МИЛЛИЙ СТРАТЕГИЯ ҚАНДАЙ БАЖАРИЛМОҚДА?

(Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" ижроси юзасидан 2020 йил 20 декабргача бўлган ҳолатга доир маълумот)

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси V бўлими 2-қисми 1-бандига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан 2020 йил 20 декабрь ҳолатидаги мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади.

  1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78бандидан 32банди бўйича ижро муддати якунланган. Хусусан:
  • 20 та банд бўйича ишлар ўз муддатида бажарилган;
  • 2 та банд бўйича муддатидан олдин бажарилган;
  • 13 та банд бажарилмоқда.

Шундан 3 та банднинг бажарилиши бўйича маълумотлар масъул ташкилотлар томонидан тақдим этилмаган. Хусусан, “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларнинг бажарилиши бўйича:

- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (36, 37, 38-бандлари);

- Мактабгача таълим вазирлиги (49-банди);

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (44, 45-банди);

Давлат активларини бошқариш агентлиги (33-банди) маълумот тақдим этмаган.

Ижро муддати якунланмаган 46 та бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

  1. Миллий стратегияда жами 33 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш назарда тутилган. Жумладан, янги қонун лойиҳалари – 20 та, мавжуд қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳалари – 4 та, мавжуд қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари – 9 та.

Миллий стратегияда белгиланган ушбу қонун лойиҳалари бўйича бандларнинг 12 таси ижро қилинган, 21 таси ижро қилинмоқда.

Ўтган давр мобайнида “Таълим тўғрисида”ги қонун (янги таҳрири), “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун (янги таҳрири), шунингдек “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, 3 та янги Кодекс (Соғлиқни сақлаш кодекси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси, Экология кодекси) лойиҳаси, 7 та амалдаги Кодекснинг янги таҳрири (Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Уй-жой кодекси) лойиҳаси тайёрланган. Айни вақтда уларни қабул қилиш жараёни амалга оширилмоқда.

2 та янги Кодекс (Ахборот кодекси, Тадбиркорлик кодекси) лойиҳасини ишлаб чиқишга тайёргарлик босқичи амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, 6 та янги қонун лойиҳаси тайёрланган бўлиб, уларни қабул қилиш жараёни бормоқда. Булар:

  • “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги;
  • “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги;
  • “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги;
  • “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги;
  • “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги;
  • «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги (янги таҳрири) қонун лойиҳаларидир.
  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонининг 6-банди ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги қарори билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими жорий йил 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида ўтказилиб, кўкрак нишони ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди. “Кўкрак нишони” билан тақдирланганлар рўйхати Марказ веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

  1. Фармоннинг 7-банди ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 октябрдаги "Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарор билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг Концепцияси, Регламенти ва Ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Шунингдек, Фармоннинг 12-банди ижросини таъминлаш мақсадида Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига кушимчалар ва ўзгартириш лар киритиш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан тегигшли тартибда келишилгач, Президент Администрациясига киритилган.

  1. Фармон билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг 3-бўлим 14-банди ижросини таъминлаш мақсадида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.

2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз учун БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси овоз берди. Бу сайловда Осиё давлатлари минтақсидан энг кўп овоз берилган давлат Ўзбекистон бўлди.

  1. “Йўл харитаси”нинг 4-банди ижросини таъминлаш мақсадида, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш бўйича “Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият” махсус ўқув модули ишлаб чиқилди. Мазкур модул асосида ҳозирга қадар 32та вебинар ўтказилиб, жами 500 нафардан ортиқ раҳбар ходимлар ўқитилди.

Ўқув жараёнига етакчи халқаро мутахассислар жалб этилиб, ўқув курси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Тараққиёт дастури, UNODC, ЕХҲТнинг Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

  1. “Йўл харитаси”нинг 23-банди ижроси таъминланди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясини тузиш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.

Қўшма қарорга асосан, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди ва унинг таркиби ҳамда Регламенти тасдиқланди.

  1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мазмун-моҳиятини хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишлари давом эттирилди. Бугунга қадар жами 134 та, шу жумладан 94 та электрон, 21 та босма маҳаллий оммавий ахборот воситалари, 19 та хорижий оммавий ахборот воситалари Миллий стратегияни ёритишда иштирок этган.
  2. “Йўл харитаси”нинг 74 ва 76-бандларини амалга ошириш доирасида жорий йил 12-13 август кунлари ўтказилган «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми якунлари бўйича қабул қилинган резолюция БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.

Айни пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми резолюцияси БМТнинг Расмий ҳужжатлар тизимида А/74/998 рақами остида жойлаштирилган. БМТнинг 6 та расмий тили - араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларига таржима қилинган.

  1. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Доимий кенгашининг яқинда бўлиб ўтган мажлиси якунида Самарқанд резолюцияси ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибиятининг 2020 йил 31 августдаги OIC/CULT-05(31)/2020/002736-сонли расмий хати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг якуний ҳужжати ИҲТга аъзо барча давлатларга юборилган.

Бундан ташқари, Самарқанд резолюцияси матни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ташкилотининг расмий сайтида эълон қилинган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech