Олма ота шаҳридаги Қуруқликдаги қўшинлар ҳарбий институтида “Айбин” халқаро ҳарбий-ватанпарварлар йиғини ўтказилди.
Йиғинда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати жамоаси муваффақиятли иштирок этди.
Қозоғистон, Озарбайжон, Беларусь, Қирғизистон, Ўзбекистон Республикалари ва Россия Федерациясидан келган 750 нафар ўғил-қиздан иборат жамоалар “Айбин совғаси” интеллектуал ўйини, робототехниклар ўртасида “Билимдон аскар” шарти, “АК-74” қуролини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш шартларида ўзаро беллашди.
Бир неча кун давом этган муросасиз баҳслар якунида “Ватан таянчи” жамоаси умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Биринчи ўрин эса мезбон – Қозоғистон жамоасига насиб этди.
Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида жамоамизга кубок, медаллар ва эсдалик совғалари топширилди.
ЎзА
- Қўшилди: 24.06.2024
- Кўришлар: 1475
- Чоп этиш