Мадридда электр самокат ижараси тақиқланди

CNN маьлум қилишича, Мадрид маъмурияти “Lime”, “Dott” ва “Tier” кикшеринг компаниялари фаолият кўрсатиши учун берилган лицензияни олиб қўйди. Натижада Испания пойтахтида электр самокатни ижарага бериш хизмати тўхтади.

– Мадрид аҳолисининг жисмоний яхлитлиги ва хавфсизлиги биз учун устувор вазифа, – дейди мэр Хосе Луис Мартинес-Алмейда. – Шаҳар кўчаларида электр самокатни ижарага берувчи компаниялар рухсатномалари бекор қилинади. Сабаби, пиёдалар, айниқса қариялар хавфсизлигини таъминлаш учун биз қўйган шартларга риоя қилинмаяпти.

Мадрид шаҳри кенгаши аъзолари таъкидлашича, ҳар учала кикшеринг компанияси 2023 йил май ойида берилган лицензия шартларини бузган. Хусусан, фаолиятни текширишга тўсқинлик қилган, ҳокимиятга зарур маълумотларни тақдим этмаган, ўз интерфейсларига кириш имконини яратмаган.
Бундан ташқари, корхоналар барча самокатлар учун шаҳар бўйлаб хизмат кўрсатиш ва суғурталаш қопламасини таъминлай олмаган. Шунингдек, муайян ҳудудларда ҳаракатланиш ва тўхташни тақиқловчи технологияларни жорий этмаган.

Аввал бу компанияларнинг ҳар бири 2000 тадан электр самокатни ижарага бериш ҳуқуқига эга эди. Октябрь ойидан бошлаб муайян лицензиялар бекор қилинади. Кенгаши қарори юзасидан шикоят қилиш учун 20 кун муҳлат бор.

Бинобарин, Мартинес-Алмейда Мадрид ҳукумати қўшимча рухсатнома берилмаслигидан огоҳлантирди, чунки “бозор фуқаролар учун кенгаш томонидан белгиланган хавфсизликнинг энг юқори даражасини кафолатловчи талабларга жавоб бера олмаслиги аниқ.

Мэрия шаҳарда хусусий электр самокатдан фойдаланишга ҳали рухсат борлигини қўшимча қилди.

Мадрид электр самокат ижарасини тақиқлаган Европадаги биринчи шаҳар эмас. Ўтган йил сентябрда маҳаллий аҳоли шаҳар референдумида ёқлаб овоз бергач, Парижда ҳам айни қоида жорий этилган.

Ш. Маматуропова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech