9 февраль – Алишер Навоий ҳазратлари таваллуд топган кун
Бугунги кунда дунёнинг Токио, Шанхай, Вашингтон, Сеул, Москва, Минск, Боку, Мозори-Шариф, Ўш, Душанбе каби кўплаб шаҳарларида улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири, жаҳон адабиёти ривожига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аллома Алишер Навоий хотирасига кўркам ёдгорликлар қад ростлаган.
Айни чоғда мамлакатимиз пойтахти Тошкент, шунингдек, Самарқанд ва Навоий шаҳарлари марказида Алишер Навоий ҳазратларининг муҳташам ҳайкаллари ўрнатилган. Барча вилоятларда улуғ бобоколонимиз шарафига хушманзара боғлар барпо этилган.
Истиқлол йилларида Самарқанд шаҳрининг сўлим гўшаларидан бири – Алишер Навоий номидаги Марказий истироҳат боғи бутунлай янгиланди. Боғнинг бугунги жамоли қарийб 700 йил илгари Самарқанд атрофида бунёд этилган машҳур Амир Темур боғлари монанд. Боғи Баланд, Боғи Беҳишт, Боғи Давлотобод, Боғи Дилкушо, Боғи Жаҳоннамо, Боғи Майдон, Боғи Нав, Боғи Чинор ва Боғи Шамол – Амир Темурнинг энг машҳур боғларидир.
Соҳибқирон бобомизнинг гўзал боғ-роғлари, маҳобатли иншоотлари сеҳру суруридан Алишер Навоий ҳазратлари кўп бор ҳайратга тушган, илҳомланган. Навоий қаламига мансуб: “Гоҳ бўстони Дилкушо ичра...” сатри шоирнинг шу мавзудаги дилбар асарларидан бирининг дебочасидир.
Шу жиҳатдан, Самарқанддаги бу боғ Алишер Навоий номи билан аталгани айни муддаодир. Айниқса, боғ тўрида Навоий бобомизга ёдгорлик ўрнатилгани Самарқанд аҳлининг улуғ шоир ва мутафаккирга бўлган юксак эҳтироми ифодасидир.
Алишер Навоий Самарқандда 1465 йилдан 1469 йилнинг баҳоригача яшаган. Ҳазратнинг она шаҳри Ҳиротдан Самарқандга келишининг туб сабаблари тарихий манбаларда ўша даврдаги нотинчликларга боғлаб талқин этилади.
Маълумки, Алишер Навоийнинг болалиги Хуросонда темурийзода подшоҳ Шоҳруҳ ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. Шоҳруҳ вафот этгач, тахтга даъвогарлар орасида ўзаро кураш бошланади. Уруш-жанжаллар кўп кишиларни, шу жумладан, Навоий оиласини ҳам юртма-юрт, шаҳарма-шаҳар кўчиб юришга мажбур этади.
Шу маънода, гарчанд Алишер Навоий устози Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактубида ўзининг Ҳиротдан Самарқандга келишини “беихтиёр қилинган сафар” деб эътироф этган бўлса-да, аввало, бу шаҳар шоирнинг оворагарчиликларига хотима қўйган, унга кейинчалик Ҳирот тахтини эгаллаган Ҳусайн Бойқаро таклифи билан пойтахтга қайтиш ва эл-юрт хизматига астойдил киришиш олдидан нафас ростлаб олиш имконини берган шаҳар экани билан қадрлидир.
Самарқанд шаҳри ҳокими Аҳмад Ҳожибек асли ҳиротлик, яъни Навоийнинг ҳамшаҳри бўлиб, Вафоий тахаллуси билан шеърлар ёзган. Бинобарин, Алишер Навоий қаламига мансуб “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг олтинчи мажлиси Самарқанд шаҳри ҳокими Аҳмад Ҳожибекка бағишланган мақола билан бошланади.
Шоир Самарқанд шаҳри ҳокими Аҳмад Ҳожибекка, жумладан: “Сурати хуш ва сийрати дилкаш. Ахлоқи ҳамида ва атвори писандида йигитдур”, деб таъриф берган. Шаҳар ҳокимининг ёрдамида Навоий давлат ишлари билан ҳам шуғуллана бошлайди.
Тарихий манбалардан маълумки, Алишер Навоийнинг Самарқанддаги сиёсий ва давлат бошқаруви бўйича фаолияти юқори баҳоланиб, унга “Чиғатой амири” унвони берилган. Вақт ўтиб Навоий Ҳусайн Байқаро салтанатида муҳрдор, вазир, вилоят ҳокими лавозимларида ишлаган. Навоий саройда мансаб эгаси бўлганида ҳам, вазирлар мансабини ўз истаги билан топширганидан кейин ҳам куч-ғайратини юрт ободлиги, мамлакат осойишталиги, халқ фаровонлиги ва илм-фан равнақи йўлида сарфлайди.
Алишер Навоий Самарқандда Улуғбек расадхонасида икки ой давомида фалакиёт, илми нужумдан таҳсил олади. Ислом қонуншунослиги фанининг йирик вакили Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс Самарқандий мадрасасида илм ўрганади, алломанинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлади.
