Шу йилнинг 11 июлида Токио шаҳрида “Ўзбекистон-Япония эксперт мулоқоти: янги шарт-шароитлардаги стратегик шериклик” мавзусидаги халқаро давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбир Япония халқаро алоқалар институти (JIIA) томонидан Ўзбекистон Республикаси ТИВ ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази томонидан ташкил қилинган.
Тадбирнинг очилиши маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Япония Парламенти, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг ўринбосари Бахтиёр Мустафаев шуни таъкидладики, Марказий Осиёдаги минтақавий кооперациянинг янги динамикаси Япония ташқи сиёсатининг Марказий Осиё йўналишини фаоллаштиришга кўмаклашди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг прагматик ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ўз тараққиётининг янги тарихий босқичини бошдан кечирмоқда. Бунинг натижасида Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар тизимидаги роли мустаҳкамланиб, минтақа давлатлари минтақавий чақириқ ва таҳдидларнинг олдини олиш бўйича самарали ҳамкорлик қилмоқда, савдо, транспорт ва энергетика соҳаларида йирик инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилмоқда. хорижий давлатлардан тўғридан тўғри инвестициялар ҳажми ортиб, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Буларнинг барчаси дунёнинг етакчи давлатларининг минтақага қизиқишини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда, деб таъкидлади Б.Мустафаев, Япония Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда. Бу минтақанинг Япониянинг 2023 йилги “Дипломатия кўк китобига” мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида киритилгани, шунингдек, бўлажак “Марказий Осиё – Япония” саммити мисолида тасдиқланади.
“Марказий Осиё давлатлари, ўз навбатида, Японияни минтақа осойишталиги ва барқарор ривожланишини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшаётган муҳим стратегик ҳамкор деб билади”, — деди у. Мутахассиснинг фикрича, бу ушбу нуқтаи назар қуйидаги асосий омиллар билан изоҳланади:
биринчидан, минтақа давлатлари мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб, Япония инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ИҲРТ, ЕТТБ, ОТБ, МОМИҲ каби халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш орқали Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашди;
иккинчидан, Токионинг минтақага нисбатан сиёсати тенглик ва ўзаро ҳурмат, манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланади ва ҳамкорлик учун асоссиз сиёсий шартлар қўйилмайди;
учинчидан, Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодиётни модернизация қилиш ва ривожланишнинг инновацион йўлига ўтиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инобатга олинса, бугунги кунда дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, деб тан олинган Япониянинг илмий-техник салоҳияти катта қизиқиш уйғотмоқда.
тўртинчидан, Япония минтақани ягона организм, деб ҳисоблаган дунёдаги биринчи давлатлардан. Айнан Япония 2004 йилда “Марказий Осиё-Япония” форматини яратишни таклиф қилган эди.
Бахтиёр Мустафоев Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақида гапирар экан, икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бир қатор истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Биринчидан, Б.Мустафоев таъкидлаганидек, диний экстремизм ва терроризм таҳдидлари тобора кучайиб бораётган бир шароитда бу хавфли ҳодисаларга қарши курашишнинг самарали ечимларини биргаликда излаш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан биргаликда реабилитация ва реинтеграция масалалари бўйича Марказий Осиё Минтақавий экспертлар Кенгаши (МЭК) ташкил этилди ва унинг биринчи йиғилиши Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Шу нуқтаи назардан, экспертнинг фикрича, Япониянинг МЭК фаолияти доирасидаги лойиҳа ва тадбирларни қўллаб-қувватлаши ва амалга оширишдаги иштироки, шубҳасиз, минтақа давлатларининг реабилитация ва реинтеграция масалалари бўйича саъй-ҳаракатларига ижобий таъсир кўрсатади.
Иккинчидан, СМТИ директори ўринбосарининг фикрича, муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли ҳисобланади. Марказий Осиёда марганец рудаси жаҳон заҳираларининг 39%, хромнинг 31%, қўрғошиннинг 20%, рухнинг 13%, титаннинг 9% мавжуд. Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик Японияга минерал ресурслар манбаларини диверсификация қилиш ва етказиб бериш занжирларидаги узилишларнинг олдини олиш имконини беради. Очиқ манбаларга кўра, фақат 2022 йилнинг ўзида Япония 628 миллион долларлик ноёб металларини импорт қилган.
