Миллий стратегия: 33 та қонун лойиҳаси тайёрланмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 22 июндаги Фармони билан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” қабул қилинганига уч ой бўлди.      Маълумки, Ўзбекистон Президентининг Фармони билан, шунингдек Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»нинг сифатли ҳамда ўз вақтида амалга оширилиши бўйича доимий мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилган.

Миллий стратегияда жами 33 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бу ўринда 20 та янги қонун лойиҳалари, мавжуд қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 4 та қонун лойиҳаси ва амалдаги 9 та қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ҳақида сўз бормоқда.

Дастлабки мониторинг натижаларига кўра, авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 17 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолаган. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Янги Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди. Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялашга хизмат қилади.

Ўз навбатида, халқаро ҳужжатлар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ ва ЕХҲТнинг тегишли норматив ҳужжатларига таянган ҳолда, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатдан ташқари фуқаролар тенглигини, жамиятда миллатлараро ва конфессиялараро келишувни таъминлаш борасида давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси билан ҳамкорликда 2020 йил 4 сентябрь куни мазкур қонун лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича онлайн маслаҳатлашувлар ўтказдик. Ушбу тақдимотда таниқли халқаро ва хорижий экспертлар томонидан Ўзбекистонда кейинги тўрт йил давомида виждон эркинлиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Халқаро тадбир иштирокчилари, шунингдек мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. 

Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий веб-сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилганидан сўнг уни такомиллаштиришга қаратилган кўплаб таклифлар келиб тушди. Бу, ўз навбатида, лойиҳани янада маромига етказиш имконини берди. Қонун лойиҳасининг инглиз тилидаги матни Венецея комиссиясининг расмий сайтида ҳам бор.

Шу йил 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама этилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.

Айни пайтда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлар Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан маъқулланган. Меҳнат кодексининг янги таҳрири лойиҳаси эса куни кеча жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилди.

Шу билан бирга, суд фаолиятига оид 5 та Кодекс, яъни Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик кодекси, Жиноят-ижроия кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги таҳрирда ишлаб чиқилмоқда.

Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асослари ҳам шакллантирилмоқда. Шунингдек, "Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида" ҳамда "Бепул юридик ёрдам тўғрисида"ги янги қонун лойиҳаларини тайёрлашга киришилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech