Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги ҳафталиги давом этмоқда

Шу кунларда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг Олий даражадаги ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Ҳар йили ўтказиладиган ушбу нуфузли йиғинга дунёнинг турли бурчагидан давлат раҳбарлари ташриф буюради.

Юқори даражадаги ҳафтанинг асосий воқеаси дунё етакчиларининг баҳс-мунозаралари ҳисобланади. Бу галги тадбирда ҳам долзарб масалалар кўриб чиқилади. 

Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Бош Ассамблеянинг 79-сессияси президенти Филемон Янг нутқ сўзлаши кутилмоқда. Шунингдек, халқаро йиғинда БМТнинг асосий органи - Хавфсизлик Кенгаши дунёнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилишни давом эттиради. 

“Украинада тинчлик ва хавфсизликни сақлаш” мавзусидаги учрашув бугун бўлиб ўтиши режалаштирилган. Чоршанба куни халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш масаласи бўйича очиқ мулоқот бўлиб ўтади, пайшанба куни эса Россия ТИВ эълон қилганидек, “Шимолий оқим” газ қувурларида саботаж бўйича йиғилиш бўлиб ўтади. Жума куни Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилади.

Юқори даражадаги ҳафта давомида мамлакат раҳбарлари ўртасида муҳокама қилинадиган асосий мавзулардан бири Украина инқирози бўлиши шубҳасиз. Унда муаммони фақат дипломатик йўл билан ҳал қилиш йўллари кўриб чиқилади. Бироқ  вазиятни янада кескинлаштириш масаласи  ҳам муҳокама қилиниши мумкин. Масалан, бир қатор оммавий ахборот воситаларининг фикрича, АҚШ ва Буюк Британия Киевга Бош Ассамблеяда Россиянинг ҳудудига чуқурроқ зарба бериш учун рухсат бериши ҳам мумкин.

Ҳафта давомида муҳокама марказида яна бир муҳим мавзу - Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви, хусусан, Ғазо секторидаги деярли бир йилдан бери давом этаётган зиддиятга бағишланади. Чунки, ўтган давр мобайнида Хавфсизлик Кенгашининг низони тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилишга кўмаклашиш бўйича  уринишлари бесамар кетди.

С.Раҳимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech