“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни тўлақонли таъминлаш ва кучайтиришни назарда тутувчи бир қатор ўзгаришларни ўз ичига олган.
Хусусан, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига алоҳида ҳисоботлар, шунингдек, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ўз фаолияти тўғрисида миллий маъруза тақдим этиши белгиланмоқда.
Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи жорий этилмоқда.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида мазкур қонун муҳокама қилинди ва унда Омбудсман ва унинг ўринбосари ваколатлари, дахлсизлигининг қўшимча кафолатлари ҳам жорий этилаётгани қайд этилди.
Қонунга “Омбудсман қутиси” тушунчаси киритилмоқда. Бу жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида ўрнатилиши ва унга озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг мурожаат қилиш тартиби белгиланди. Қонунда Омбудсманнинг минтақавий доимий вакили мақоми ҳам жорий этилмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан қонуннинг қабул қилиниши Омбудсман институтининг мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириши, институционал асосларини такомиллаштириши таъкидланди. Тузилманинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатлари кенгайиб, ҳудудлардаги иштироки тўлиқ таъминланади.
Мажлисда “Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Қонун инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда, жумладан, одам савдоси жинояти учун мутаносиб санкциялар жорий этиш заруриятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Ўз навбатида, одам савдоси жинояти ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали содир этилганлик учун жазо чораси кучайтирилаётгани алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, одам савдоси жинояти объекти бўйича оғирлаштирувчи бандлар сифатида ҳомиладор аёлга нисбатан содир этиш белгиси қайд этилмагани, шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, қонун билан Жиноят кодексига ушбу қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан оғирроқ жазо чораларини белгиловчи ўзгартиришларни киритиш таклиф этилаётгани эътироф этилди.
Муҳокамалар давомида сенаторлар мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга, унга қарши самарали курашишга, бундай қилмишлар учун мутаносиб жазо чоралари белгиланишига, қолаверса, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилишини қайд этиб ўтди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 09.10.2024
- Кўришлар: 663
- Чоп этиш