Буюк шоир Самарқандда кўплаб дўстлар орттиради. У Мирзобек, Мирзо Хожа Суғдий, Ҳамирий Қаландар, Риёзий Самарқандий, Саид Қутб Самарқандий, Юсуф Сафоий Амир Суҳайлий каби ижодкор дўстлари ҳамроҳлигида Алойи Шоший, Муҳаммад Олим Самарқандий, Хожа Хисраф муддарислик қилиб турган мадрасаларда дарс олиб, турли фанларга оид билимини янада чуқурлаштиради, суҳбат ва мунозараларда қатнашади.
Хусусан, Навоий Амир Шайхам (Амир Суҳайлий) билан қалин дўст бўлган ва уни “Ёри азиз” дея ардоқлаган. Шунингдек, ёш шоир Мирзобек ҳақида меҳр билан: “Мирзобек фарзанд масобасида эрди”, деб ёзади.
Жаҳон адабиётининг икки порлоқ юлдузи – Алишер Навоий билан Абдураҳмон Жомий ўртасидаги дўстлик ҳақида ўз замонасидан тортиб хозирги кунгача кўплаб адиблар, олиму фузалолар ёзишган. Аксарият адабиётшуносларнинг фикрича, Жомий ва Навоий ҳаётида муштарак томонлар кўп.
Жомий ва Навоий дастлаб Ҳиротда, сўнгра Самарқандда таҳсил олиб, шу ерда ҳаёт кечиришган. Уларнинг Самарқанд донишмандларидан Қозизода Румий, Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс, нақшбандия тариқатининг муршиди комили Хожа Аҳрор Валий этагини тутиб, тасаввур сулукига эътиқод қўйишлари ушбу даҳоларнинг кейинги фаолиятига катта таъсир кўрсатган.
Алишер Навоий бу вақтда шоир сифатида танилиб улгурган эди. У Самарқанднинг кўзга кўринган шоирлари, жумладан, Мавлоно Ховарий, Ҳаримий Қаландар, шунингдек, Мир Қарший, муаммогўй Улойи Шоший, олим Мавлоно Муҳаммад кабилар билан ҳамсуҳбат бўлган. Бу ўринда “Қарший”, “Шоший” каби тахаллуслар Самарқанднинг ўша давр ижодий муҳити жуғрофий жиҳатдан кенг қамровли бўлганини яққол кўрсатиб турибди.
Навоий “Мажолис ун-нафоис”да таъкидлашича, у Самарқандда эканида, “Бадиий” тахаллуси билан шеърлар ёзувчи Юсуф Андигоний Андижондан шу ерга келган. Навоий унинг яхши шеърлари борлигини, арузни билишини, муаммо рисоласи борлигини таърифлайди.
Алишер Навоий ҳаётининг охирги йилларида умр бўйи яратган барча лирик жанрлардаги асарларини, шу жумладан, олдинги йиллардаги девонлари – “Бадойиъ ул-бидоя” ва “Наводир ун-ниҳоя”га киритган шеърларини йиғиб, “Хазойин ул-маоний” тўпламини тузади.
Навоийшунос олимларнинг қайд этишларича, бу йирик шеърий асарни ташкил этган тўрт девон инсон ҳаётининг тўрт босқичини билдирувчи номлар билан аталган бўлса-да, уларда дастлабки икки девонда амал қилинган хронологик тартиб изчил сақланмаган. Буни дастлабки икки девон таркибидаги шеърлар “Хазойин ул-маоний”нинг барча девонларига бўлиб юборилгани ҳам тасдиқлайди.
Демак, “Бадойиъ ул-бидоя” девонига 1470 йилларда, яъни шоирнинг Самарқанд сафаридан кейинги дастлабки даврда тартиб берилгани назарда тутилса, Навоий Самарқандда яшаб турган пайтида яратилган шеърларнинг аксарияти айнан шу девонга киритилган бўлиши мумкин, деган мантиқий хулоса келиб чиқади.
Девонга киритилган “Кўзинг не бало қаро бўлуптур, Ким жонга қаро бало бўлуптур” байти билан бошланувчи ғазал тарихи Самарқанд сафарига дахлдор экани ҳақида шоир асарларида ишончли далиллар мавжуд. Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида ушбу матлаъ ва унинг муаллифи ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай ёзади: “Мирзобек – инсоният ва хуш ахлоқликда Хуросон ва Самарқанд мулкида ягона эрди”.
Бугун Алишер Навоий боғи улуғ шоир мухлислари билан гавжум.
Бугун Самарқанд марказидаги шоир ҳайкали пойи анвойи гулларга бурканган.
Бугун наинки Самарқанд, балки Тошкент, Навоий каби йирик шаҳарларимизда, юртимизнинг барча гўшаларида, ҳаттоки дунёнинг кўплаб йирик пойтахтларида ҳам ул буюк зот шаънига тикланган муаззам ёдгорликлар теграсидан зиёратчиларнинг қадами узилмайди.
Зотан, Алишер Навоий руҳини ёд этиш, хотирасига ҳурмат бажо этиш, номини улуғлаш, ўлмас маънавий меросини қадрлаш, асраб-авайлаш ва эътибор билан ўқиб-ўрганиш биз, миннатдор авлодларнинг шарафли бурчидир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 09.02.2023
- Кўришлар: 6513
- Чоп этиш