ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛИЙ ПРЕВЕНТИВ МЕХАНИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ: МИЛЛИЙ АМАЛИЁТ ВА ХАЛҚАРО АНДОЗАЛАР

8 октябрь куни Тошкентда “Ўзбекистонда миллий превентив механизмни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро конференцияни ташкил этишдан мақсад ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларга нисбатан инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш борасидаги миллий ва хорижий тажрибани ўрганишдир. Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси ҳамда жорий йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бу борада белгилаб берилган вазифалар алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида таъкидлаганидек, “Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир бўлганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир”.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев халқаро анжуман иштирокчиларини қутлар экан, мамлакат Президентининг жорий йил 26 июндаги қарори ижроси доирасида Марказ томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал ва Фуқаролик кодексларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди.

             Қонун лойиҳасига кўра, авваламбор, Жиноят процессуал кодекснинг 275-моддаси қийноққа солиш жинояти натижасида жабрланувчига етказилган мулкий ва маънавий зиённи қоплаш тўғрисидаги даъволар жиноят процессида кўрилиши мумкинлигини белгиловчи норма билан тўлдирилмоқда.

             Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 991-моддасига қийноққа солиш жинояти натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда тўланишини белгиловчи қўшимча киритилмоқда. Мазкур кодекснинг 1021-моддасидаги маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши лозим бўлган ҳолатларга қийноққа солиш жинояти натижасида етказилган зарарни ҳам киритиш таклиф этилмоқда.

               Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати нимада деган савол туғилиши табиий. Бу билан, биринчи навбатда, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Қийноққа қарши қўмитасининг Ўзбекистон Республикасининг даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича берган тавсиялари ижроси таъминланишини қайд этиш лозим. Шунингдек, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилиниши йўлга қўйилади.

               Қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни компенсация қилиш кўплаб хорижий давлатларнинг қонунчилигида ҳам янги амалиёт бўлиб, бу мамлакатнинг халқаро имижига ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилиб, миллий қонунчиликда қийноққа солишдан жабрланган шахсларнинг компенсация тўловларини олиши ҳуқуқини белгилаш мажбуриятини олган.

  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати хабарида қайд этилганидек, қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг нафақат жазони ижро этиш муассасаларига, балки 200 дан ортиқ ёпиқ муассаса, жумладан, руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, наркологик диспансерлар, реабилитация марказлари, “Меҳрибонлик”, “Муруват” ва “Саховат” уйлари ҳамда бошқа қатор  муассасаларга бориш орқали амалга оширилади.

Миллий превентив механизм (МПМ) дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Грузия, Озарбайжон, Молдова, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа қатор давлатларда жорий этилган.

Халқаро конференция ўз ишини секцияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Мунозаралар асносида жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарадорлигини ошириш, унда фуқаролик жамияти вакилларининг тутган ўрни, миллий превентив механизмни жорий этиш борасидаги хорижий ва Марказий Осиё давлатлари тажрибасига оид маърузалар тингланди ва муҳокама этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech