Куни кеча “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун матни Брайл алифбосида китоб ҳолида нашрдан чиқди. Янги нашр икки муҳим сана, яъни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунига муносиб совға бўлди.
Ушбу расмий нашр Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан чоп этилди. Бу эзгу ишда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси яқиндан ёрдам берди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган ва давлат ҳимоясидадир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, кейинги йилларда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида янги Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва тенг ҳуқуқларини кафолатлайдиган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонун ҳужжати ҳисобланади.
“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг асосий қоидаларини амалга ошириш соҳасида замонавий услублар ва халқаро стандартларни жорий этишга ёрдам беради.
Шу маънода, Брайл алифбосида чоп этилган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида” расмий нашри юртимиздаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга ошириш мақсадларига хизмат қилишига аминмиз.
Чунки ушбу нашр саҳифаларидан жой олган янги Қонун ногиронлиги бўлган шахслар учун мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида ногиронлиги камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда иштирок этишда катта имкониятлар яратади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.12.2020
- Кўришлар: 4032
- Чоп этиш