Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга интеграцияси муҳим омилдир

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг сайловдан кейинги биринчи ялпи мажлисидаги нутқида ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга тўлақонли мослашувини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланаётганини таъкидлаган эди.

Бу жараёнда ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўламини кенгайтириш катта аҳамият касб этади. Айниқса, аҳолининг имконияти чекланган қатлами учун бундай имкониятлар уларнинг нафақат кундалик эҳтиёжларини қондиришга, балки жамиятга интеграция қилишга йўналтирилган муҳим омилдир.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланди. Унда мамлакатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига тегишли нормалар 3 баробар кўпайди. Хусусан, ёлғиз кексалар ва меҳнатга лаёқатсиз, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши Конституцияда белгилаб қўйилди.

Шунингдек, давлат раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Маълумот сифатида айтадиган бўлсак, мамлакатимизда нафақа олувчилар сони 2016 йилда 466 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб 2 миллиондан ошди.

Дарҳақиқат, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими самарали бўлиши учун аввало, уларнинг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш зарур. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ногирон шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлайди ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдам беради. Бу қонун жамиятнинг барча аъзолари учун тенг имкониятлар яратишга йўналтирилган бўлиб, ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий суғурта орқали уларнинг ҳаёт тарзини яхшилашни мақсад қилади.

Бундан ташқари, бугунги кунда имконияти чекланган болаларнинг аксарияти ижтимоий муҳитдан ажралган ҳолда таълим олмоқда. Президент таъкидлаганидек, имконияти чекланган болалар учун мактабларда тўсиқсиз муҳит ва замонавий таълим имкониятлари яратилиши зарур. Бу, айниқса, инклюзив таълим тизимини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Болаларнинг умумтаълим муассасаларига жалб қилиниши эса уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши ва тенгдошлари билан бирга таълим олиш имконини беради.

Инклюзив таълим тизимини ривожлантириш учун, албатта, махсус педагог ва психологлар билан ишлаш зарур. Ушбу йўналишда малакали мутахассислар тайёрлаш, уларнинг имконияти чекланган болаларга ёрдам бериш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш давлат сиёсатининг муҳим қисмидир. Президентимиз томонидан таклиф этилган чора-тадбирлар ногиронлиги бўлган болалар учун тўсиқсиз таълим имкониятларини яратишга, уларнинг билим олиш жараёнига фаол жалб қилинишига ёрдам беради.

Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш учун ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш лозим. Бунда ижтимоий ходимлар томонидан маҳаллий даражада ногиронлар билан доимий иш олиб борилиши муҳим. Жамиятда бундай шахсларнинг ижтимоий муҳитга мослашувида катта аҳамиятга эга. Шу боис ҳар бир маҳаллада ижтимоий хизматларнинг тўлақонли ва самарали ишлашини таъминлаш ногиронларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга хизмат қилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси нафақат моддий ёрдам, балки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олади. Бу жараёнда давлат органлари, маҳаллий ҳокимиятлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик жуда муҳим. Ногиронларнинг таълим олиш, меҳнат қилиш ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятлари билан таъминланиши, бу ҳамкорликнинг самарадорлигини белгилайди.

Айтиб ўтиш лозимки, яратилган имкониятлар ҳисобига 2024 йилда тадбиркорлар 40 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсни ишга олди. Буни янада кенгайтириш мақсадида 2025 йил 1 январдан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, уларнинг меҳнат фаолиятида иштирокини таъминлаш ҳам албатта муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун давлат томонидан ногиронларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур. Шунингдек, иш берувчиларга ногиронлар учун қулай шароитлар яратишга кўмаклашувчи имтиёзлар ва субсидиялар жорий қилиниши мумкин. Бу ногиронларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлайди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган чора-тадбирлар доирасида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус марказлар ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилган. Бу марказлар ногиронларнинг ижтимоий мослашуви, уларни меҳнат бозорига тайёрлаш, психологик ёрдам кўрсатиш каби йўналишларда иш олиб боради.

Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматларнинг самарали бўлиши учун аввало уларнинг эҳтиёжларини чуқур ўрганиш ва аниқлаш муҳим. Бу борада эса маҳаллаларда ногиронлар билан ишлайдиган ижтимоий ходимлар фаолиятини кучайтириш, уларнинг малакасини ошириш ва доимий равишда қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш керак. Ижтимоий хизматларнинг сифатли ва самарали бўлиши ногиронларнинг ҳаётини енгиллаштиришга ёрдам беради.

Шу ўринда эътироф этиш лозимки, ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш,  оғир аҳволга тушиб қолишини олдини олиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида туман (шаҳар)ларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” марказлари очилди. Натижада 102 та ижтимоий хизмат айнан маҳаллаларда йўлга қўйилди. Ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, 2024 йил реестрда бўлмаган яна 95 минг муҳтож одамга ёрдам кўрсатди. 51 минг одамга ногиронлик белгиланди, 26 минг нафари протез олди. Ётиб қолган 4 минг ёлғиз кекса аниқланиб, уларга уйининг ўзида парвариш ташкил этилди. Ногиронлиги бор 5 минг нафар бола боғча-мактабга жойлашди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 2025 йилдан маҳалладаги ижтимоий ходимлар ва хусусий сектор иштирокида камбағал оилалардаги ўзи ҳаракатлана олмайдиган одамларнинг 19 мингига уйида ва 4 мингига кундузги қатнов асосида қараб туриш йўлга қўйилиши белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга тўлақонли мослашувини таъминлаш,  ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш бугунги кундаги инсон қадри тамойилининг энг юксак вазифалар билан илдамлаётганидан далолатдир.

Инобат Ҳакимова,

“Тараққиёт стратегияси”

маркази бош мутахассиси

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech