Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда энергия ресурсларига талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Бунга мос равишда янги станциялар қурилиб, манбалар кўпайтирилмоқда.
Шу билан бирга, жорий йил бошида ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланган эди. Давлатимиз раҳбарининг июлда Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ушбу режани илмий асосланган ҳолда 2 баравар ошириб бажариш йўллари кўрсатиб ўтилди.
Шундан сўнг, Фарғона политехника институти олимлари томонидан Фарғона туманидаги электр истеъмоли ўрганилди. Мисол учун, 4,6 минг хонадон ва 233 та тадбиркорга хизмат қиладиган “Лоғон” подстанциясидаги йиллик йўқотиш 5 миллион киловатт соатни ташкил қилади. Бу – табиий йўқотиш учун белгиланган меъёрдан 1,5 баравар кўп.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур подстанциядан электр оладиган 113 та трансформатордаги юкламани тенг тақсимлаш орқали 765 минг киловатт соат йўқотишнинг олдини олиш мумкин. Энг муҳими, бунга харажат талаб қилинмайди. Туман электр корхонасида бошқарув тўғри йўлга қўйилса бўлди.
Ёки сув насосларига хизмат кўрсатувчи 44 та трансформаторга реактив қувват батареялари ўрнатилса, йўқотиш йилига 1,1 миллион киловатт соатга камаяди, харажат бир йилда ўзини оқлайди.
Умуман, Фарғона туманидаги 14 та подстанцияда 15,5 миллион киловатт соат ёки йилига ўртача 6 миллиард сўмлик ортиқча йўқотиш ҳисоб-китоб қилинган. Иш юқоридагидек омилкорлик билан ташкил қилинса, электрдан иқтисод қилиш режасини бажариш мумкин.
Мамлакатимиз бўйича 1 минг 800 та шундай подстанция ва 100 мингга яқин трансформатор бор. Мутасаддиларга ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиб, энергияни тежаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистонда газни тежаш бўйича яхши натижа бор. Ҳозиргача 95 мингта хонадондаги эскирган “горелка” энергия тежамкорига алмаштирилгани ва иситиш тизими изоляция қилингани ҳисобига, йилига 145 миллион кубметр газ иқтисод бўлаяпти. Яна 16 минг эҳтиёжманд оилага маҳаллий бюджет ҳисобидан шундай печлар қўйиб бериш бошланган. Бу орқали 20 миллион кубметр газ иқтисод қилиниб, эҳтиёжманд аҳоли ихтиёрида 12 миллиард сўм қолади.
Шу тарзда, юртимиздаги 1 миллион хонадон иситиш тизимини энергия тежамкорига алмаштириш вазифаси қўйилди.
Юртимизда 2 минг 349 та йирик газ истеъмолчиси бор. Уларнинг орасида омилкорлари ҳам кўп. Масалан, Оҳангарондаги кафель ишлаб чиқарувчи корхона ўзидан чиққан иссиқликдан қайта фойдаланиш технологиясини жорий қилган. Лекин, йирик истеъмолчиларнинг бор-йўғи 25 фоизида замонавий газ тежовчи ускуналар ўрнатилган.
Давлатимиз раҳбари бунга алоҳида тўхталиб, вилоят ҳокимликлари ва Энергоинспекция мана шундай масалалар билан шуғулланиши кераклигини таъкидлади. Йирик газ истеъмолчиси бўлган корхоналарда илмий-техник асослар билан энергия тежамкор технологиялар ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди.
Маълумки, шу йил 23 августдаги Президент фармонига асосан, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси – Ўзэнергоинспекция Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди. Бу унинг имкониятлари ва иш самарадорилигини оширади.
Энди шундай ишларни энг йирик электр истеъмолчилари бўйича ҳам қилиш кераклиги айтилди.
Бу борада ижобий тажрибалар бор. Мисол учун, “Аму-Бухоро” каналига 100 Мегаваттли қуёш станцияси ўрнатилди. Бунинг натижасида тармоқдан олинадиган энергия миқдори 30 фоизга ёки 200 миллион киловаттга қисқарди. Яна шунча қувват ишга туширилиши режалаштирилган.
Бу бежиз эмас. Жами электр истеъмолининг 10-11 фоизи сув хўжалиги корхоналарига тўғри келади. Шу боис келгуси уч йилда сув хўжалиги иншоотларида электр истеъмолини камида 25 фоизга қисқартириш вазифаси белгиланди.
Энергия самарадорлигини таъминлашда яна бир манба бу – қуёш. Масалан, Олтиариқдаги тадбиркор 300 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, йилига 540 минг киловатт соат ёки 486 миллион сўмлик электрни ўзи ишлаб чиқараяпти.
Бу йил аҳолига 182 Мегаватт, тадбиркорларга 791 Мегаватт қувватли муқобил энергия ускуналари ўрнатиш режалаштирилган. Лекин айрим вилоятларда бу борадаги ишлар суст экани кўрсатиб ўтилди. Тегишли мутасаддилар қатъий огоҳлантирилди.
– Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бу – давлат сиёсати, – деди Президент.
Йиғилишда вилоят ҳокимлари, энергетика тармоқлари раҳбарлари ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш чора-тадбирлари юзасидан ҳисобот берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
- Қўшилди: 28.08.2024
- Кўришлар: 1167
- Чоп этиш