Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
15 январь куни Абу-Даби шаҳридаги "Қаср аш-Шати" қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон Президенти БАА Президентига ташриф билан келиш таклифи ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда "Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги" муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон – БАА дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини, шу жумладан, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳаларни янада ривожлантиришнинг муҳим масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон ва Амирликлар халқларини муштарак тарихий илдизлар, ўхшаш анъана ва қадриятлар, муқаддас ислом дини чамбарчас боғлаб тургани таъкидланди.
Ўзбекистон етакчисининг БААга ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очаётгани – улар стратегик шериклик даражасига кўтарилаётгани қайд этилди.
Сўнгги йилларда товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони бир неча баробар ошди. Тўғридан-тўғри авиақатновлар сони кўпайди, визасиз тартиб жорий қилинди.
Ташриф доирасида БААнинг етакчи компаниялари билан янги, асосан юқори технологик тармоқларда лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Сиёсий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқотни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Етакчилар иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини, жумладан, сунъий интеллект, рақамлаштириш, "яшил" энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби 6 та асосий йўналишни белгилаб олдилар. Ҳар бир устувор соҳа бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этишга келишилди.
Томонлар 2025-2027 йилларни "Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври" деб эълон қилиш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Шу маънода, 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга кўпайтириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард долларга етказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифа этиб белгиланди.
Ўзбекистон икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва БАА компанияларининг юртимиздаги инвестициявий фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдорлиги қайд этилди.
Маданий-гуманитар алмашинув кўламини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари Муҳаммад бин Зоид номидаги университет билан ҳамкорликда юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва сунъий интеллект соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича қўшма дастурни ишга туширишни таклиф этди.
Музокаралар давомида бўлажак олий даражадаги тадбирларга, шу жумладан, жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқотининг иккинчи саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Етакчилар халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари Президентлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
– Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида декларация;
– Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Молиявий-техник ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
–Инвестициялар, саноат ва илғор технологиялар, адлия, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, фойдали қазилмалар соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида идоралараро битимлар;
– Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Дипломатик академиялар ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим ва бошқалар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абу-Даби шаҳрига ташрифи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан учрашув ўтказди.
Кўп қиррали ҳамкорлик ва устувор йўналишлардаги амалий шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон – БАА муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиққан олий даражадаги тарихий музокаралар якунлари мамнуният билан қайд этилди.
Куни кеча Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи компания ва холдинглари раҳбарлари билан эришилган келишувлар тўлиқ амалга оширилиши қўллаб-қувватланди.
Учрашувда ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Уй-жой ва транспорт инфратузилмаси, энергетика, тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик, рақамлаштириш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Сунъий интеллект борасида, шу жумладан, соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболли йўналиш сифатида белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида Дубай шаҳрида БАА Вице-президенти, Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди.
Учрашувда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар самарали бўлгани ҳамда Ўзбекистон – БАА муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтаргани юқори баҳоланди.
Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва бошқарув кадрларини тайёрлаш каби соҳаларда фаол мулоқотлар ва самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Юқори технологиялар, рақамлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа истиқболли йўналишларда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга келишиб олинди.
БААдаги шериклар билан Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлик билдирилди.
Дубайнинг илғор ечимларини шаҳарсозлик соҳасига, жумладан, Янги Тошкентда замонавий инфратузилмани яратиш доирасида жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар фаол мулоқотни давом эттириш ва амалий шерикликнинг барча йўналишларида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи якунланди.
ЎзА
- Қўшилди: 16.01.2025
- Кўришлар: 321
- Чоп этиш