“Шу тарзда, Япониянинг сифатли инвестициялари ва замонавий технологияларини ресурс базасини чуқур қайта ишлашга жалб қилиш, ва бунда тўлиқ қўшилган қийматли занжирини яратиш минтақанинг жадал ривожланишини таъминлашда муҳим омил бўлади”, — деди эксперт.
Учинчидан, экспертнинг фикрича, бу кенг кўламли транспорт-коммуникация тизимини шакллантиришдаги ўзаро ҳамкорликдир. Эксперт БМТ ҳисоб-китобларига тўхталиб ўтди, унга кўра, 2050-йилга бориб дунёда юк ташишга бўлган талаб 3 баробар ортади. Унинг сўзларига кўра, бу тенденция бугунги кунда жами жаҳон савдо ҳажмининг 80 фоиздан ортиғи улар орқали амалга оширилаётан Марказий Осиёнинг денгизга чиқиш имконияти йўқ мамлакатлари учун катта муаммо ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, Б.Мустафоев таъкидлаганидек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Япониянинг темир йўлларни ва автомобиль йўллари қуриш ва модернизация қилиш масалаларида ўзаро яқин ҳамкорлиги, шунингдек, божхона пунктларини замонавий технологиялар билан рақамлаштириш ҳамда Европа ва Осиё “туташган нуқтада” жойлашган Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятини очиб берадиган логистика марказларини яратиш алоҳида муҳим аҳамиятга эга.
Тўртинчидан, эксперт таъкидлаганидек, Марказий Осиё иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан кўпроқ зарар кўрадиган минтақалар қаторига киради. Хусусан, Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, агар XXI аср охирига бориб, ҳозирги кўрсаткичлар сақланиб қолса, дунёда ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 4 даражага ошади, Марказий Осиёда эса бу кўрсаткич 7 даражани ташкил қилади.
“Натижада 300 та баланд тоғ кўллари ўпирилиб кетиши хавфи сақланмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўртача йиллик ҳарорат 2-4 даражага ошиши билан Марказий Осиёда тоғ музликлари ҳажми 78 фоизгача камайиши мумкин”, — деб таъкидлади СМТИ директори ўринбосари.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Б.Мустафоевнинг фикрича, энергия самарадорлиги соҳасида Япония технологиясининг тақдим этилиши ва сувни тежаш минтақанинг яшил энергия барқарорлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, Япониянинг табиий офатларни кузатиш учун радар сунъий йўлдошларидан фойдаланиш ва қаттиқ зилзилаларга чидамли қурилиш стандартлари иловаларни ишлаб чиқиш тажрибаси катта қизиқиш уйғотади.
Бешинчидан, эксперт қашшоқликни қисқартириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга чақирди. Бугунги кунда Марказий Осиё демографик жиҳатдан дунёнинг энг тез ривожланаётган минтақаларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, Б.Мустафоев таъкидлашича, янги иш ўринлари яратиш катта қизиқиш уйғотмоқда. Унинг сўзларига кўра, JICA кўмагида “бир қишлоқ, бир маҳсулот” дастурини амалга оширишни давом эттириш муҳим масала. Ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида 2017-2022 йилларда Қирғизистонда 280 турдаги маҳсулот ўзлаштирилди ва 3 мингта иш ўрни яратилди, 238 миллион долларлик 167 та экспорт шартномалари тузилди.
Сўзининг якунида Б.Мустафоев кўплаб кузатувчиларнинг Марказий Осиёдаги барча иқтисодий соҳалар аллақачон эгаллаб олингани ҳақидаги баҳолари ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади. Минтақавий ҳамкорликнинг янги динамикаси туфайли Марказий Осиё бугун дунёнинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари учун очиқдир.
ЎзА
- Қўшилди: 12.07.2024
- Кўришлар: 1256
- Чоп этиш