2020 йил 18 декабр куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллиги доирасида "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" тўғрисидаги БМТ хавфсизлик кенгашининг 1325-сонли резолюцияси бўйича миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасидаги энг яхши амалиётлар" мавзусида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикасининг гендер тенглигини таъминлаш комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти котибияти (Вена), ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, БМТ хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси бўйича ишлаб чиқилаётган Миллий ҳаракат режаси муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Сенат раиси Т.Нарбаеванинг сўзларига кўра, "Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида хотин-қизларнинг иштирокини фаол илгари суриш республика ҳукуматининг асосий вазифасидир". Ўзбекистон раҳбарияти томонидан сўнгги пайтларда мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг ҳаётий муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларида хотин-қизларнинг ролини сезиларли даражада оширишга қаратилган қатор қарорлар иштирокчиларнинг диққат эътиборини тортди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий ва давлат қурилишидаги иштирокини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” бўйича миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси гендер сиёсатини янада самарали амалга ошириш ва энг яхши натижаларга эришишга интиладиган устувор соҳаларни белгилайди.
"Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" тўғрисидаги БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси бундан 20 йил олдин 2000 йил 31 октябрда биринчи марта аёлларнинг можароларни олдини олиш, ҳал қилиш ва тинчлик ўрнатишда муҳим иштирокисиз мустаҳкам дунёга эриша олмаслиги тан олинган ҳолда қабул қилинган эди. Ушбу асосий қарор аёлларнинг барча тинчлик ва хавфсизлик ташаббусларида гендер масалаларини амалга ошириш билан бир қаторда тўлиқ ва тенг иштирок этишга чақиради.
Ушбу резолюция аёлларни можароларни ҳал қилиш бўйича тинчлик музокараларида кўпроқ иштирок этишга, шунингдек, халқаро ва миллий даражадаги етакчилик лавозимларида аёллар сонининг кўпайишига кўпроқ жалб қилишни талаб қилади.
Ўтган 20 йил мобайнида БМТнинг 193 давлатидан 86 та давлатда резолюцияни амалга ошириш бўйича "Ҳаракатлар режаси" ишлаб чиқилди. Ушбу давра суҳбати давлатларнинг энг яхши амалиётларини ўрганишга бағишланди.
Тадбирда давомида халқаро ва миллий экспертлар томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси бўйича миллий ҳаракат режаларини амалга ошириш ва мониторинг қилишнинг хорижий тажрибаси ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Ирландия ташқи ишлар ва савдо вазирлигининг ихтилофларни олдини олиш бошқармаси директори, элчи Аине Ҳернс давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришиш учун биргаликда масъулдирлар ва энди 1325 (2000) резолюциясини ва аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича барча кейинги резолюцияларни ҳар томонлама амалга оширишга интилишлари кераклиги тўғрисида таъкидлаб ўтди.
Албания ҳукуматининг аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича мутахассиси Эралда Кани "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" кун тартибидаги барча тарафдорлари учун миллий қонунчиликка ўзгартириш киритиш ва сиёсий ўзгаришлар туфайли орқага чекинишга йўл қўймаслик учун кучли ва қатъий мажбуриятларни ўрнатиш, бу масалаларга доимий эътибор бериш ва уларни қатъий эътироф этиш жоизлигини қайд этди..
Грузияда пандемия таъсирига қарамасдан, мамлакатнинг ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида гендер тенглигини таъминлашга кўмаклашиш, шунингдек, тинчлик музокараларида аёлларнинг иштирокини кенгайтириш давом этмоқда. Грузиянинг аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича кун тартибини амалга ошириш бўйича учинчи миллий харакатлар режаси (2018-2020 йилларга мўлжалланган), хусусан, аёлларнинг ишонч ва ярашувни мустаҳкамлаш жараёнларида иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси бўйича Ўзбекистон Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
* Тинчлик ва хавфсизликни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жараёнларида аёлларнинг иштирокини рағбатлантириш;
* "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" мавзуида билимларни чуқурлаштириш ва тарқатиш ва хабардорликни ошириш;
* Фавқулодда вазиятларда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш;
* БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюциясини амалга оширишда фуқаролик жамиятининг иштирокини рағбатлантириш.
Анжуман иштирокчилари кун тарибидаги мавзуни қизғин муҳокама қилиб, ўз амалий таклиф ва тавсияларини илгари сурдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.12.2020
- Кўришлар: 3827
- Чоп этиш