Муҳокама мавзуси: ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирокини таъминлаш

27 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда “Ёшлар ва парламент” мавзуида йиғилиш ўтказди, деб хабар берди parliament.gov.uz сайти.

Видеоконференция тарзида ташкил этилган йиғилишда депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мутасаддилари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, барча сиёсий партияларнинг Ёшлар қаноти раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошқарган ушбу тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшлар масаласига алоҳида урғу берилгани, натижада ёшлар ҳамда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси каби масалалар бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилангани қайд этилди.

Маълумки, жаҳон парламентларида 30 ёшгача бўлган депутатлар 2 фоиздан сал кўпроқни ташкил қилади. Дунё миқёсида 30 ёшгача бўлган депутатлар 2016 йилда 1,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб бор йўғи 2,2 фоизга етган.

Парламентлар юқори палаталарининг 76 фоизида 30 ёшгача бўлган депутат ёки Сенат аъзолари умуман мавжуд эмас. 2016 йилдан бугунги кунга қадар ёш эркак парламентчилар сони ёш аёл парламентчиларга нисбаттан кескин ўсган.

Ўзбекистонда қизғин сиёсий курашлар остида ўтган сайловлар натижасида янги парламент қуйи палатаси депутатларининг таркиби шаклланди. Уларнинг 48 нафарини аёллар, 9 нафарини, яъни 6 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ўтган чақириққа нисбатан қарийб 3 фоизга кўпдир.

Йиғилишда БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияси лойиҳаси ҳақида ҳам сўз юритилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан бир қатор давлат идоралари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳи Конвенциянинг концепцияси ва лойиҳасини ишлаб чиққани таъкидланди.

Лойиҳани янада такомиллаштириш учун таклифлар олиш мақсадида унинг матни бир қатор давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига юборилган. Келиб тушган таклиф ва тавсиялар асосида Конвенция лойиҳаси маромига етказилган. Айни вақтда ушбу ҳужжат кенг халқаро муҳокамага тақдим этилган.

Бугунги кунда Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилмоқда. Сўзга чиққанлар ушбу тузилманинг мақсадлари, вазифалари ҳақида тўхталдилар.

Мазкур парламент ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, уларни сиёсий фаол қатламга айлантириш каби долзарб вазифалар билан шуғулланиши лозим.

Хорижий мамлакатларнинг бу борадаги илғор тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги асосий иштирокини таъминлашда ёшлар парламентини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech