Матбуот хизматлари – ахборот олишда яқин кўмакчи (Ўнинчи мақола)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.

Янгича шароитда ахборот соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида собиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги  ташкил этилди. 

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди.

Ушбу хизматлар томонидан ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирилмоқда. Ахборот хизматларининг расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлардаги саҳифалари янгилаб борилмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев қайд этганидек, ҳозирда 1000 дан зиёд матбуот котиблари фаолиятини амалга оширяпти. Лекин улар қай даражада ишлаяпти, малакаси ва тезкорлиги, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги фикрларни давлат бошқаруви органларига қай даражада етказа оляпти шуларга эътибор қаратиш керак бўлади.

Пандемия шароитида шу ҳолат яққол кўриндики, аҳолига тезкорлик билан давлат бошқаруви органлари қабул қилаётган турли қарорларни етказиб беришга эҳтиёж кучли. Ахборот вақтида етиб бормаса, бу турли нохолис ахборотлар тарқалишига сабаб бўлади.

Баъзида ОАВ вакиллари ва блогерлар бунда айбдор деган гапларни эшитамиз. Аслида эса, бу ерда давлат бошқаруви органлари журналистлар билан мулоқотга тайёр эмас. Агар давлат органлари тезкорлик билан жавоб қайтарса, асоссиз маълумотлар, фикрлар билдирилишига ўрин қолмайди.

Айни вақтда давлат идораларида ахборот хизматларини мустақил таркибий бўлинма сифатида қайта ташкил этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад - давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик жараёнларини янада такомиллаштиришдан иборатдир.

Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари фаолиятини ёритиш учун ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси яқинда эълон қилингани алоҳида эътиборни тортади. 

Лойиҳада давлат идоралари ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини қисқа муддатда қайта кўриб чиқиши кўзда тутилмоқда. Шу асосда улар ўз тузилмаларидаги мавжуд штат бирликлари доирасида ахборот хизматини шахсан биринчи раҳбарга бўйсунадиган мустақил таркибий бўлинма сифатида ташкил (қайта ташкил) этади.

Бунда умумий штатлар доирасида ахборот хизматига давлат идораларининг марказий аппаратида уч-тўрт нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида камида тўрт нафар, қуйи ташкилот ва бўлинмалар, туман (шаҳар) ҳокимликларида камида икки нафардан бошқарув ходими ажратилиши таъминланади.

Ички имкониятлар етарли бўлмаган ҳолатларда, ахборот хизматлари учун иқтидорли мутахассисларни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида жалб этиш чоралари кўрилади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йил 7 февралда тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни шиддатли ва изчил амалга оширишнинг тўртинчи йили ҳам якунига етмоқда.

Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда оммавий ахборот воситалари зиммасидаги масъулият янада кучаймоқда. Энг муҳими, ўтган қисқа давр ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида улкан янгиланишлар даври бўлди.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech