Одил судловни таъминлаш – адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти

“Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак”. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида янграган бу таъкид соҳага оид бугунги куннинг барча талабларини ўзида мужассамлаштиради. 

Инсоният адолатли ҳаёт тарзига, умр йўлларида ҳақиқат қарор топишига ҳамиша ташна. Суд-ҳуқуқ тизими эса жамиятда қонун устуворлиги, ҳақиқат барқарорлиги ва адолат барҳаётлиги учун масъулдир. Судлар адолатли ҳукмлар чиқарар экан, қонунлар устуворлигини йўқотмайди, ҳақиқат топталмайди, инсонлар эса хўрланмайди.

Давлат раҳбари томонидан бу борада белгилаб берилган вазифаларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида суд-ҳуқуқ соҳасининг бир қатор мутахассислари, судьялар ва депутатлар ўз фикрларини билдирди.

 

Давлатмирза КОМИЛОВ, Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси:    

– Давлатнинг қудрати, аввало унда барча итоат этадиган тартиб- интизом ўрнатилгани, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳар томонлама ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунларнинг мавжудлиги ва уларга изчил амал қилиш каби қатор мезонлар билан баҳоланади.

Буюк бобоколонимиз Амир Темур таъбири билан айтганда, давлат агар тартиб асосида қурилмас экан, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади.

Шу маънода, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида аждодларимизнинг давлатчиликни шакллантириш борасидаги тажрибалари ҳамда хорижий ибратли амалиётга таянган ҳолда ишлаб чиқилган ва кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларига кўра 2017 йилда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси янги Ўзбекистон келажагини барпо этиш йўлида муҳим дастуриламал ҳужжат вазифасини муваффақият билан ўтамоқда. Унинг ижроси доирасида эришаётган ютуқларимиз нафақат юртимизда, балки халқаро майдонда ҳам юксак эътироф этилмоқда.

Куни кеча одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу устувор масалалар юзасидан ўтган уч йилда йигирмадан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани қайд этилди.

Бу ҳужжатларнинг самараси судлар томонидан қисқа даврда 2 минг 273 нафар фуқарога оқлов ҳукми чиқарилгани, жиноят йўлига билиб-билмай кириб қолган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизлар жамоатчилик кафиллигига берилганида намоён бўлди.

Бундай ижобий ўзгаришлар фуқаролар ўртасида ҳақиқат
ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлаётган бўлса-да, халқимиз суд-ҳуқуқ тизимидан тўла рози дейишга ҳали асос йўқлиги таъкидлангани бежиз эмас. Чунки яқинда Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идоралари ходимлари ўз ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари билан икки нафар фуқаронинг эрта вафот этишига сабабчи бўлди.

Шунга ўхшаш ҳолатлар ислоҳотларга тўғаноқ бўлаётгани қатъий қораланди. Қайд этилган мудҳиш фожиаларга алоқадор 34 нафар ИИБ ходими қонун олдида жавоб бермоқда. Кейинги даврда ҳуқуқ-тартибот идораларининг 60 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

Йиғилишда тергов сифати ва терговчилар малакаси талабга жавоб бермаслиги, бу йўналишда мактаб шакллантирилмагани, тергов органлари ўттиз йил аввалги методология асосида фаолият олиб борилаётгани танқид қилинди.

Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида тергов органлари томонидан асоссиз айб қўйилган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланиб, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида оқланган 236 нафар шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган.

Ислоҳотларга салбий таъсир ўтказаётган бу каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида мамлакатда тергов институтини ташкил этиб, терговчилик касбини эгаллаш йўналишида бугунги кун талабига мос равишдаги мутлақо янги талабларни жорий қилиш таклиф этилди.

2018-2019 йилларда оқланган 307 нафар шахсга оид 192 та жиноят иши бўйича давлат айбловчилари айбловдан воз кечишмагани ҳам асосли равишда танқид тиғига олинди. Бинобарин, эндиликда айбловдан воз кечиш институтини шакллантириш ислоҳотларнинг асосий мезонларидан бири бўлиб, бу фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ишончини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.

Фуқаролардан судларда ишлар узоқ муддат кўрилаётгани юзасидан келиб тушаётган мурожаатларнинг сони камаймаяпти. Бу, ўз навбатида, судларда ишларни турли инстанцияларда қайта-қайта кўриш амалиётига чек қўйишни тақозо этаётир. Шунинг учун “Бир суд, бир инстанция” тизимини жорий этиб, ишларни назорат тартибида кўриш амалиётини тугатиш тавсия этилди.

Шу билан бирга, ҳар чоракда суд раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари орқали одил судлов фаолияти юзасидан ахборот беришлари йўлга қўйилади. Судьялар олий мактабида судьялар ва суд ходимларини сиртқи, кечки, масофавий ўқитиш ташкил этилади.

Гендер тенгликни таъминлаш мақсадида суд корпусида аёл кадрларни янада кўпайтириш кўзда тутилмоқда. Тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида видеоконференцалоқа тизимини жорий қилиш, суд мажлисларида аудиоёзишни жорий этиш
давр талаби экани алоҳида таъкидланди.

Суд мустақиллигини чин маънода таъминлаш мақсадида судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига, суд ишига ҳар қандай шаклда аралашувларга, шунингдек судьяларни одил судлов фаолияти билан боғлиқ бўлмаган турли хил йиғилиш ва тадбирларга ортиқча жалб қилишга чек қўйиш ҳақидаги фикрлар жуда муҳим. Судьяларни
уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Ушбу вазифаларни бажариш суд корпуси вакилларидан жиддий масъулиятни талаб этади. Биз, барча судьялар онгимизда адолатни қўрғон қилиб, тилимизда фақат ҳақиқатни сўзлаб, дилимизда поклик ва ҳалолликни сақлаб, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарликни фаолиятимизнинг кундалик қоидасига айлантириб, суднинг обрўсини, нуфузини кўтариш йўлида тинимсиз меҳнат қиламиз.

 

Наримон УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекисон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси:

– Президентимиз таъкидлаганидек, парламент аъзолари жойларда халқ билан очиқ мулоқот ўтказган пайтда жамоатчилик суд-ҳуқуқ соҳасида ўзлари дуч келган адолатсизликларни очиқ-ойдин баён қилди. Ҳа, биз депутатлар халқ ичига чуқур кириб борганимиз сайин уларнинг ҳаётларидан тўлиқ бохабар бўлмоқдамиз.

Афсуски, мурожаатларда мансабдор шахслар, давлат идоралари, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятидаги ножўя ҳаракат ва ҳаракатсизликлардан шикоятлар кўп. Уларни биргаликда ҳал қилишга келишиб олдик ва бу билан янги ислоҳотларга дастлабки қадамни қўйдик, десак муболаға эмас.

Одил судловга кўмаклашиш, тергов жараёнларини шаффофлаштириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар олиб боришни галдаги вазифа сифатида белгилаб олдик. Бинобарин, аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий Кенгашларда танқидий муҳокама қилиниши натижа бериши аниқ.

Президент Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Ҳозирда фракция аъзолари ҳамда партия экспертлари ушбу таклифни кўриб чиқиш устида бош қотирмоқдалар.

Судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш масаласи кўтарилгани айни муддао бўлди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш каби масалалар устувор вазифаларимиз қаторига киритилган. Зеро, мазкур ислоҳотлар адолатли жамият қуришнинг муҳим шартидир.

Юртбошимиз томонидан адвокатура одил судловнинг ажралмас қисми сифатида тилга олингани жуда ўринли. Бинобарин, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уни муносиб ҳимоя қилишда адвокатура институтининг ўрни ва роли беқиёсдир. Бу борада партиямиз суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқларининг тенглик принципини таъминлаш учун курашади. 

Видеолселектор йиғилишида ҳам адвокатлар мавқеини ошириш ва фаолиятини мустаҳкамлаш хусусида бир қанча таклифлар берилди. Жумладан, давлат томонидан тақдим этилган адвокатларни танлашнинг очиқ-ошкора тартиби йўқлиги боис айрим терговчилар ўзига таниш адвокатларни чақириб, айбланувчига таъсир ўтказиш ҳоллари учраб туради.

Бунинг олдини олиш учун эса тегишли вазирликларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга туширилади. Судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш аҳоли учун қулайлик яратишидан ташқари тизимнинг шаффофлашиши, адолат асосий мезонга айланишига хизмат қилади.

Судгача бўлган тергов жараёнлари борки, аҳолининг кўплаб эътирозлари айни шу босқичдан бошланади. Буни биз сайловолди дастурини шакллантириш жараёнларида аҳолидан келиб тушган кўплаб мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган айрим воқеалар доирасида таҳлил этган эдик.

Тергов жараёнларидаги адолатсизликларнинг кўплиги, тергов якунидан сўнг ҳам тергов идораларининг идоравий манфаатлари сақланиб қолаётгани ва бунинг судьялар дахлсизлигига таъсир этаётгани натижасида сайловолди дастуримизга турли муассасаларда мавжуд бўлган тергов органларини ягона мустақил тергов органига айлантириш ташаббуси киритилган.

Эътиборлиси, мазкур ташаббус кўплаб фуқароларимиздан томонидан қўллаб-қувватланган ва ҳанузгача ушбу ташаббусни тезроқ амалга оширишимизни сўраб кўплаб мурожаатлар келаётган эди.

Кечаги йиғилишда бу борада ҳам сўз борди. Аҳамиятлиси, Президентимиз томонидан мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ягона, мустақил тергов органини тузиш тўғрисидаги ташаббус илгари сурилди. Бу ўз-ўзидан халқимиз фикрлари асосида шаклланган дастурий вазифаларимиз ҳаётга татбиқ этилишида навбатдаги қадам ҳисобланади.

Йиғилишда коррупцияга қарши кураш борасида ислоҳотлар муҳокама қилингани суд ислоҳотларига оид фикрларнинг узвий давоми бўлди. Айниқса, Ўзбекистон Президенти томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этиш ҳақидаги фармон қабул қилингани муҳим қадамдир. Мазкур янги ташкилот коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолатини таҳлил қилиб, ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига миллий ҳисобот киритиб боради.

Президент маърузаси ўз йўлимиздан равон бориш учун янги режаларни тузишга имкон яратди. Энди бизни энг асосий иш – белгилаб олган мақсадларимизни дадиллик билан амалга ошириш кутмоқда.

 

А.ШУКУРОВ,   Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди раиси:

– Биз, судьялар бугунги кунда халқ билан онлайн мулоқотларни амалга ошириб, маҳаллий Кенгаш депутатларига мунтазам ахборот тақдим этиб келмоқдамиз. Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги брифингларда суд фаолиятини тарғиб этаяпмиз.

Карантин вақтида ҳам фуқароларни судга чақирмасдан низоларни маҳаллаларда, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда сайёр тартибда кўришни йўлга қўйдик. Бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.

Президентимиз маърузаси кўрсатиб ўтган хато ва камчиликлар суд тизимида ҳақиқатдан ҳам мавжуд. Халқимиз суд тизимидан рози дейишга ҳали эрта.

Албатта, иш фаолиятимиздаги хато-камчиликларга танқидий кўз билан қараган ҳолда уларни таҳлил этаяпмиз. Бор имкониятларимиздан фойдаланиб, низоларни вақтида ҳал этиш, одамлар розилигини олиш бўйича қилаётган ишларимиз йилдан-йилга яхшиланиб бораётган бўлса-да, лекин суд тизимини бугунги кун талаби даражасига олиб чиқишимиз лозим.

Жорий йилнинг беш ойида аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган. Бу албатта ачинарли ҳолат.

Шу сабабли нафақат судья, балки судда ишловчи ҳар бир ходим судга мурожаат этган фуқароларга тўғри ҳуқуқий тушунтиришлар бериши, хушмуомала муносабатда бўлиши шарт. Суд биносида мурожаат этувчилар учун яратилган шароитларни яхшилаш, фуқароларни тезкор қабул қилиш, суд тизимидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ўз устимизда ишлаб, тажриба ошириш, янги тайинланган судьяларимизни «устоз-шогирд» тизими бўйича ўргатиб бориш чораларини кўришимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Ушбу йиғилишга тайёргарлик асносида Парламент аъзолари энг чекка ҳудудларга бориб, аҳоли билан учрашдилар, уларнинг суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан фикрлари олинди. Бу албатта аҳолимиз томонидан илиқ кутиб олинди ва уларда катта қизиқиш уйғотди.

Президентимиз томонидан бундан буён депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб туриши ҳақида кўрсатма берилди. Бундай ёндашувни жуда ҳам тўғри, деб биламан.

Шунингдек, судга бориш учун айрим туман ва шаҳарларимизда одамларга қулайлик яратиш зарурлиги масаласи ҳам асослидир. Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг энг қуйи поғонаси туманлараро шаклда, яъни битта суд бир неча туман аҳолиси учун хизмат кўрсатиб келаётган бўлиб, айрим ҳолларда бу аҳоли учун ортиқча оворагарчиликларни, ўз навбатида уларнинг норозилигини ҳам келтириб чиқармоқда.

Шу боис аҳоли сони ва ҳудуди, кўрилаётган ишлар тоифаси ва сонидан келиб чиққан ҳолда судларни ва уларнинг фаолиятини мақбуллаштириш вақти келди.

Бугунги кунда чет эл инвесторларини мамлакатимизга жалб этиш масаласи жуда ҳам долзарб. Бунинг учун чет эл инвесторлари  ўзлари киритаётган хусусий мулк қонун ҳамда суднинг кафолатли ҳимоясида эканлигига ишонч ҳосил қилишлари лозим.

Хусусий мулк ҳуқуқининг суд тартибисиз бекор бўлиб кетиши, ерга бўлган ҳуқуқларнинг қонуний кафолатланмагани, бунда ҳоким қарорларининг ноқонуний қабул қилиниши каби ҳолатлар инвесторларининг сармоя олиб киришига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш эса инвестициявий жозибадорликни ошириши аниқ.

Давлат раҳбари томонидан суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш масаласига эътибор қаратилгани биз учун қувонарли, албатта. Бугунги кунда видеоконференция алоқа тизими билан жиҳозланган суд мажлиси заллари қисман мавжуд.

Бу замонавий тизим биринчи навбатда фуқароларимизга жуда ҳам катта қулайликлар яратиб, суд мажлисларини масофадан туриб ўтказиш имконини беради. Яъни, иш бўйича тарафлар турли вилоятлардан туриб суд мажлисида тўғридан-тўғри қатнашишлари мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, судларни жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиш белгиланди. Барча фуқаролар учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имкониятининг яратилиши эса судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди.

Судлар учун яратилаётган шароитлардан келиб чиққан ҳолда, биз судьялар ўзимизга бўлган талабчанликни янада оширамиз ва бундан ҳам яхши ишлаймиз. Бунда биринчи навбатда судда кўрилган ишларни умумлаштириб, фуқаролар ўртасида кўпаяётган низоларнинг сабабларини баратараф этиш ва уларни судгача ҳал этиш чораларини кўрамиз.

Илгари низоларни судда қонуний ҳал этишга эътиборимизни қаратган бўлсак, энди эса уларнинг барвақт олдини олишга эътибор берамиз. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда оилаларни яраштириш борасидаги ишларимизни янада жонлантирамиз.

Биз аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, низоларнинг олдини олиш,  ишларни ўз вақтида қонуний ҳал этиш, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлаш, фуқароларнинг розилигига эришиб, уларнинг адолатли судга бўлган ишончини ошириш чораларини кўрамиз.

 

Ҳусан ТУРСУНОВ, Қарши туманлараро иқтисодий суди судьяси:

– Куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигига эришиш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, янгича иш услубига эга дунёқараши кенг судьялар корпусини шакллантириш йўлида амалга оширилган чинакамига халқчил ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Соҳада ҳали ечимини кутаётган тизимли муаммолар танқидий-таҳлилий негизда кўриб чиқилди.

Фуқароларнинг судга бўлган ишончини қозонишда соҳа ходимлари олдида турган қатор вазифалар, йўл қўйилаётган ва халқимизни қийнаётган камчиликлар, жамоатчилик билан мулоқотда судлар зиммасидаги муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Бу масалаларнинг барчасини қисқа муддатларда тезкор ва тизимли ҳал этишга қаратилган “Йўл харита”си ҳам белгилаб берилди.

Мазкур йиғилишнинг яна бир эътиборли томони шундаки, давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган масалалар нафақат суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари доирасида муҳокама қилинди. Балки Парламент аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирликлар, кенг жамоатчилик иштирокида очиқ ва шаффоф руҳда ўтган йиғилишда анчайин кескин муаммолар ечими бўйича аниқ амалий таклифлар билдирилди.

Йиғилишда айтилган фикрларни Президентимиз томонидан биз, судьяларга билдирилган навбатдаги юксак ишонч, имконият, қолаверса келгусида фаолиятимиз учун ўзига хос дастуриламал мурожаат   сифатида қабул қилдим.

Албатта, давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган шиддатли ислоҳотларнинг дастлабки натижаларига жамиятимизнинг янгича қиёфаси ва оддий фуқаролар ҳаёти мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Бундай илдам демократик қадамларга бугун халқаро экспертлар ижобий баҳо бераётгани бежиз эмас.

Президентимиз илгари сурган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган хаётий тамойил ҳақиқатан ҳам бизни кабинетдан пастга тушириб, одамлар билан қандай мулоқот олиб бориш лозимлигига ўргатди. Жойларда сайёр қабулларни, сайёр суд мажлисларини қандай ташкил этиш, фуқаролар, тадбиркорлар билан қандай муомалада бўлишни очиқлаб берди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини энг олий қадриятга айлантириш, адолатли суд ҳокимиятини барпо этиш йўлида катта қадамлар қўйилди. Аммо, чиндан ҳам, ҳали фуқароларнинг суд идораларидан рози бўлишига эришиш, суд мажлисларини ошкора ва шаффоф тарзда ўтказиш, журналистлар билан чўчимасдан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш борасида талай муаммоларимиз бор.

Жамиятимизда одил судловга бўлган ишонч ва адолат ҳиссини мустаҳкамлаш, очиқликни таъминлаш, суд органлари ҳаракатларидан норози бўлиб ёзилаётган мурожаатларни камайтириш учун нималарга эътибор беришимиз керак?

Албатта, кимдир ва қайсидир томон судда ютқазиши аниқ. Шунга қарамасдан, биз ҳақ тарафнинг нима сабабдан ҳақлигини, ноҳақ томоннинг эса нима учун ноҳақлигини аниқ далиллар билан эринмасдан обдон тушунтириб беришимиз керак, назаримда. 

Тўғриси, бугун судлар томонидан маҳаллий Кенгашлар олдида берилаётган ҳисоботларда натижадорлик эмас, аксинча “расмиятчилик” кўпроқ кўринаётганга ўхшайди. Судлар у ёки бу йўналиш бўйича ҳисобот тақдим этдими, депутатларимиз қатъий туриб муҳокама қилишлари, қайси маҳаллада ажралиш ёки ҳуқуқбузарликлар кўплиги сабабларини ўрганиб, манзилли сайёр юришларни ташкил этишлари лозим бўлади.

Яқинда Президентимизнинг тарихий Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида белгилаб берилган муҳим вазифалар ҳам ҳар биримизга катта масъулият юклайди. Фармон ижросининг изчил таъминланиши, ҳеч шубҳасиз, одил судлов орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини, обрў-эътиборини оширишда ғоят муҳим қадам бўлиши тайин.  

                                                                                  

Хайруллохон КАМОЛОВ, Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман суди раиси:                                         

– Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида очиқ ва аччиқ танқидий фикрлар билдирилди. Шу билан бирга, узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутаётган муаммоларнинг ҳал этиш йўлларини излаш борасида ўзига хос амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Муҳокамага қўйилган масалаларга мутлақо янгича муносабат яққол сезилиб турди. Теран таҳлилий ёндашув ва билдирилган кўпдан-кўп амалий таклифлар йиғилишга илгари кузатилмаган ўзгача шукуҳ бағишлади, дейиш мумкин.  

Юртбошимиз таъкидлаганидек, кун тартибидаги ҳар иккала масала, яъни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш вазифалари бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Бугунги воқелигимизда уларнинг аҳамияти ўта муҳим.

Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижобий натижа бериши айнан шу омилларга бориб тақалади. Бу эса одил судловни таъминлашга бевосита масъул бўлган судьялар ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари зиммасига улкан масъулият юклайди.

Шу ўринда мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборига соя ташлайдиган, фуқароларимизда ислоҳотлар натижасига ишончни йўқотадиган ва жамиятдаги барқарорликка путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий ҳолатларга судьяларимиз ҳам ўзларининг принципиал муносабатларини билдиришлари лозим, деб айтган бўлардим. Бинобарин, биз инсон ҳуқуқлари паймол этилишининг ҳар қандай кўринишларига муросасиз бўлишимиз шарт.

Яна бир диққатга молик масала: Давлат раҳбари ҳозирги кундаги тергов ишларининг сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслигини таъкидлаш орқали кўпчиликни анчадан буён ўйлантириб келаётган муаммони рўй-рост очиб берди. Саъй-ҳаракатларимизга қарамасдан, фуқароларимизнинг тергов идораларидан норозилик даражаси юқорилигича қолаётгани, мурожаатларнинг салмоқли қисми шу хусусда экани аён ҳақиқат.   

Шу боис, бир қатор мутасадди идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик  касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари юкланди. Бу янги ташаббусни кўпчилик мамнуният билан қабул қилмоқда ва халқимиз бундан катта ўзгаришлар кутмоқда.

Шунингдек, судьяларнинг айрим фаолиятига танқидий баҳо берилиб, баъзи судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказиши қайд этилди. Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши, ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш ҳам жамиятимизнинг бугунги воқелигидан келиб чиқиб, халқимизнинг хоҳиш-иродасига монанд зарурат эканлиги яққол кўриниб турибди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 

Хулоса қилиб айтганда, “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!” дея таъкидлар экан, давлатимиз раҳбари олдимизга аниқ, қатъий ва ҳаққоний талабни қўйди. Биз судьялар учун ушбу талаб муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 

Давра суҳбатини Ғулом Мирзо тайёрлади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech