КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ ДУШМАНИ

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни. БМТ Бош Ассамблеясининг 2003 йилдаги резолюциясига асосан белгиланган ушбу сана жаҳон ҳамжамияти эътиборини тараққиёт кушандаси – коррупция иллатига қаратиши, барчани унга қарши курашиш йўлида бирлашишга ундаши билан ғоят аҳамиятлидир.

Коррупция маънавий нуқтаи назардан ахлоқсизлик ва иллат, ҳуқуқий жиҳатдан жиноят ҳисобланади. “Коррупция” атамаси лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “пора эвазига оғдириш” деган луғавий маънони англатади.

Юридик энциклопедияда қайд этилишича, “Коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир”.

“Юридик атамалар қомусий луғати”да эса мазкур тушунчага “давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган (ёки уларга тенглаштирилган) шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон бериши”, дея таъриф берилган.

Коррупция – сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият бўлиб, мансабдор шахслар ўзларига берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойиш мақсадида фойдаланишидан иборат, деган тавсиф ҳам айрим ҳуқуқий адабиётларда келтирилган.

Демак, коррупция, умумий қилиб айтганда, мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят саналади. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.

Аммо бу юзаки тасаввур. Чунки коррупциявий муносабатлар иштирокчиси исталган мавқедаги шахс бўлиши, қолаверса, пора пул билан эмас, бошқа шаклда ҳам берилиши мумкин.

Ҳокимият (ижроия, вакиллик ва суд) органларидаги коррупция – ҳозирда дунёнинг деярли барча мамлакатларида мавжуд бўлган долзарб муаммодир. Бу турдаги коррупция жиноятларининг ўзига хос хусусияти шундаки, уларни қонун устуворлигини таъминлаши лозим бўлган кишилар содир этади.

Оқибатда аҳолининг ҳокимиятга бўлган ишончи пасаяди, жамиятда адолатсизлик кучаяди, қонунлар ижроси таъминланмайди. Бу эса халқ фаровонлиги ва давлат тараққиётига салбий таъсир кўрсатади.

Инсоният ўз тарихи давомида коррупцияга қарши турли усуллар ҳамда воситалар орқали муттасил курашиб келган. Ҳатто эрамиздан аввалги даврларда мавжуд бўлган Шумер подшолигига оид манбаларда ҳам коррупциянинг зарари ва оқибатлари баён этилган.

Коррупция жиноятлари тарихда қўлланган жисмоний, моддий ёки маънавий жазолар орқали барҳам топмади. Шунинг учун бугунги кунда ушбу иллатга қарши халқаро ва миллий қонунчилик, соғлом маънавий муҳит, таълим ва тарбия, шунингдек, жамоатчилик назорати орқали курашишга катта аҳамият берилмоқда.

Ҳозирги глобаллашув даврида коррупцияга қарши нафақат бир давлат доирасида, балки халқаро даражада ҳам курашиш зарурати янада ошди. Бинобарин, коррупция ҳеч бир давлатга фойда келтирмайди, аксинча, мамлакатдаги демократик ислоҳотларга, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва ушбу турдаги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада зарурий чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида коррупцияга қарши самарали курашишда салмоқли ютуқларга эришилганини эътироф этиш лозим.

Албатта, коррупция иллати қисқа фурсатда барҳам бериладиган муаммо эмас. Унга қарши аҳолида соғлом фикр шаклланиб, давлат ва жамият ҳамкорликда курашсагина кутилган натижага эришиш мумкин.

Шундай экан, ҳар биримиз, аввало, ўз меҳнат фаолиятимизда ҳалол бўлайлик ва ҳар қандай коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатимизни билдирайлик. Унутмайликки, коррупция – тараққиёт душмани. Унга қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

Ҳамид РАВШАНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходими

«Адолат кўзгуси» газетасининг 2022 йил 24 декабрь кунги 49-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech