсон ҳуқуқлари – қонун устуворлиги ва демократия амалда бўлган барча жамиятлар қўллаб-қувватлайдиган асосий тамойилдир. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш эса биз барпо этаётган адолатли жамиятнинг узвий хусусияти, миллий ва умуминсоний мезони ҳисобланади.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “бу олий қадриятни том маънода қарор топтириш – бирон-бир манзилга етиб бориб тўхташ, дегани эмас. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканини барчамиз чуқур англаймиз. Жаҳон тарихи ва демократик давлатлар тажрибаси ҳам шундан далолат беради.

 

Юсуф Жўраев,

журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech