Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги тўртинчи Мурожаатномасини тақдим этди. Ушбу Муроожаатнома нафақат парламент, балки бевосита бутун ҳалққа ва халқаро ҳамжамиятга ҳам йўналтирилгани алоҳида аҳамият касб этди. Ўзбекистон тараққиётида “тарихий бурилиш нуқтаси” бўлган, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида нишонланиши, 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.
Парламент вакили сифатида депутатларимиз олдида турган ва ушбу том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлган Мурожаатномада белгиланган қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим деб биламан.
Мурожаатномада бундан 4 йил олдин қабул қилинган, жамият ва давлатни барқарор ривожлантириш бўйича устувор дастурий ҳужжат бўлган Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган, мамлакатимиз равнақини сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга кўтариш ва Янги Ўзбекистон қуриш, Учинчи Ренессансга мустаҳкам асос яратишга қаратилган туб демократик ислоҳатлар ҳолати ва истиқболлари, мақсад ва вазифалари чуқур таҳлил қилиб берилди.
Яна бир бор демократик ислоҳотлар йўли – яккаю ягона ва энг тўғри йўл эканлиги, уларнинг маркази, негизида айнан инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, одамларни ҳаётдан рози қилиш, эркин ва фаровон яшашини таъминлаш турганлиги аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди. Ўтган даврда амалга оширилган, бир бирини тўлдирувчи ва бири иккинчисининг мантиқий давоми бўлган
- “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”,
- “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”,
- “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”,
- “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурлари,
- ишлаб чиқиладиган навбатдаги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ҳам айнан ана шу мақсадларга қаратилган.
Пандемия: инсон манфаатлари ва аҳоли фаровонлиги
Бугунги кунда инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказмоқда, кўпгина минтақаларда унинг “навбатдаги тўлқини” кузатилмоқда. 81 миллион киши коронавирус билан касалланган, улардан 1 миллион 765 минг нафари вафот этган. Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда.
Мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасида ўз вақтида кўрилган қатъий ва самарали чоралар, қабул қилинган 30 га яқин фармон ва қарорлар, белгилаб олинган муҳим вазифалар ҳамда амалга оширилган тезкор тадбирлар туфайли пандемиянинг салбий оқибатлари олди олиниб, жиловланишига эришилди. Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Тошкент шаҳри ва ҳудудларда, барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва замонавий диагностика воситалари билан таъминланди.
Аҳолимиз саломатлигини сақлаш ишларига 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, 150 нафар чет эллик юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди. Пандемия туфайли иқтисодий таназзулни олдини олиш мақсадида Инқирозга қарши жамғарма тузилди, қашшоқликка қарши кураш чора-тадбирлари кучайтирилди. 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти, 800 мингдан ортиқ оила, 8 миллиондан кўп фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди.
Дунёда мамлакатлараро алоқалар ўта мураккаб холга келган, барча қатновлар тўхтатилган даврларда ҳам хориждаги ватандошларимизни ҳимоялаш давлат томонидан назоратга олинди. Хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошимиз юртимизга олиб келинди, қийин аҳволга тушган 100 мингга яқин фуқароларга зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлигини биринчи марта тан олиб, уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширила бошланди. Ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали эса 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди.
Пандемия ва парламент
Пандемия даврида парламент қонун ижодкорлик фаолиятини бир кун ҳам тўхтатмади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳудудларда жами 14 маротаба ўрганишлар ва сайловчилар билан учрашувлар ўтказилди. Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, камбағалликни қисқартириш, “Темир дафтар”га киритилган аҳолини қўллаб-қувватлаш, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” асосида ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати атрофлича ўрганилди. Қонунчилик палатаси Кенгаши йиғилишларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида видеоконференция тарзида атрофлича муҳокама қилинди.
Энг асосийси – ушбу учрашувлар ва ўрганишлар натижасида аҳолининг ислоҳотларга, давлатга ишончи, мамлакатдаги воқеа-ҳодисаларга даҳлдорлик ҳисси кескин ошганлиги намоён бўлди.
Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси, ушбу чора-тадбирларнинг айнан инсонга, унинг ҳар томонлама ҳимояланиши, ҳуқуқларини таъминлашга қаратилганини нуфузли халқаро ташкилотлар, ҳусусан БМТ, Парламентлараро иттифоқ, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом Ҳамлкорлик Ташкилоти ҳамда ривожланган демократик давлатлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳалқаро демократия индексларидаги ўрни ва ҳолати яхшилаб борилишига эришилмоқда.
Мурожаатнома ва инсон ҳуқуқлари
Бу йил Ўзбекистон тарихда илк маротаба БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарди. Президентимизнинпг БМТ Бош Ассамблеяси
75-сессиясининг олий минбаридан илгари сурган глобал ва минтақавий ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими шаклланди. Бу тизимда парламент Омбусмани, Бизнес омбудсман, Болалар омбудсмани ва Инсон ҳуқулари бўйича миллий марказ фаолият юритмоқда. Мурожаатномада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ноёб механизмини такомиллаштиришга оид аниқ ташаббус ва таклифлар берилди. Бундан ташқари БМТ шафелигида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” глобал форуми, Ёшлар ҳуқуларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани, Диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференциялар ўтказилади.
Мурожаатнома ва Учинчи Ренессанс
Янги Ўзбекистон, учинчи Ренессанс айнан мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади, мамлакат тараққиёти илм фан ва ииновацияга таянади.
Бу борада Мурожаатномада жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касбга айлантириш, мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш, 2023 йил охиригача мактабгача таълим қамровини 75 фоизга етказиш, мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттириш борасида қатор стратегик аҳамиятга эга вазифалар белгиланди.
Шунингдек, олий таълимнинг қамрови ва сифатини кўтариш, давлат грантлари сони камида 25 фоизга ошириш, олийгоҳларнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқини кенгайтириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳусусан, 2021 йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказиш ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга ошириш вазифаси белгиланди.
Мотуридий: “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб бил”
Инсон саломатлиги – буюк ва ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган бойлик, она ва бола соғлиғига эътибор эса – жамиятга, келажакка эътибор. Президентимиз бобокалонимиз Имом Мотуридийнинг ушбу чуқур маъноли сўзларининг тўғри эканини ҳаётнинг ўзи қайта-қайта исботлаётганини алоҳида таъкидладилар.
Аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларни янги босқичга кўтариш борасидаги устувор вазифалар ҳам белгилаб берилди. Бунда, ҳусусан, коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
“Демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз”
Янги Ўзбекистонда демократия деганда нафақат фуқаролар эркинлиги ва тенглиги таъминланган халқ ҳокимиятчилиги, балки бир пайтнинг ўзида одамларни ҳаётдан рози қилиш, халқ ичига чуқур кириб бориш, том маънода ҳар бир инсоннинг дарду-интилишларини билиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш тизими фаолияти самарали йўлга қўйилганлиги ҳам тушунилади.
Бу эса, ўз навбатида, депутатлар ўзлари сайланган ҳудуддаги муаммолар, тегишли вазирлик ва ҳокимликлар, ташкилотлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганини доимий ўрганиб, назорат қилиб боришлари зарурлигини англатади. Депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти ҳамда муҳим ижтимоий-сиёсий қарорлар қабул қилиши жараёнида ташаббусларнинг энг қуйидан, халқдан чиқишида амалий кўприк вазифасини ўтамоқда. Шу билан бирга, икки томонлама ҳисобдорлик тизимини яратиб, парламентни халққа янада яқинлаштиради, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга ҳизмат қилади.
Депутатларнинг “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи халқ бўлиши шарт” деган тамойилни ҳаётга татбиқ этиш, давлат ва жамиятни барқарор ривожланиши ва тараққиёти, Янги Ўзбекистон воқелиги тақозо этаётган қонунлар қабул қилиш борасидаги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш талаб этилади. Зеро, қонунларнинг ҳар бир нормаси қайсидир маънода тўғридан-тўғри халқ ҳаётига таъсир кўрсатади. Қонун лойиҳаларининг аҳоли билан кенг муҳокама қилиниши, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари бевосита жойларга чиқиб ўрганилиши бу йўналишдаги фаолият самарадорлигини оширишга ҳизмат қилади.
Бунда тўғридан-тўғри амал қиладиган, яъни ижро этилиши учун қўшимча қонуности ҳужжати ишлаб чиқилишини талаб этмайдиган қонунларни қабул қилиш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаоллиги ва масъулиятини ошириш, қонунлар сифатини яхшиланишига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ҳусусан, Мурожаатномада тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сонини қисқартириш ҳамда Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Шунингдек давлат ва жамият ривожига хизмат қилувчи 30дан зиёд кодекс ва қонунлар қабул қилиш назарда тутилган.
Қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказиш, маромига етказиш ва қабул қилиш билан боғлиқ демократик жараёнлар Янги Ўзбекистоннинг Янги парламенти фаолиятининг ажралмас қисми ва устувор йўналишидир. Давлат идораларидаги ижро сифати ва ҳолатини вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларида, республика даражасида эса – Олий Мажлис палаталарида муҳокама қилиб бориш зарур.
Ҳулоса қилиб айтганда, Мурожаатнома парламентимиз ўз фаолиятини Янги Ўзбекистонга мос равишда ташкиллаштириши, халқ фаровонлигини ошириш, жамият ва давлатни узоқ муддатларда ҳам, жумладан дунёда ҳали ҳамон давом этаётган коронавирус пандемияси ва у билан боғлиқ глобал иқтисодий кризис даврида ҳам, барқарор ривожланишини таъминлаш борасидаги вазифаларни бажаришда фаол бўлишини талаб этади. Яъни “Янги Ўзбекистон – Янги парламент” деган тамойилни ҳаётга татбиқ этиш, қатор устувор йўналишларда яхлит қонунлар мажмуаларини ишлаб чиқиш, қонунларни амалиётга татбиқ этилиши устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш каби қатор устувор вазифаларни олдимизга қўяди.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
- Қўшилди: 30.12.2020
- Кўришлар: 3784
- Чоп этиш