Жорий йилнинг 25-26 ноябрь кунлари “Одам савдосига қарши курашиш мақсадида миллий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзуси билан иш бошлаган Халқаро конференция Бухоро шаҳрида бўлиб ўтди.
Миллий ва халқаро миқёсида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг ҳамкорлигинии кучайтириш орқали одам савдосига қарши курашиш , жиноятни фош этиш ва барҳам бериш тадбирнинг асосий мақсади этиб белгиланди.
Ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида одам савдосига қарши курашиш учун барча манфаатдор тузилмалар ҳамкорлигининг халқаро ва миллий тажрибасидан фойдаланган ҳолда кучларни бирлаштириб самарали чора-тадбирлар тизимини яратишга таъсир кўрсатиши мумкин. Мазкур тадбир РИАМ “ISTIQBOLLI AVLOD” томонидан БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг марказий осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (UNODC) билан ҳамкорликда АҚШ давлат департаментининг ҳуқуқ-тартиботни ҳимоя қилиш ва халқаро гиёҳвандликка қарши кураш бўйича бюроси (INL) кўмагида ташкил этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳодимлари ҳам ушбу конференцияда иштирок этди.
Юртимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Вали Бухоро вилоятида бўлиб ўтказилаётган "Одам савдосига қарши курашиш мақсадида миллий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш" мавзусидаги халқаро конфренцияда иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Конференция давомида одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни фош этишда ижобий таъсир кўрсатадиган ва янада самарали курашишга ёрдам берадиган инновацион ёндашувлар, муваффақиятли амалиётлар ва тажрибалар намойиш этилди.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштириш бўйича изчил чораларни кўрмоқда.
2019 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилди.
Шунингдек, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, 2020 йилда янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Қонунга мувофиқ, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш, аниқлаш уларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида амалга оширилади. Қонунда одам савдоси қурбонларини ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тартиби ҳам белгиланган.
Ушбу соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида АҚШ Давлат департаментининг яқинда эълон қилинган Одам савдосига қарши курашишнинг дунё бўйича ҳолати таҳлилига доир маърузасида Ўзбекистон бу борада 2021 йилда иккинчи тоифага (Tier 2) ўтказилгани таъкидланганки, бу ўзгариш мамлакатимизнинг айни йўналишда изчил натижага эришганини кўрсатади. Илгари, 2018-2020 йиллар давомида Ўзбекистон алоҳида назорат олиб бориладиган мамлакатлар таркибида бўлиб келган.
Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, бугунги кунда одам савдосига қарши курашиш ва бундай нохуш воқеаларни олдини олиш глобал аҳамият касб этмоқда. Барча давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигига эҳтиёж туғдириб, бу борада давлатлараро ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда кучларни бирлаштириш лозимлигини тақазо этмоқда. Бу борада одам савдосига қарши курашнинг халқаро ва миллий қонунчилик нормаларида қонуний тартибга солиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.11.2021
- Кўришлар: 4195
- Чоп этиш